ADOLAT 24

Рамазон ойида нега нархлар кўтарилиб кетади?

Рамазон ойи кириб келиши билан аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида нарх-наволар туширилади ёки камида оширилмай туради. Бу Рамазонга, умуман, халққа бўлган ҳурматдир. Айнан мана шундай савдогарларнинг, тижорат қилувчиларнинг ишлари баракали бўлади. 

Афсуски, баъзи савдогарлар Рамазондан ўзича фойдаланиб, бу ойда кўпроқ фойда қилиш мақсадида нарх-навони кескин суръатда ошириб юборадилар. Сабаби, бу ойда озиқ-овқатга бўлган талаб кўпаяди. Ахир одамлар саҳарлик ва ифторликда дас­турхонини чиройли қилиш мақсадида сархил озиқ-овқат маҳсулотларини мўл-кўл сотиб оладилар. Шу кунларда мева-сабзавотларга бўлган талаб кучаяди. Аммо қутлуғ дамларда нархлар асоссиз оширилаверса, Рамазоннинг иззати қаерда қолади? 

Инсон фақат ташқи жиҳатга қараб иш кўраверса, узоққа бормаслиги, ўсиб-унмаслиги аниқ. Аслида бу муборак ойда одамларга бироз ёрдам бўлсин, уларга хурсандчилик бўлсин, деган мақсадда нарх-наволар тижоратчининг ўзига ҳам зарар бўлмайдиган тарзда арзонлаштирилса, жуда бўлмаса, оширмай турилса, тижоратда шундай барака бўладики, буни бош­қа вақтларда топиш қийин. Биз сонини эмас, сифатини яхшилаш пайида бўлайлик. Биз пулнинг кўплигини эмас, унинг баракасини сўрайлик. 

Бошқа тарафдан олиб қараганда, айнан Рамазон ойида нархларнинг ошиб кетишига одамларнинг, яъни истеъмолчиларнинг ўзлари ҳам сабаб бўлмоқда. Нега десангиз, баъзилар одатий кунларда емайдиган овқатларни Рамазонда истеъмол қилади. Яна бошқалар ифторлик маросими ўтказиш мақсадида исрофга йўл қўйиб, дастурхонни ўта тўкин-сочин қилиш пайида бўлади.  

Демак, муаммонинг замирида нафақат савдогарлар, балки икки томоннинг ҳам “ҳиссаси” бор. 

Рамазонда нархларнинг сунъий оширилишининг олдини олиш учун нима қилиш керак? Аввало, тижоратчилар инсофли, диёнатли бўлиб, улуғ айём кунларида одамларга енгиллик яратиш, уларга қувонч бағишлаш мақсадида нархларни арзонлаштирсалар, ўзлари учун ҳам, ўзгалар учун ҳам бирдек фойдали бўлади. Иккинчидан, истеъмолчилар озиқ-овқатларни исроф қилмай, меъёрида ишлатсалар, ифторликлардаги даб­дабаларга чек қўйилса, ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетиши турган гап.

Tegishli xabarlar

РЕПЕТИТОРГА эҳтиёж ҚАЧОН йўқолади?!

admin

Йўловчи ташиш транспорти: ютуқлар ва режалар 

admin

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (Қашқадарё вилояти)

admin