ADOLAT 24

Адолат ва тенг ҳуқуқ таъминланишига эришамиз

 Янги Ўзбекистонда халқ хўжалигининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли исло­ҳотлар, янгиланишлар замирида фуқароларнинг янги таҳрирдаги Конституциямизда кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадлари мужассам.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг Қашқадарё вилоятига сафари Қарши аэропортида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти иш фаолияти билан танишувдан бош­ланди. 

 Дарвоқе, бошланғич партия ташкилоти партиянинг асосий таянчи, бўғини ҳисобланади. Партия ишини юқори поғонага кўтариш, тарғибот тадбирларини, партия лойиҳаларида илгари сурилаётган ғояларни кенг халқ оммасига етказишда БПТнинг ўрни катта бўлаётир. Қарши аэропорти БПТсига 30 нафар “Адолатчи” уюшган. Партия фаоллари жамоатчилик фикрининг шаклланишида, аҳолининг турли қатлами қонуний манфаатини мустаҳкам ҳимоя қилишда намуна бўлишаётир. Бундан ташқари, БПТ аъзолари партия­вий ишларни янада жонлантириш учун ижтимоий-сиёсий йўналиш­ларда юқори партия ташкилотига таклифлар беришда ҳам ўзгача фаоллик кўрсатишаяпти. Улар янги таҳрирдаги Конституция тарғиботи, демократик жамият пойдевори ҳисобланган аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, БПТ фаолиятини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Партия раҳбари БПТ иш фаолияти билан яқиндан танишаркан, аъзолар сонини кескин кўпайтириш, партия лойиҳалари доирасидаги тадбирлар сифатини яхшилаш, одамларнинг ҳар бир мурожаати эътибордан четда қолмаслигини таъминлаш лозимлигини таъкидлади. 

Қарши аэропортида партия раҳбари Робахон Махмудова “Адолат” СДП­га аъзо бўлиш истагида ариза топширган Диана Ҳусанова, Тамила Ҳикматова, Эрали Жўраев, Рустам Бойназаров каби 10 нафар ходимларга аъзолик гувоҳномаларини тантанали равишда топширди. 

Биз сиёсий кучга янги аъзо бўлган фуқаролар билан суҳбатда бўлдик. 

– Менга “Адолат” СДПнинг жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, барча соҳада очиқлик, ошкоралик, шаффофлик ва тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари ёқади, – деди Зуҳриддин Усмонов. – Шу туфайли ҳам “Адолат”ни танладим. Ҳеч иккиланмасдан аъзо бўлдим. 

Дарвоқе, шу куни респуб­лика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилоят филиали ва Қашқадарё вилояти кардиология марказида ҳам Робахон Махмудова иштирокида тиббиёт ходимлари билан учрашув ташкил этилди. Унда Робахон Махмудова партиямиз электоратининг кўпчилик қисмини ташкил этадиган тиббиёт ходимларини ижтимоий муҳофаза этиш, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳани халққа янада яқинлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тушунча берди. Учрашув якунида иккала тиббиёт муассасасида 60 нафар саломатлигимиз посбонлари “Адолат” СДП аъзоси бўлишди. Уларга аъзолик гувоҳномаларини Робахон Махмудова топширди. Иккала тиббиёт муассасасида ҳам партиянинг янги бош­ланғич ташкилоти тузилди ва унинг раислари ҳам сайлаб олинди. 

Робахон Махмудова қашқадарёлик партиядошлар томонидан сиёсий куч дастурий мақсад вазифаларининг амалга оширилиши, белгиланган лойи­ҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида қилинаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишиш учун вилоят кенгаши биносида фаоллар билан мулоқот қилди. Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг туман, шаҳар кенгашлари раислари, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. 

Учрашувда вилоят кенгаши ўз фаолиятини партиянинг Устави ва Сайлов­олди дастурида илгари сурилган вазифаларга мос ҳолда ташкил этаётгани қайд этилди. Шунингдек, партия ташкилотларида партиявий интизомни мус­таҳкамлаш, аъзолар сонини янада ўстириш, халқ орасида кўпроқ нуфузга эга бўлиш учун бош­ланғич ташкилотлар ишини кес­кин кучайтириш, кадрларни танлаш, тарбия­лаш, заҳирасини мустаҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушуми режаси сўзсиз бажарилишини таъминлаш учун бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш, тарғибот-ташвиқот ишларини шу кун талаби асосида жонлантириш, “Адолат” СДП аъзоларининг сиёсий билимларини ошириш каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди. 

Халқ иродаси, ўтказилаётган ислоҳотларга юртдошларимизнинг фаол муносабати орқалигина Янги Ўзбекис­тонни барпо этиш йўлидаги мақсад ва вазифаларга эришиш мумкин. Албатта шу нарсанинг ўзи “Адолатчи”лардан масъулликни янада оширишни тақозо этади.

– Бунинг учун кўпроқ одамлар орасида бўлиб, дарду-ташвишларини тинглаб, муаммоларини биргаликда ҳал этиш талаб этилади, – деди Робахон Махмудова. – Биз “Адолатчи”лар барча жабҳада фаол ва ташаб­бускор бўлмоғимиз лозим. 

Партиянинг вилоят кенгаши томонидан “Муаммо билан юзма-юз” лойи­ҳаси доирасида 250 дан ортиқ учрашув, тадбирлар ўтказилган. Мазкур ўрганишларда аҳоли томонидан 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлар асосида масъул идораларга 50 та депутатлик сўровлари юборилган. 43 та мурожаат эса ижро этувчи ҳокимият идоралари томонидан ҳал этилган. Қолганларига эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Биргина шу йилнинг ўтган ойларида партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 59 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган.

Умуман олганда, партия ишчи гуруҳлари томонидан қилинаётган ишлар, эришилган ютуқларни эътироф этиш билан бир қаторда фаолиятдаги баъзи камчиликлар, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ижобий ҳал этиш, ҳуқуқий тарғибот кўламини кенгайтириш, ҳамкор ташкилотлар билан алоқани янада мус­таҳкамлаш масалаларига алоҳида эъти­бор қаратилди. 

Партия етакчиси Робахон Махмудованинг вилоят аҳолиси ва партия фаоллари билан учрашувлари давом этмоқда. 

Комил Сахатов, 

Қашқадарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

КУЧЛИ ВА САМАРАЛИ ТИББИЁТ ТИЗИМИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ – ХАЛҚПАРВАР ДАВЛАТНИНГ ЭНГ АСОСИЙ ВАЗИФАСИ

admin

Шурхок ерларда кўркам боғлар яратилади

admin

Она тили умуммиллат мулкидир…

admin