ADOLAT 24

Депутатлик гуруҳларида: Аҳоли кўнглига йўл топаётганлар

Миришкор Қашқадарё вилоятининг чекка туманларидан ҳисобланади. Туркманистон Республикаси билан ерлари туташиб кетган. Халқи асосан чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланиб келади. Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлар боис аҳолининг фаровонлиги янада юксалиб, иқтисодиёт тармоқлари кенгайди. Тадбиркорлик ривожланди. Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари таъминланди. 

– Яқингача туманимизда Жейнов пахта тозалаш заводи бор эди, холос, – дейди партия туман кенгаши раиси Тўлқин Хидиров. – Ҳозир эса тадбиркорларни халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари қўллаб-қувватлаши билан ун заводи, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш фабрикаси, металлни қайта ишлаш, гўшт ва сутни қайта ишлаш, томат ва кетчуп ишлаб чиқариш корхоналари ишга тушди. 

Яқинда депутатлик гуруҳи аъзолари ташаббуси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфурат Хушвақтованинг кўмаги билан трансформатор ишлаб чиқариш корхонаси лойиҳаси амалга оширилди. Олиб борилган ислоҳотлар натижасида ўтган йили туманда 737,8 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Янги лойиҳалар ишга туширилиши эвазига 1088 та янги иш ўринлари яратилди. 

Депутатлик гуруҳи аъзолари барча жабҳада одамларга яқиндан кўмакдош бўлишмоқда. Айниқса, депутатлик гуруҳи раҳбари Абдижаббор Кенжаев партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида”, “Сиёсий ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори”, “Эркин ва фаровон демократик Ўзбекистон давлатини биргаликда барпо этамиз”, “Депутат халқ учун” лойиҳалари юзасидан ўтказилган тарғибот, маданий-маърифий тадбирлардаги чиқишлари билан аҳолининг “Адолат” СДПга бўлган ишончини оширмоқда. Депутат иш режа асосида фуқаролар билан мунтазам мулоқотда бўлади. Жорий йилнинг январь, февраль, март ойлари режасига асосан Нав­баҳор, Миришкор қиш­лоғи ва “Ўзбекистон” МФЙ аҳолиси билан юзма-юз мулоқотга киришганда ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар Шерали Гулмирзаев, Эркин Қобилов, Дилафруз Раҳмоновалар мурожаат қилишди. Депутат уларнинг мурожаатларини ўрганиб, Шерали Гулмирзаев ва Эркин Қобиловларнинг уй-жойларини ҳомийларни жалб этган ҳолда ҳашар йўли билан таъмирлаб берди. Миришкор қишлоғида яшовчи боқувчисини йўқотган Дилафруз Раҳмонова оиласи эса керакли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.

Депутат муборак Рамазон ойида “Ўзбекистон” МФЙда истиқомат қилувчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган Гулжамол Раззоқова хонадонида бўлиб, унинг ҳолидан хабар олди. Партиядошимиз саъй-ҳаракати билан ёрдамга муҳтож оиланинг ҳовлиси ободонлаштирилди. Оилани камбағалликдан чиқариш учун Ўзбекистон МФЙ ҳудудидан 0,50 гектар ер сабзавот, полиз экинлари экиб, фойдаланиш учун Гулжамол Раззоқовага олиб берилди.

Абдижаббор Кенжаев соғлиқни сақлаш фидойиси. У депутат сифатида умумтаълим мактабларида тез-тез бўлиб туради. Яқинда 6-сонли умумтаълим мактабидаги таълим-тарбия жараёнларини ўрганди. Аниқланишича, синф­ларда давомат паст. Депутат дарсга сабабсиз келмаётган ўн нафар ўқувчининг ота-оналари билан учрашиб, ҳуқуқий тушунча берди. Мактабдаги бошқа камчиликларни бартараф этиш учун мактаб масъуллари ўртасида тегиш­ли тартибда суҳбат ўтказди. Шунингдек, Абдижаббор Кенжаев тумандаги 16-сонли мактабгача таълим ташкилотида камолга етаётган ўғил-қизларга яратилаётган шароитларни ҳам кўздан кечириб, бу ерда санитария-гигиена талаблари бузилаётгани, қолаверса, жажжилар учун тайёрланадиган овқатларга гўшт ва бошқа масаллиқлар кам солинаётгани учун боғча масъулларига танбеҳ берди. 

Дарҳақиқат, депутатлик гуруҳи раҳбари иш фаолиятида асосий эътиборни одамлар билан мулоқот қилишга қаратмоқда. Аҳоли билан очиқ мулоқот, партия қошида очилган “Адолат қабулхонаси” ишини янги, замонавий қарашлар асосида ташкил қилиш, жойларда депутатларнинг аҳоли билан юзма-юз мулоқоти биринчи вазифа қилиб белгиланган. Натижада жорий йилнинг ўтган уч ойида депутатлик гуруҳи аъзолари мурожаатчилар билан ўттиздан ортиқ учрашувлар ўтказиб, уларда кўтарилган масалаларнинг барчасини ижобий ҳал этишга эришдилар. 

Депутат жорий йилнинг 20 февраль куни аҳоли билан мулоқотга киришганда “Ободон”, “Нурафшон”, “Миробод” МФЙ лари фуқаролари маҳаллаларни ўзаро боғлаб турувчи маҳаллий йўл носозлигидан шикоят қилишган эди. Ўрганиш­ларда аҳоли эътирози ўринли эканлиги аниқланди. Муаммони бартараф этиш, одамларга қулайлик яратиш учун депутат туман йўллардан фойдаланиш УК раҳбари номига депутатлик сўрови юборди. Айни пайтда корхона ишчи-хизматчилари томонидан маҳалла йўлига қум-шағал тўкилиб, жорий таъмирланди. Одамларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммо бартараф этилди. 

Юқорида қайд этганимиздек, депутатлик гуруҳи аъзолари одамлар кўнг­лига йўл топиб, дардига қулоқ тутиб, “Адолат” СДПнинг нуфузини оширишга ҳаракат қиляптилар. Гуруҳ аъзоси Назира Тўраева “Навбаҳор” МФЙ аҳолиси билан учрашганида маҳалла фуқаролари номидан Сардор Бўриев ички йўлларга кўча чироқлари ўрнатиш ҳамда хонадонларга ичимлик суви меъёрида етиб келиши учун оқовасув корхонасини насос билан таъминлашда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Депутат тегишли ташкилотларни жалб этган ҳолда муаммони ҳал этишга муваффақ бўлди. Ҳозир маҳалланинг ички кўчаларида тунда ёритиш чироқлари порлаб турибди. Тоза ичимлик суви етиб бормайдиган оилалар ҳам оби-ҳаётдан баҳраманд бўлмоқда. 

11-Аввона сайлов округидан сайланган депутатлик гуруҳи аъзоси Сарвиноз Абдуллаева ҳам халқ ишончини оқлаш учун ҳаракат қилмоқда. У “Адолат қабулхонаси”га фуқаролардан келиб тушаётган ёзма ва оғзаки мурожаатларни ўз вақтида ижобий ҳал этиб келаётир. “Аввона” МФЙ фуқароси Муродилло Авазов йил бошида маҳалла ички йўллари таъмирталаб ҳолга келиб қолганидан “Адолат қабулхонаси”га ёзма мурожаат қилган эди. Депутат партия туман кенгаши фаоллари билан фуқаро мурожаатини ўрганиб, маҳалланинг икки километр узунликдаги ички йўлларига тош-шағал ётқизишга эришди. Бундан ташқари, Сарвиноз Абдуллаева олийгоҳда ўқиётган 2 нафар кам таъминланган оила фарзандларининг контракт пулини ўз вақтида ўтказиб беришга кўмаклашди. Шунингдек, 3 нафар тўшакда ётиб қолган беморга маб­лағ йўқлиги учун жарроҳлик амалиёти ўтказилмасдан келинаётган эди. Депутат бу муаммони тегишли идоралар билан келишган ҳолда бартараф этди. Беморларда зарур жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди. 

“Адолат” СДП Миришкор туман кенгаши ва халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзоларининг жойлардаги учрашувлари давом этмоқда.

Қашқадарё вилоят кенгаши 

матбуот хизмати 

Tegishli xabarlar

КОМИЛ АВЛИЁЛАР ПИРИ

admin

Ўзбекистон ислоҳотчи давлатга айланмоқда

admin

Шоҳида ИСМОИЛОВА: томошабиннинг эътирофи — санъаткорнинг бахти

admin