ADOLAT 24

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда халқ билан мулоқот қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Зуҳра Ибрагимова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида бўлиб, иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.

Мазкур ўрганиш якунлари халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Янгиер шаҳрида жорий йилнинг январь-март ойида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 106,1 фоизни ташкил этган. Кўпгина йўналишлар, хусусан, қурилиш ишлари, чакана савдо айланмаси, хизматлар соҳасида ҳам яққол ўсиш кузатилган.

Шаҳарда асосий турдаги истеъмол маҳсулотлари нархларини барқарор сақлаш бўйича маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали инфляцияни жиловлаш ҳамда маҳсулотларнинг нархлари юзасидан доимий мониторинг олиб бориш ва нархлар кескин ўсишига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.

Сессияда барча соҳада амалга оширилаётган ишлар қайд этилиб, саноатда таннархни янада камайтириш, корхоналарда қўшилган қийматни ошириш, янги имкониятларни ишга солиш, жорий йил якунига қадар ҳудудий ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатини 10,7 фоизга оширишга эришиш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтирган корхоналарни тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриш, кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг қувватларини босқичма-босқич ошириш бўйича ҳам таклифлар илгари сурилди.

***

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев 31-Вобкент сайлов округида сайловчилар билан қатор учрашувлар ўтказди. 

Жумладан, у Вобкент тумани ҳокими Ф.Умаров билан бирга навбатдаги фуқаролар қабулида иштирок этди. Қабулда турли ариза ва мурожаатлар билан келган 29 нафар фуқаро билан юзма-юз суҳбат ўтказилиб, уларнинг таклиф ва муаммолари эшитилди. Фуқаролар қабул пайтида беморларга тиббий амалиёт ўтказишда моддий ёрдам ажратиш, нотурар бинони ҳужжатлаштириш, аҳоли томорқаларига ариқ тортиш, арзон уй-жой харид қилиш учун субсидия ажратиш, ўқиш учун контракт тўловини тўлашга кўмаклашиш, электр трансформатор ўрнатиш, қурилган бинонинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, кўчма дўкон ташкил қилиш, эски масжидни таъмирлаш, иссиқхона қуриш, Вобкент тарихига оид китоб нашр қилиш, иш билан таъминлаш каби масалаларда амалий ёрдам сўрадилар. Баъзи муаммолар жойида ҳал қилинган бўлса, айрим масалалар юзасидан тегишли ташкилотлар мутасаддиларига зарур кўрсатмалар берилди. 

Қонунчилик палатаси депутати Қ.Жўраев Вобкент тумани халқ таълими бўлими мудири М.Фармонов, Вобкент тумани халқ қабулхонаси мудираси Л.Шарипова билан бирга тумандаги 34-мактаб жамоаси билан ҳам учрашув ўтказди. Ушбу мактаб тумандаги энг илғор мактаблардан бири бўлиб, 2023 йилда мактаб битирувчиларининг ОТМга кириш кўрсаткичлари 70 фоиздан ошган. 

Учрашувда депутат юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинаётган янги қонунлар ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди. Мактабда таълим-тарбия ишларининг сифатини янада ошириш, хусусан, касб-ҳунар таълимига эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Учрашув қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. Тадбир сўнггида 34-мактаб директори И.Аслонов ўқувчилар учун спорт зали қурилишига ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилди. Ушбу мурожаатни депутат туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар билан бирга маслаҳатлашиб, ижобий ҳал қилиш чораларини кўришини маълум қилди. 

Депутат Вобкент тумани “Ўзбакон” МФЙ жамоаси билан учрашиб, маҳалла еттилигининг фаолияти билан танишди. МФЙ раиси Т.Сафаров маҳаллада аҳолини иш билан банд қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳақида маълумот берди. 

Шунингдек, депутат “Арметон” қиш­лоғида истиқомат қилаётган 90 ёшли Жалил бобо Тешаев билан учрашди. Самимий суҳбат жараёнида Жалил бобо мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлардан жуда мамнун эканини билдириб, бу борада ҳали эътибор қаратиш зарур бўлган айрим масалаларни санаб ўтди. Жумладан, “Хайрхўш-Ҳайработча” йўналишида автомобиль йўлининг бир қисми таъмирланган бўлса-да, қолган 5-6 километр­лик қисми таъмирга муҳтожлигича қолмоқда. Шунингдек, XIII асрда аждодларимизнинг юксак бадиий савияси ва маҳорати билан барпо этилган, яқиндагина ЮНЕСКО­нинг Бутунжаҳон ёдгорликлар рўйхатига киритилган ноёб обида – Чашмаи Айюб мақбарасини зудлик билан реставрация ва консервация қилиш зарур. Ушбу обида совет даврида бутунлай қаровсиз эди. Бугунги кунга келиб, у бутунлай бузилиш, вайронага айланиш ҳолатида. Боз устига, 2011 йилда ушбу ёдгорлик пештоқидаги Пайғамбаримизнинг муборак ҳадислари битилган кошин парчаси бир гуруҳ нопок кимсалар томонидан ўғирланиб, чет элга сотилган ва мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракатлари туфайли 2017 йилда мамлакатимизга қайтарилган эди. Лекин, мана, салкам етти йил бўляптики, Тошкент шаҳрида сақланаётган кошин парчаси ҳали ҳануз ўз жойига қайтарилгани йўқ. Уни олиб келиб, Чашмаи Айюб пештоқига қайта ўрнатиш керак, – дейди Жалил бобо куюнчаклик билан.

Давлат ҳам худди оила каби, – деди Жалил бобо. – Худди оилада бўлгани каби давлатда ҳам доимо муаммолар бўлади. Улар ўз вақтида ҳал қилинсагина, жамият барқарор ривожланади, эл-юртдан файз-барака аримайди. Яратган эгамга шукр, мен мана шу кўркам Ватанда умргузаронлик қиляпман. Юртимни янада обод кўришни истайман, бошқа армоним йўқ. 

Учрашув сўнггида Жалил бобо ўз ижоди намуналари бўлмиш, бежирим дастхатда ёзилган қатор шеър ва маталларни депутатга тақдим қилди. Депутат уларнинг энг сараларини газета ва журналларда чоп этишга кўмаклашишини билдирди. 

***

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Инна Коржикова ва бошқа депутатлардан иборат ишчи гуруҳ Навоий вилоятининг Нурота туманида бўлди.

Дастлаб Ишчи гуруҳ маҳаллий Кенгаш депутатлари билан учрашди. Йиғилишда парламент аъзолари ташрифидан кўзланган мақсад белгиланиб, келгусида ҳудудни ривожлантириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Йиғилганлар Президентимиз томонидан мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарали бўлаётганини таъкидлади. Бироқ Ўзбекистон бутун дунёдан келган сайёҳлар учун жозибадор манзил бўлганлиги сабабли бу соҳа доимий такомиллашишни ва тараққиётни талаб этади.

Дастлаб ишчи гуруҳ Рамазон ойида аҳамиятли бўлган “Чашма” меъморий-диний мажмуасида бўлди. Бу нафақат Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё, балки дунёнинг кўп­лаб давлатларидан мусулмонлар энг кўп ташриф буюрадиган ва эъзозлайдиган масканлардан биридир. Зиёратгоҳ ўзининг бой тарихи ва бетакрор маданияти, хусусан, мусаффо чашма булоғи, ХVI асрга оид масжид, милоддан аввалги VI асрда барпо этилган Нур қалъаси харобалари билан сайёҳларни ўзига жалб этади.

Ишчи гуруҳ ташриф буюрган навбатдаги манзил нафақат Навоий вилояти Нурота тумани, балки бутун Ўзбекистоннинг мармар хазинаси бўлган Ғазғон шаҳри бўлди.

Ғазғонда 9 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти гранит ва мармар қатламларини қазиб олиш ва қайта ишлаш учун давлат ва хусусий заводларда (шаҳарда бундай корхоналар юздан ортиқ) ишлайди. 

Депутатлардан иборат ишчи гуруҳи бир неча ой аввал ишга туширилган маҳаллий Мармаробод заводида мармар ва гранит плиталарини қайта ишлаш жараёни билан танишди. 

Тайёр маҳсулотларни темир йўллар орқали ташиш масаласини ҳал этиш ғазғонлик тадбиркорлар учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Ишчи гуруҳи аъзолари Ғазғон шаҳрига темир йўл келтириш борасида мутасадди идораларга мурожаат қилишга келишиб олишди.

Депутатлар Нурота туманига ташриф чоғида бир қатор муаммоларни аниқлаб, уларнинг ечими давлат миқёсида муҳокама қилинадиган бўлди.

Хусусан, Қўшработ туманига олиб борувчи 70 км узунликдаги йўлни таъмирлаш, махсус насослар учун электр энергияси ва сув таъминоти учун тарифлар даражасини белгилаш, кадастр масаласига оид қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш бўйича таклифлар, сув минорасини синовдан ўтказишни якунлаш каби муаммолар борасида фикрлар билдирилди.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги ташрифлари вилоятнинг бош­­қа туманларида давом этади.

**

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиева Пастдарғом туманида бўлиб, жойлардаги камчилик ва ютуқлар билан бевосита танишиб чиқмоқда. 

Жумладан, депутат Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дас­турларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда хотин-қизлар муаммолари, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган масалалар юзасидан туманнинг кўп­лаб манзилларида бўлди ва учрашувлар ташкил этди. 

Шундай учрашувлардан бири “Гўзалкент” ва “Созоғон” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди. Мулоқот жараёнида “Гўзалкент” МФЙда аҳоли томорқалари борасида, “Созоғон” МФЙда эса хотин-қизлар банд­лиги бўйича муаммолар аниқланди ва депутат мазкур муаммоларни ҳал этишга киришди. 

“Магитобод” МФЙда ўтган навбатдаги учрашувда маҳаллада тадбиркорлик субъектлари ривожлангани, кўплаб хотин-қизлар иш билан таъминлангани депутатни мамнун этди. Айниқса, пишириқлар тайёрлаш ҳамда тикувчилик цехлари фаолияти эътиборга молик. 

Депутатнинг учрашувлари давом этмоқда. 

***

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбон­боев Хоразм вилояти Хонқа туманидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари юзасидан ўрганиш ишларини олиб бормоқда, тумандаги кўп қаватли уйлар қурилиши ҳолати билан яқиндан танишмоқда. Қайд этиш жоизки, ўтган йиллар давомида туманда аҳолини турар жой билан таъминлашда бир қатор ишлар амалга оширилди. 

Хусусан, 2021 йилгача туманда 1 минг 379 хонадондан иборат 89 та кўп қаватли уйлар мавжуд эди. 2024 йилга келиб кўп қаватли уйлар сони 109 тага етди. Жорий йил якунига қадар яна 17 та кўп қаватли уйлар, 403 та хонадон ўз эгаларига топширилди.

Депутат М.Қурбонбоев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармони ижросини таъминлаш бўйича Хоразм вилояти Хонқа туман ”Намуна” қишлоғида жойлашган “Ёш куч” маҳалласида ташкил қилинган “Янги Ўзбекистон” массивида қурилаёган 5 қаватли турар жойлар ва умумий майдони 10 гектар бўлган қурилиш ҳамда 2024 йил давомида амалга ошириладиган  бунёдкорлик ишларининг дастури билан танишди. 

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бундан икки йил олдин Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тумандаги “Янги Ўзбекистон” массивига тамал тоши қўйилган эди ва бугун кўз олдимизда 10 гектар майдонда замонавий шаҳарча бунёд бўлмоқда. 2026 йилга бориб мазкур массивда 1 минг 228 та хонадондан иборат 46 та кўп қаватли уйлар қад кўтаради.    

Шундан сўнг депутат тумандаги сув оқава иншооти ва “Дургадик” маҳалла фуқаролар йиғини биноси ҳолати ҳамда МФЙ фаолияти билан танишди, маҳалла етакчилари билан ижобий ишлар ва муаммолар юзасидан суҳбатлашди. 

Депутат айни кунларда синов жараёнлари олиб борилаётган қиймати 47 миллиард сўм бўлган канализация тизими фаолияти билан ҳам танишди. 

Ушбу йирик лойиҳа доирасида Хонқа туманида 12,3 километр узунликда оқава сув тармоғи янгиланган ва иккита сув ҳайдаш ҳамда битта сув тозалаш иншоотлари барпо этилган. Кунига 4000 куб метр оқава сувни тозалаш имкониятига эга бўлган мазкур лойиҳа келгуси 10 йил давомида Хонқа шаҳарчасида барпо қилиниши кўзда тутилган 110 та кўп қаватли уй-жойларни сув билан таъминлаш қувватига эга бўлади.

Сирдарё, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоят кенгашлари матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди

Tegishli xabarlar

Қурилиш, транспорт ва экология соҳаларидаги ишлар таҳлил қилиниб, муҳим вазифалар белгиланди

admin

БОШЛАБ ОЛСАК БАС… (“Бу тил – кўп минг йиллик улкан адабиётнинг тили” “Adolat” газетаси, 22 декабрь, 2022 йил)

admin

“АДОЛАТ” СДП: КЕЧА ВА БУГУН 18 февраль – “Адолат” социал-демократик партияси ташкил топган кун

admin