Мамлакатимизнинг барча соҳаларда тезкор тараққий этишида сиёсий партияларнинг ўрни ва аҳамияти йил сайин ўсиб бормоқда. Бинобарин, Ўзбекистоннинг дунёга юз буриши, қўшни мамлакатлар билан ишончли стратегик ҳамкорликнинг қарор топиши, ижтимоий соҳанинг инсон манфаати муносиб ҳимояланиши ҳисобига ривожланиши, иқтисодий ўсишлар, маданий-гуманитар алмашинувлар, аҳолининг барча қатламлари учун қулай шарт-шароит, таълим соҳасидаги ислоҳотлар, тадбиркорлик учун жозибадор муҳит яратилиши каби тараққиётимизнинг муҳим тамойил нуқталари, аввало, сиёсий партиялар дастурларида ўз аксини топган бўлиб, улар бугунги кунда босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли бугунги кунда кўплаб хорижий сиёсий арбоб ва иқтисодчилар эътиборини қозониб, асосли эътирофга сазовор бўлиб улгурди. Зеро, юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсатни кузатиб бораётган жаҳон экспертлари мамлакатимиз тараққиёт моделини, аввало, инсон манфаатлари ҳимоясига қаратилгани, жумладан, камбағалликни қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини кўрсатиб улгургани, давлатимиз ташқи сиёсатида кенг қамровли ҳамкорлик олиб бораётганини эътироф этмоқда.
Юқоридаги мулоҳазаларни давом эттирар эканмиз, мамлакатимизда сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларини ишлаб чиқиш чоғида ғояларнинг самарадорлик даражасига баҳо бериш мақсадида бир гуруҳ сиёсий намояндалар Европа мамлакатларининг сайлов технологиялари ва хусусан, партиялар томонидан илгари сурилаётган ғояларни ўрганиш мақсадида Польша, Венгрия ва Франция мамлакатлари тажрибасини ўргандилар.
Европа мамлакатлари сиёсий партияларининг ғоявий интилишлари биринчи навбатда ижтимоий соҳа сифатини янада яхшилаш, ёш авлод, хусусан, бола туғилиши кўрсаткичини бир неча баробарга кўтариш масаласини диққат марказига қўймоқда. Шу мақсадда, Польша давлатига тегишли сайловолди дастурларининг асосий йўналишларида қуйидаги нормаларни кўриш мумкин:
– болаларни бепул дори-дармон, эмлаш ва стоматологик хизмат билан таъминлаш (“Польша фуқаролик платформаси” партияси, Польша деҳқон партияси);
– соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш (“Қонун ва адолат” партияси);
– таълим тизимини ислоҳ қилиш, бошланғич таълим тизимини ривожлантириш, таълимга йўналтирилган маблағларни кўпайтириш (“Польша фуқаролик платформаси” партияси, “Янги сўллар” партияси, Польша деҳқон партияси);
– аҳолини уй-жой билан таъминлаш (“Польша фуқаролик платформаси” партияси, “Суверен Польша” партияси, “Польша – 2050” партияси).
Венгрия давлатида ҳам бугунги кунда демографик масаланинг жиддий экани сиёсий партияларнинг сайловолди дастурида яққол намоён бўлмоқда. Шу боис, венгер давлати ушбу масалага иқтисодий жиҳатдан ёндошиб, қуйидаги вазифаларни илгари суради:
— меҳнатга ҳақ тўлашнинг даражасини ошириш;
— солиқ юкини камайтириш;
— оила институтини қўллаб-қувватлаш ва бола туғилишини рағбатлантириш мақсадида субсидиялар бериш;
— туғилиш кўрсаткичи фаол бўлган оилаларга уй-жой масаласида жозибадор кредитлар жорий этиш;
— таълим сифатини янада яхшилаш.
Демография муаммоси Франция давлатида ҳам кун тартибидаги долзарб масалаларидан бири ҳисоблангани боис, унинг сайловолди дастурларида қуйидаги йўналишлар устувор ҳисобланади:
– ижтимоий ёрдамни захиралаш ва ижтимоий уй-жой билан таъминлаш (“Миллий митинг” партияси);
– мамлакат ёшларини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш (“Миллий митинг” партияси, Франция Коммунистик партияси).
Европа давлатларининг сиёсий партиялари ижтимоий соҳага алоҳида урғу берар экан, аҳолининг эҳтиёжманд табақасини турмуш сифатини янада яхшилаш борасида ўз ғояларини илгари суради. Жумладан, Польшада пенсия тизимини ислоҳ қилиш (“Польша фуқаролик платформаси”, “Польша – 2050” партияси), солиқ тизимини аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мослаштириш тўғрисидаги таклифлар қўллаб-қувватланади.
Бу борада Венгрияда қуйидаги ҳолатни кўрамиз:
– барча учун қулай тиббиёт, тиббий суғурта институтини такомиллаштириш (Моментум ҳаракати);
– аҳолига қулай иш шароитини яратиш (Моментум ҳаракати);
– пенсия тизимини ислоҳ қилиш (Моментум ҳаракати).
Франция давлатининг сайловолди дастурларида эса аҳолининг эҳтиёжманд қисмига кўрсатилиши зарур бўлган ғамхўрлик қуйидагиларда ўз ифодасини топади:
– ногиронларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, қариялар уйидаги шароитларни яхшилаш ва пенсияларни инфляцияга қараб қайта индекслаш (“Миллий митинг”партияси);
– шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш ва соғлиқни сақлаш харажатларини тўлиқ қоплаш (“Миллий митинг”, “Исёнкор Франция” партиялари).
Европа мамлакатларининг юқорида келтирилган сайловолди дастурларида акс этган ғоявий йўналишларни Ўзбекистон давлатида инсон манфаатлари ҳимояси бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан солиштирганда ўзаро ҳамоҳангликни кузатиш мумкин. Бинобарин, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғи ёш авлодни ташкил этгани баробарида бизда бола туғилиши билан боғлиқ муаммонинг ўзи йўқ. Меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, солиқ ва тиббиёт соҳасида адолат принципини ўрнатишга бўлган ҳаракатлар эса жаҳонда глобал характер касб этаётганини кўрамиз.
Шу билан бирга, яна бир масалада Ўзбекистон ва Франция давлатининг ижтимоий-сиёсий йўналишлардаги ҳаракатларида уйғунлик мавжуд экани кўринади. Жумладан, Франция сиёсий партиялари томонидан илгари сурилган таклифлардан бири – иш ҳақини ошириш ва қашшоқликни йўқ қилиш масаласидир.
Маълумки, 2020 йилда давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясининг юқори даражадаги йиғилишида қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масаласини кўтарган эди. Табиийки, ушбу ғоя жаҳонда кучли резонансга сабаб бўлиб, дунё мамлакатларининг бугунги тараққиёт палласида бу масала очиқ равишда майдонга келди. Албатта, бу борада Ўзбекистон жаҳонга ўзига хос туртки бергани ва шундан сўнг Европа мамлакатлари, жумладан, Франция давлатининг сиёсий партиялари ҳам ушбу масалани сайловолди дастурида акс эттиргани табиий ҳолдир.
Ўзбекистонда бугунги кунда кўтарилаётган муҳим масалалардан яна бири – миграция. Бу борада Европа мамлакатлари ўзининг сиёсий муҳитидан келиб чиқиб, сайловолди дастурларини тузган. Жумладан, Венгрия ушбу масалага ўзининг миллий манфаатлари доирасида ечим топиш тарафдоридир. Франция эса, бу борадаги тизимни бутунлай ислоҳ этишни мақсад қилган.
Бугунги кун глобал муаммоларидан бири бўлган экология масаласи ҳам Европа мамлакатлари партияларининг сайловолди дастурларидан мустаҳкам жой эгаллаганини кўриш мумкин. Шу боисдан, Польша экология ва атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш (Польша фуқаролик платформаси, Суверен Польша, “Янги сўллар” партияси); Венгрия давлати иқлим ўзгаришига мослаштирилган маҳаллий ўрмонлар барпо қилиш орқали мамлакатдаги дарахтзорлар улушини 2030 йилгача камида 27 фоизга ошириш, 2025 йилга келиб, табиатнинг кушандаси бўлган жараён – кўмир ёқилишини тўхтатиш ва газ билан ишлайдиган электр станциялари қурилишига чек қўйиш; Франция эса йирик экологик лойиҳаларни ишга тушириш (Исёнкор Франция партияси) каби ғояларни илгари сурмоқда.
Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш йўналиши сўнгги йилларда нафақат ижтимоий соҳанинг барқарорлигини таъминлаш, балки мамлакат қонунчилигига хос юксак савиянинг ёрқин ифодаси сифатида қарор топмоқда. Шундай экан, Европа мамлакатлари, жумладан, Венгрия сиёсий партиялари томонидан илгари сурилаётган таклифларда қуйидаги мақсадларни кўриш мумкин:
— коррупция билан кескин кураш олиб бориш;
— агар сиёсатчи ўз мол-мулки ва маблағларининг қонунийлигини исботлай олмаса, уларни мусодара қилиш амалиётини жорий қилиш;
— коррупцияга оид жиноят ишларини ёпиш муддати нафақат узайтирилиши, балки жиноят ишига доир муҳлат бутунлай бекор қилиниши;
— содир этилган оғир жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёш чегарасини камайтириш ва бошқалар.
Бугунги кундаги глобал масалалардан яна бири – ёш авлоднинг муносиб таълим-тарбия олишидир. Шу боис, бу масалага қаратилган диққат-эътиборни барча давлатларнинг сайловолди дастурларида кузатамиз. Бунда ҳар бир инсоннинг таълим олишга бўлган ҳуқуқини мустаҳкамлаш, таълим беришда адолатли бўлиш, таълим олишга эҳтиёжи бўлган аҳолини кенгроқ қамраб олиш ва, энг асосийси, таълим сифатини ошириш борасидаги изланишлар Европа мамлакатлари сиёсий жамоатчилигини ҳам ўйлантираётганига гувоҳ бўламиз. Шунга кўра, сайловолди йўналишларда қуйидаги таклифларни кўриш мумкин:
— таълимнинг энг муҳим вазифаларидан бири ижтимоий тафовутларни кучайтириш эмас, аксинча, мувозанатлашдир. Шунинг учун Венгриядаги мажбурий таълимнинг яна 18 йиллик бўлишига эришиш (Венгрия);
— “В” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқиш, имтиҳонлар ва бошқа жараёнларни бепул қилиш. Бу ўзгариш кўпчилик учун иш топиш, шунингдек, муайян ишхонада ўз имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради. Шунинг баробарида турли таълим муассасалари дипломлари, лицензиялар фақат пул тўлай оладиганларга бериладиган турли тартибларга барҳам бериш (Венгрия);
— миллий таълим комиссиясининг экспертлари ва амалиётчи ўқитувчилари томонидан яратилган ва тасдиқланган амалий ўқув дастурлари ва дарсликларни ҳаётга татбиқ этиш (Польша);
— таълимдаги тенгсизликни камайтириш, давлат ва хусусий мактаблардаги таълим бериш сифатини тенг даражага олиб чиқиш, қуйи синф ўқувчиларини тўлиқ рационли бепул тушлик билан таъминлаш (Польша);
— мактаб ўқувчиларини китоб ва озиқ-овқат билан таъминлаш (Польша);
— университетларнинг ижодий мустақиллигини таъминлаш (Франция).
Юқорида зикр этилган мамлакатларнинг қонунчилиги ва етакчи партияларнинг сайловолди дастурий ғоялари билан танишиш шуни кўрсатадики, бугунги кунда юз бераётган жадал глобаллашув жараёни барча давлатларнинг ўзига хос давлатчилиги ва барқарор ривожланишига таҳдид солаётган бўлишига қарамай, ҳукумат ва сиёсий партияларнинг фаолиятида ижтимоий-иқтисодий масалалар энг долзарб ва устувор бўлиб қолмоқда.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси сиёсий партияларининг дастурий ғоялари негизида қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг айнан инсон манфаати ва халқимизнинг муносиб келажагини таъминлашга қаратилаётгани Ватанимизни яқин йилларда ривожланган давлатлар сафидан ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
