ADOLAT 24

“Адолат” СДП янги таҳрирдаги Конституция аудио китобини тақдим этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида партиямиз томонидан яратилган Конституциямизнинг аудио китоби тақдимоти тадбир ташкилотчилари ва иштирокчилари учун таассуротларга бой ўтди.

Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова йиғилганларга партия ташаббуси билан яратилган Бош қомусимизнинг аудио китоби аҳолининг кенг қатлами учун мўлжалланган бўлиши билан бир қаторда, давлат бошқаруви тизимида фаолият юритаётган кадрларнинг меҳнат фаолияти ва малакасини оширишда яқин кўмакчи бўлишини таъкидлаб ўтди. Тадбир давомида партия раҳбари академия ректори Адҳам Бекмуродовга аудио китоблар тўпламини топширди. 

Тақдимотда академия ректори партия фаоллари томонидан яратилган Асосий қонунимизнинг аудио китоби жамиятимизда ҳуқуқий саводхонликни оширишда ижобий самара беришини алоҳида эътироф этиб, партия томонидан тақдим этилган аудио китоб­лар келгусида академия ахборот-ресурс марказига жойлаштирилиши ва ушбу муассаса тинг­ловчиларига ўқув ва меҳнат фаолиятларида зарурий қўлланма сифатида асқотишини таъкид­лаб ўтди.

***

Жорий йилнинг 30 апрель санасида Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг қабул қилинганлигига бир йил тўлганлиги муносабати билан Ўзбекис­тон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида янги таҳрирдаги Бош қомусимизнинг аудио китоби тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Партия фаоллари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда, партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова йиғилганларга янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудио китоби аҳолининг кенг қатлами, хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини юксалтиришда ижобий самара бериши, халқчил нормаларнинг кенг тарғиб қилишдаги афзалликлари ҳақида маълумот берди. Партия раҳбари тадбир давомида аудио китоблар тўпламини университет кутубхонасига совға сифатида олийгоҳ ректори Илҳом Тўхтасиновга топширди.

Шунингдек, тадбирда сўз олган партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроев иштирокчиларга аудио китоб борасида партиянинг режалари ҳақида маълумот бериб, келгусида Конс­титуциямизнинг аудио китобини бош­қа олий ва ўрта таълим муассасалари, имконияти чекланганлар билан ишлаш жамиятлари ва, албатта, Миллий кутубхона тизимидаги ахборот ресурс марказларига ҳам бепул етказилиши кўзда тутилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, мазкур тадбир доирасида “Хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, оилада зўравонликнинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати ҳам ташкил этилди.

Давра суҳбатида сўз олганлар мамлакатимизни келгуси етти йилликда ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида жамиятда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш борасидаги аниқ вазифалар белгиланганлиги борасида сўз юритдилар. Аёл-қизларимизнинг иқтидори ва орзу-истакларини юзага чиқариш борасида кенг имкониятлар яратилаётганлиги эъти­роф этилди. Бу борада партия томонидан янги таҳрирдаги Конс­титуциямизнинг аудио китоби яратилиши ҳам нозик хилқат эгаларининг ўз ҳуқуқларини теран англашларига хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Тадбир якунида партия вакилларига университет жамоаси ва талаба-ёшлар томонидан миннатдорлик билдирилди ҳамда партияга аъзо бўлиш истагини билдирганларга аъзолик гувоҳномалари топширилди. 

***

Шу куни Тошкент давлат юридик университетида ҳам Бош қомусимизнинг аудио китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Юридик кадрларни тайёрлаш бўйича мамлакатимизда таянч олий ўқув ва илмий-услубий муассаса ҳисоб­ланган даргоҳда тақдимот тадбири ҳам ўзгача мазмун-моҳият касб этди.

Партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Тошкент шаҳар кенгаши фаоллари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда партия Сиё­сий Кенгаши раиси Робахон Махмудова йиғилганларга партия ташаббуси билан яратилган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудио китоби аҳолининг кенг қатламига мўлжалланган бўлиши билан биргаликда мазкур олийгоҳ талаба-ёшларига ҳам ўқув жараёнларида Бош қомусимиздаги халқчил нормаларнинг мазмун-моҳиятини теран анг­лаш, мамлакатимиз қонунчилиги асосини чуқур ҳис этишда яқин кўмакчи бўлишини таъкидлаб ўтди. Партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроев тадбирда янги таҳрирдаги Конс­титуциямизнинг аудио китоби ҳақида бафуржа тўхталиб, партия келгусида мазкур аудио китобдан университет тизимидаги барча юридик техникумларга бепул етказиб беришни режалаштирганлигини айтиб ўтди.

Партия раҳбари университет кутубхонаси учун совға сифатида аудио китоблар тўпламини университет ректори Исломбек Рустамбековга топширди. Тадбир якунида университет ректори Исломбек Рустамбеков партиянинг аҳоли, хусусан, ёшлар ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришдаги ташаббусларини эътироф этиб, самимий миннатдорлигини билдирди.

Юртимиз бўйлаб янги таҳрирдаги конституциямизнинг “Адолат” СДП томонидан яратилган аудио китоби тақдимотлари давом этмоқда.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

ТАШҚИ СИЁСАТИМИЗНИНГ УЛКАН ЮТУҒИ

admin

МЕТИН ИРОДА СОҲИБИ

admin

Халқимиз кўнглидаги иш бўлди!

admin