ADOLAT 24

Халқ ишончини қозониш осон эмас

Халқ депутатлари Фарғона туманидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партия Сайловолди дас­турида белгиланган устувор вазифаларга таянган ҳолда ҳамжиҳатлик билан фаолият юритиб келмоқда.

Халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш, сайловчилар ишончини оқлаш учун “Адолат” СДП Фарғона тумани кенгаши раиси Нодирбек Каримов, халқ депутатлари Фарғона тумани Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Озода Дадажонова бошчилигида депутатларимиз партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида ҳамиша халқ орасида бўлишга, уларни қийнаётган муаммоларни тегишли давлат органларига таклифлар киритиш орқали ҳал этишга ҳаракат қилиб келмоқда. Фарғона туман кенгаши фаоллари ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба куни жойларда “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тизими орқали халқ билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилмоқда. Мулоқотлар давомида ёшлар мурожаатлари асосида партиянинг “Бир ойда – бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 2023 йилда 40 нафар хотин-қиз ва ёшлар иш билан таъминланган бўлса, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 10 нафар ёшлар банд­лиги таъминланди, 15 нафар хотин-қизлар касбга йўналтирилиб, бепул ҳунар ўрганишлари учун имконият яратилди.

“Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойи­ҳаси доирасида депутатлик гуруҳи раҳбари Озода Дадажонова ташаббуси билан туман Адлия бўлими вакиллари ва ҳуқуқшунослар иштирокида хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш мақсадида “Аёлларни зўравонликлардан ҳимоялаймиз!”, “Аёл ҳуқуқларини таъминлаш – тенг­лик тамойи­лининг муҳим омили” каби мавзуларда маҳаллаларда тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Ўтган 2023 йилда турмуш ўртоқлари томонидан оилавий зўравонликка учраган 5 нафар аёл, жорий йилда туман миқёсида ҳимояга олинган 30 нафар аёлдан 7 нафари депутатлар кўмаги асосида “Ҳимоя ордери” билан таъминланди.

Тумандаги “Оқбилол” маҳалла фуқаролар йиғини марказидаги катта йўлда қатновнинг ҳаддан ортиқ кўп бўлиши натижасида йўл инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги туфайли автоҳалокатлар содир бўлиб, аҳоли ҳаракатланишга қийналар эди. “Оқбилол” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати Асилбек Эркабоевга ушбу масалани ҳал этиш юзасидан мурожаат қилишди.

Депутатнинг саъй-ҳаракати туфайли мутасадди идоралар ва ҳомийлар билан биргаликда муаммо атроф­лича ўрганилди. Транспорт воситалари эгалари ва йўловчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида, энг аввало, йўл кенгайтирилди, йўл четларига тунги чироқлар ва светофор ўрнатилди.  

Депутатлик гуруҳи томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида жамоатчилик назорати тадбирлари олиб борилмоқда. Фарғона тумани тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда қишлоқ ҳудудларида онкологик ва гематологик касалликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар 3 ойда чуқурлаштирилган тиббий кўрик­ларни ташкил этиш ҳам анъанага айланиб улгурди. Албатта, халқ саломатлиги йўлидаги ҳамкорликлар ўз самарасини бериб келмоқда.  

– “Адолат” СДП бизнинг доимий ҳамкоримиз, – дей­ди тиббиёт бирлашмасининг бош ҳамшираси Нилуфархон Худоберганова. – Партия билан ҳамкорликда олис ҳудудларда режа асосида бепул тиббий кўрикларни ташкил этиб борамиз, зарур ҳолларда фуқароларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, бирлашма бўлимларидаги ходимларимизга депутатларимиз ва партия туман кенгаши раиси Нодирбек Каримов томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда.

Туман кенгашининг “Фарғона туманида ерлардан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиш самарадорлигини янада ошириш тўғрисида”ги қарорига асосан туман кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари Назиржон Исақов, Файзуллоҳ Мирзаев, Озода Дадажонова ва бошқа масъул ташкилотлар мутахассислари иштирокидаги ишчи гуруҳ “Барқарор ҳамжиҳатлик” МФЙ ҳудудида жойлашган ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш учун мўлжалланган ер майдонларида ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар туман кенгаши сессиясида муҳокама қилиниб, ерга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган, ҳужжатдаги ва амалдаги майдони бир-биридан фарқ қиладиган ва илгари доимий фойдаланиш учун ажратилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш ҳолати бўйича захирага қайтариш чора-тадбирлари кўрилиши белгиланди.

Депутатлик гуруҳи аъзолари навбатдаги сайёр қабул жараёнида аҳоли тумандаги Ал-Фарғоний кўчасига ичимлик суви тармоғи тортилишида сифатсиз материаллардан фойдаланилаётганлигини, бунинг натижасида тортилган сув тармоқларидан сув сизиб чиқиб, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи фуқароларнинг хонадонларига зиён етказаётганлигини билдирди. Депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган сўров асосида муаммо ҳал этилди ва айбдорларга нисбатан қонуний чоралар кўриладиган бўлди.

Туманнинг “Зилол”, “Баҳор”, “Гузар”, “Гулшан”, “Шарқ ҳақиқати” МФЙлари ҳудудида истиқомат қилувчи ўнлаб фуқароларнинг мурожаатлари ҳам манзилли тарзда ўрганилди. Тадбир давомида фуқароларнинг яшаш шароитлари ўрганилиб, даволанишга, шунингдек, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож фуқароларнинг мурожаатлари туман Кенгаши депутатлари иштирокида доимий комиссия йиғилишида муҳокама қилинди.

Туман миқёсида 30 нафар фуқаронинг саломатлигини тиклаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармасидан пул маблағ ажратилиши белгиланган бўлса, уларнинг 10 нафари “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоларининг депутатлик сўрови асосида амалга оширилди.

Халқ ишончини қозониш осон эмас. Кимки ўз хотиржамлигидан кеча олса, халқни қийнаётган муаммоларни ўрганиб, уни ҳал эта олсагина ҳурмат қозона олади. Фарғоналик депутатлар бу йўлда бирдамликда фаолият кўрсатмоқдалар.

Гулчеҳра Аҳмедова,

Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳеч ким ҳақли эмас

admin

Муносиблар тақдирланди

admin

Битик мақбара пештоқига қайтариладими?

admin