ADOLAT 24

Ўқитувчи ва тарбиячилар тиббий кўрикдан бепул ўтказилди

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатларнинг фаоллиги сайловчиларни мамнун этмоқда. Хусусан, партиямиздан халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Шаҳло Раҳматованинг мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, сайловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги амалий ишлари таҳсинга лойиқ.

Яқинда депутатнинг сайловчилар билан ўтган учрашув ва мулоқотларида мактабгача таълим ташкилоти ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва ходимларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги қонун талаб­лари бузилаётганлиги маълум бўлди. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 292-моддасида “Ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиш”, ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан у дастлабки ёки даврий хусусиятга эга бўлишидан қатъи назар ўтиши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиш иш берувчининг ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Навоий вилоятининг Навбаҳор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли жами 37 та умумтаълим мактабларида 3 950 нафар ҳамда 17 та мактабгача таълими муассасаларида 637 нафар ходимлар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Юқоридаги талаб асосида туман мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ходимлари туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ҳар йилда бир маротаба пуллик тиббий кўрикдан ўтказилиши, бунинг учун бўлим томонидан ҳар бир ходим учун ўртача юз минг сўмдан, жами 458 млн. сўм туман тиббиёт бирлашмасига ўтказилиши лозим эди.

Бироқ “Адолат” СДПдан халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Шаҳло Раҳматова Навбаҳор туманида сайловчилар билан учрашувларида мактабгача таълим ташкилоти ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва ходимлар ўз ҳисоб­ларидан тиббий кўрикдан ўтиб келишаётганлигини аниқлади. 

Соҳа ходимларининг бир неча йиллардан буён турли идораларга қилган мурожаатлари натижа бермаган. Депутат мазкур масала юзасидан Навоий вилояти ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ж.Хаджаевга депутатлик сўрови юборган эди. Ушбу депутатлик сўрови юзасидан Навоий вилоят ва туман прокуратуралари томонидан ўрганишлар олиб борилиб, муаммога қонуний ечим топилди.

Натижада Навбаҳор туман прокуратурасининг амалий ёрдами билан 2023 йилнинг сўнгги чораги ва 2024 йилнинг январь ойида тумандаги мактабгача ва мактаб таълими муассасаларининг 4 587 нафар ходимлари бепул тиббий кўрикдан ўтказилишига эришилди.

 Шунингдек, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан 2024 йил учун тасдиқланадиган асосий харажатлар сметасига ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш харажатларини киритиш бўйича келишиб олинди.

“Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

ОСИЁ СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРИ: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

admin

Илм харитасини мукаммал эгалланг…

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ 2020-2030 ЙИЛЛАРГА МЎЛЖАЛЛАНГАН СТРАТЕГИЯСИДА БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИНИ САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin