ADOLAT 24

Электр токи билан балиқ овлаганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда

Ҳозирда ҳаётимизда учраётган иллатлардан бири – сув ҳавзаларида ноқонуний усуллар ёрдамида балиқ овлаш билан боғлиқ. Айниқса, электр токи ёрдамида балиқ овлаш оқибатида сувдаги жонзотлар қирилиб кетиши ҳолатлари содир бўлмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, сувга электр токи юборилганда 10-15 метргача радиусдаги минглаб балиқчалар қирилиб кетади. 

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида долзарб вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида биргина 2024 йилнинг ўтган 3 ойи мобайнида 39 та ана шундай ҳолат аниқлангани таассуф билан қайд этилди. 

Электр ёрдамида балиқ овлаш оқибатида наинки балиқлар, балки сувдаги барча катта-кичик жонзотлар қирилиб кетаётгани ўта ташвишланарли ҳолдир. Энг ёмони, бундай ҳолатлар ҳатто балиқларнинг увилдириқ қўйиш мавсумида, яъни балиқ овлашга тақиқ қўйилган пайтда ҳам кузатилаётгани дард устига чипқон бўлмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, балиқ овлашнинг бундай қабиҳ усули қонунчилигимизда тақиқланган. Чунончи, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида сув ҳавзаларида махсус рухсатномаларсиз балиқ овлаш тақиқланган ва балиқ овлашни амалга ошириш чоғида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қоидаларда тақиқланган қуролларни ҳамда овлаш усулларини қўллашга йўл қўйилмаслиги белгиланган. 

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддасида эса ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунё­сидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган. 

Кўриб турганимиздек, қонунчилигимизда жазо чораларининг енгиллиги браконьерларга жуда қўл келмоқда. Улар “нари борса, жарима тўлаб қутуламан” қабилида иш қилмоқдалар. 

Биз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, балиқ овлашнинг бундай ноқонуний усулига бутунлай чек қўйиш пайти келди, деб ҳисоблаймиз. Ҳозирда ишчи гуруҳ тузган ҳолда электр токи ёрдамида балиқ овлаганлик учун жазо чораларини кучайтириш, жумладан, Ўзбекистон Респуб­ликасининг Жиноят кодексига алоҳида модда киритиш масаласи ўрганиб чиқилмоқда. Тез орада бундай манфур усулда балиқ овлаш жиноят сифатида малака қилинса, ажаб эмас.

Қодир Жўраев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Tegishli xabarlar

Конференция олдидан фаол фахрийлар ва ёшлар билан самимий суҳбат бўлиб ўтди

admin

Сайловчилар олдидаги мажбуриятлар бажарилмоқда (Маҳаллий кенгаш депутатлари фаолиятидан)

admin

Биз сувни эмас, авлодлар ризқини исроф қилаяпмиз!

admin