Ўзбек халқининг буюк адиби Абдулла Қодирий 1894 йилнинг 10 апрелида Тошкент шаҳри Бешёғоч даҳаси “Эшонгузар” маҳалласида Қодир бобо ва Жосият биби оиласида дунёга келади. У дастлабки таълимни эски мактабда олади, кейин 1908-1912 йиллар оралиғида рус-тузем мактабида ўқийди. Бу мактабни битирганидан сўнг бир бойнинг дўконида мирза бўлиб ишлайди.
ХХ асрнинг бошларида юртимизда жадидчилик ҳаракати кучайган, халқимизни илм-маърифатли қилиш йўлида янги газета ва журналлар фаолият юрита бошлаган давр эди. Бадиий адабиётга иштиёқманд бўлган маърифатпарвар жадид Абдулла Қодирий 1914-1916 йилларда “Бахтсиз куёв”, “Жувонбоз”, “Улоқда”, “Жинлар базми” каби насрий асарлар, миллатни илм-маърифатга тарғиб қилувчи ғазаллар, шеърлар ёзади. Унинг асарлари ўша даврдаги газета ва журналларда нашр этилади. Ёш ижодкор билимини ошириш мақсадида 1916-1917 йилларда шаҳардаги Абулқосим (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биноси ёнидаги) мадрасасида таълим олади.
1917 йилдаги инқилоблардан кейин Абдулла Қодирий турли соҳаларда ишлайди, лекин асосий фаолияти газета ва журналларда мухбирликда кечади. 1923 йилда “Муштум” сатирик журналининг нашр этилишида асосчилардан бири бўлди. Журналнинг 2-сонидаги адиб томонидан ёзилган “Муштум таърифинда” деб номланган бош мақола ҳам унинг ушбу мажалланинг етакчиларидан бири бўлганлигини исботлайди. Айни пайтда ўтган асрнинг 20-йилларида Абдулла Қодирийнинг “Тинч иш”, Тошпўлат тажанг нима дейди?”, “Шарвон хола нима дейди?”, “Калвак маҳзумнинг хотира дафтаридан”, “Қавоидул-умаро” (“Амирларнинг қоидалари”) каби сатирик асарлари “Тонг”, “Муштум” журналаларида, “Қизил Ўзбекистон” газетаси ва бошқа нашрларда чоп қилинади. Бу асарларни у “Жулқунбой”, “Думбул”, “Шаккок”, “Норин шилпиқ” каби кўплаб тахаллуслар билан эълон қилдиради.
Халқимиз қадим-қадимдан бадиий адабиётга алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўлиб келган. Минглаб йиллар давомида яратилган назмий асарлар – шеърлар, ғазаллар, достонлар, шоирлар девонлари халқнинг улуғвор бойлигига айланган. Шу билан бирга адабиётимизда асрларни қаритган насрий асарлар – кўплаб эртаклар, ривоятлар, ҳикоятлар, масаллар, қиссалар битилган. Улар қадимда турли илмий ижодий анжуманларда, иншо мажлисларида ўқилган. Лекин ХХ аср ҳаётда нафақат ижтимоий ўзгаришлар бўлишини заруратга айлантирди. Айниқса, ҳикоя қисса, роман жанрлари адабиётимизда бўй кўрсатиши ҳаёт талабига айланди. Бу хусусда Абдулла Қодирий шундай деб ёзади: “Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдиқ, бас, ҳар йўсунда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашишимиз ва шунга ўхшаш достончилиқ, рўмончилиқ ва ҳикоячилиқларда ҳам янгариш (янгиланиш)”га, халқимизни шу замоннинг “Тоҳир ва Зуҳра”лари, “Чор дарвеш”лари, “Фарҳод ва Ширин” ва “Баҳромгўр”лари билан таништиришка ўзимизда мажбурият ҳис этамиз”.
Адиб қалбида шу мажбуриятни ҳис этибгина қолмади, балки уни ижодий фаолиятида амалга оширишга ҳам киришади. 1918-1920 йилларда тўплаган материаллари асосида ўзбек адабиётида биринчи бўлиб роман ёзади. “Ўтган кунлар” деб аталган бу романнинг дастлабки боблари 1922 йилда “Инқилоб” журналида чоп этилади. 1925-1926 йилларда “Ўткан кунлар” уч бўлимдан иборат китоб ҳолида нашрдан чиқарилади. Ўзбек халқи тарихидан, Қўқон хонлигининг энг оғир, адиб ибораси билан айтганда “энг кир даври”дан ҳикоя қилувчи ва Отабек ҳамда Кумушнинг оташин муҳаббатини, халқимиз бошига тушган қийинчиликларни акс эттирувчи бу асар нашрдан чиқиши биланоқ миллионлаб китобхонларнинг эътиборини қозонди. Ижод аҳли асарга юксак баҳо берди. Немис адабиётшунос олими Ниета Тун “Абдулла Қодирий бугунги кунда ўз мамлакатида ҳам, чет элларда ҳам жуда кучли қизиқиш уйғотган “Ўтган кунлар” романи муаллифи сифатида Ўрта Осиё адабиётининг ўша йиллардаги тўлқинли тараққиётининг бошида турган эди” деб улуғлайди. Рус шарқшуноси Евгений Бертельс эса “Дунёда бешта, яъни француз, рус, инглиз, немис ва ҳинд романчилик мактаблари бор эди, энди олтинчисини, яъни ўзбек романчилик мактабини Абдулла Қодирий яратиб берди” деб адиб асарига юксак баҳо беради.
Абдулла Қодирий кейинчалик “Меҳробдан чаён”, “Обид кетмон” асарларини ёзди, Гоголь, Чехов ва бошқа ижодкорлар асарларини таржима қилди. Улуғ адибнинг режалари кўп эди. Амир Умархоннинг канизаги, Намоз ботир ҳақида асарлар ёзишни ният қилганди. Аммо ўтган асрнинг 30-йилларида шўролар қатоғонининг қурбонига айланди. Ҳаётда 44 йил умргузаронлик қилган адибдан адабиётимиз, маънавиятимиз, маданиятимиз учун, халқимиз учун кўплаб асарлардан иборат боқий мерос қолди. Бу мерос барча даврларда, барча халқлар учун мангу хизмат қилади.
Мавлуда Элмуродова, Зилола Толипова,
Шамсия Шарипова,
ТДЮУ АРМ ходимлари