ADOLAT 24

Сайловчилар билан юзма-юз 

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, фуқаролар билан жонли мулоқотлар ўтказмоқда, аҳолининг турмуш шароитларини ўрганиб, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш чораларини кўрмоқда.

Очиқ ва самимий мулоқотларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим соҳасидаги ўзгаришлар, қонунчиликдаги янгилик­лар, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчиликка тушунтирилмоқда.

Жумладан, парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари Зухра Ибрагимова ҳамда қуйи палата депутати Мақсуд Қурбонбоевнинг Хоразм вилояти Гурлан тумани аҳолиси билан учрашувлари ҳам қизғин мулоқотларга бой ҳолда самарали кечмоқда.

Учрашувлар давомида мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, хусусан, янги қабул қилинаётган қонунлар, Президент фармон ва қарорларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кенг тушунтирил­япти. Шунингдек, депутатлар бир қатор ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишиб, аҳоли вакиллари томонидан билдирилган фикр ва таклифларни эшитиб, мавжуд муаммоларни атрофлича ўрганишмоқда.

Хусусан, Гурлан туман ҳокимлигида “Маҳалла еттилиги” вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Қонунчилик палатаси томонидан яқинда қабул қилинган ер участкаларига бўлган ижара ва мулк ҳуқуқини эътироф этишга қаратилган қонуннинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Мулоқотлар чоғида иштирокчилар томонидан айрим масалалар бўйича бир қатор саволлар ўртага ташланди. Депутатлар берилган барча саволлар юзасидан атрофлича жавоб беришди.

Спикер ўринбосари З.Ибрагимова тумандаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлди. Бу ерда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиш­лари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, сўнгги йилларда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Хоразм вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфурат Хушвақтова Миришкор туманидаги “Янги Жейнов”, “Оқмачит”, “Янги Миришкор”, “Обод”, “Помуқ” МФЙ аҳолиси билан учрашувларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. 

Миришкорликлар ўзларини қий­наб келаётган муаммоларни очиқ-ойдин баён этишди. Натижада ички йўллар, газ, электр энергияси, сув таъминотидаги узилишлар, бандлик, тадбиркорлик, тиббий хизмат билан боғлиқ бошқа камчилик­лар депутат саъй-ҳаракати билан дарҳол таъминот корхоналари ва масъул раҳбарлар томонидан инобатга олиниб, ижроси таъминланадиган бўлди.  

Миришкор маҳалласида 645 та хонадон бўлиб, уларда 3410 нафар аҳоли умргузаронлик қилади. Депутат аҳоли хонадонларида бўлиб, фуқароларни ташвишлантираётган масалалар билан қизиқди. 

– Маҳалламизда бозор йўқ, – деди фуқаро Ҳилола Аҳмедова. – 17 километрлик ички йўлларга асфальт ётқизиш керак. Маҳалламиздаги 12 та ички йўллар таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Маҳалламиз болалари таълим-тарбия оладиган 40-умумий ўрта таълим мактабига эса қўшимча ўқув биноси ва спорт зали керак… 

Депутат фуқаролар мурожаатларини ўрганиб, кундалик ҳаётда аҳолини ташвишга солиб келаётган муаммоларни туман миқёсида мутасаддилар иштирокида ечим топишга ҳаракат қилишини айтди. 

Махфурат Хушвақтова туманда фаолият юритаётган кийим-кечак маҳсулотлари ва томат ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарда ҳам бўлиб, ишчи-хизматчилар билан суҳбатлашди. Кийим-кечак ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонада фаолият юритаётган 155 нафар ишчининг қарийб 140 нафари уйда ўтирган хотин-қизлар экани депутатни хушнуд этди. Махфурат Хушвақтова келгусида янги лойи­ҳалар асосида корхона цехларини янада кенгайтириб, туманда етиштирилаётган пахта хомашё­сини шу ернинг ўзида қайта ишлаб, яна юзлаб ишсиз аёлларимизнинг бандлигини таъминлаш имконияти юзасидан тавсия­лар берди.  

Қашқадарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Ҳалоллик вакцинаси — тараққиёт гарови

admin

ЎНТА МУҲИМ ТАШАББУС: Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг янги даври

admin

БЛЭКАУТ Бу нима дегани?

admin