ADOLAT 24

ИЖТИМОИЙ ХИМОЯ  ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА (Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри)

Давлатимиз раҳбари раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, мазкур соҳадаги ишлар таҳлил этилди.

Президентимиз йиғилишда ижтимоий тизим ҳамон эскича қолипда ишлаб келаётганини, одамларга умид бериш, ҳаётини яхшилаш, банд бўлишига кўмаклашиш энг охирги ўринга тушиб қолганини алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Ижтимоий соҳа бўйича хизматни маҳалла даражасида манзилли, шаффоф ва адолатли ташкил этиш энг оқил йўл экани айни ҳақиқат. Президент ўртага ташлаган устувор вазифаларни Ўзбекис­тон «Адолат» социал-демократик партияси фаоллари тўла-тўкис маъқуллайдилар. 

Партиямиз дастурларида бу соҳа ҳам эътибор марказида бўлиб келмоқда. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини тўлақонли ҳимоя қилиш, имконияти чекланган шахсларни ўқитиш, касбга ўргатиш, адабиётлар билан таъминлаш, уларга дори-дармонлар, протезлар етказиб бериш, қобилият даражасида спорт ва иш билан машғул бўлишлари учун имкониятлар яратиш белгиланган. 

Дастурда кўзда тутилган мақсадларни амалга ошириш борасида Наманган вилоят кенгаши томонидан декабрь-январь ойларида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. 

Жумладан, вилоят кенгаши фаоллари Наманган давлат университети билан ҳамкорликда шаҳар қон қуйиш марказида акция ўтказди ва бу жараёнда юзлаб кўнгиллилар иштирок этишди. Партиянинг “Ёшлар қаноти” етакчиси Шаҳзод Нўъмонов бир гуруҳ фаол талабалар билан вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида бўлиб, бу ерда даволанаётган жажжиларга турли-туман ўйинчоқлар тақдим этди. 

Бундан ташқари, ҳудудлардаги имконияти чекланган, ногиронлиги бор шахслар ҳолидан хабар олиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлашда ҳам партия етакчилари ўрнак бўлишмоқда. Чунончи, Тўрақурғон туман кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова «Туркистон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи иккинчи гуруҳ ногиронлари Заҳрохон Низомова, Зулфияхон Тўрабоевага, Поп туман кенгаши раиси Зафаржон Ҳасанов «Қандиғон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Алижон Тўйчиев, Эркиной Омонова, Саломат Худойбердиева, Баҳром Тошпўлатов, Тошби Қийғировага совғалар ҳадя этишди. Чортоқ туман кенгаши раиси Ҳабибахон Мирабдуллаева «Дамариқ» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Барчиной Ҳасанованинг мурожаатини ўрганиб, беморни шифохонага жойлади. 

Наманган шаҳар кенгаши раиси Мирзараҳмат Олимов Ногиронлар уюшмасида бўлиб, бу ерга таклиф этилган иккинчи гуруҳ ногиронлари Абдурасул Тожибоев, Ёқутхон Ёқуббоева, Зуҳрахон Ғофуровага кийим-бош совға қилди. Янгиқўрғон туманидаги «Радивон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Убайдулла Тумановга озиқ-овқат маҳсулотларини топширди. Вилоят кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Болтабоев ҳам ҳиммат кўрсатиб, бир гуруҳ ногиронларга ҳадя улашди. Вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутати Исроилжон Жўраев «Намуна» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Назира Иброҳимова ва «Нурафшон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Феруза Воҳидова хонадонига ташриф буюриб, беморларга совғалар улашди ва уларнинг мурожаатларини қаноатлантириш учун масъулларга депутатлик сўрови йўллади. Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Мусохон Оппоқов Чортоқ туманида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Мунира Ражаббоевага электрон аравача топширди. 

Наманган вилоят кенгаши матбуот хизмати

***

Халқимизга хос эзгу қад­риятлардан бири бу ўзгалар кўмагига муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак беришдир.

Биз, адолатчилар “Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир” тамойилига таянган ҳолда жамиятдаги ижтимоий тенгликни таъминлайдиган, ҳар бир фуқаронинг қобилияти ҳамда малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, ўз меҳнатининг миқдори ва сифатига яраша муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш учун курашамиз. Шу боис ҳам “Адолат” социал-демократик партияси ҳеч қачон тақдир синовлари туфайли турфа қисматларга рўбарў бўлган инсонларни ёлғизлатиб қўймайди.

“Адолат” СДП Фарғона вилояти кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева бу галги сайёр қабулни ҳаёт синовлари туфайли тўшакка михланиб қолган, ўзгалар кўмагига муҳтож инсонлар хонадонларида ўтказишга аҳд қилди.  

Фарғона шаҳридаги “Симтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Муроджон Мадалиев 32 ёшда. Ногиронлик аравачаси доимий ҳамроҳига айланган. Онаси Гуласалхон Мадалиеванинг саломатлигида ҳам жиддий муаммолар борлиги боис ногиронлик нафақасида. Унинг оила аъзоларига давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимоя кўрсатилаётган бўлсада, Муроджоннинг ниятлари катта. Ҳовлиси четида енгил конструкцияли савдо дўконига эга бўлишни, ўзи меҳнат қилиб, даромад олишни орзу қилади. 

Мазкур маҳалланинг “Хидоят” кўчасида истиқомат қилувчи Севарахон Ортиқова ҳам 1 гуруҳ ногирони. 1 нафар фарзанднинг онаси. Фарзандининг бахти, камолини кўриш учун тезроқ соғайиб, оёққа туришни ният қилади. Севарахон суҳбат давомида соғлигини тиклаш учун зарур бўлган дори-дармонлар билан бепул таъминланишига ёрдам беришни илтимос қилди.  

Маҳалланинг “Обиҳаёт” кўчасида яшовчи Лазокатхон Абдулҳамидова ҳам 1 гуруҳ ногирони. Ўзгалар кўмагига муҳтож онахон даволаниш учун вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бериладиган ордерга муҳтож. Онахоннинг мурожаати депутатлик гуруҳи назоратида ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Имконияти чекланган юртдошларимизнинг орзулари сизу бизники каби катта эмас. Энг муҳими, соғлик ва озгина маънавий кўмак даркор. Фарғона шаҳридаги Саккокий номли кўчада истиқомат қилувчи 74 ёшли Озодахон Қодированинг илтимоси шу куни ижобий ҳал этилди. Келини Лобархон “Ибратли бекам” ўқув марказида бепул ўқиши учун йўлланмага эга бўлди. 

Шаҳардаги “Янгисой” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Каримахон Маматбекова фарзанди Хайрулло Абдувалиевни ўзгалар кўмагига муҳтожлиги боис, уни қаровсиз ташлаб кетолмайди. Шу сабабли меҳнат стажи билан боғлиқ муаммоларга дуч келган.  

Сайёр қабул давомида фуқароларга зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди ва “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева ҳамда партиянинг депутатлик гуруҳлари, Фарғона шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари билан ҳамкорликда ҳар бир фуқаронинг муаммоларини ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Инсон қадри улуғланган юртда яшар эканмиз, юқоридаги каби ватандошларимизнинг яхши яшашлари учун ўз кўмагимиз ва ғамхўрлигимизни аямаймиз.  

Фарғона вилоят кенгаши матбуот хизмати

***

Боқувчисини йўқотган ёлғиз қария­ларга, ногиронларга ҳиммат кўрсатиш, уларнинг аҳволидан узлуксиз хабар олиш каби саховатли ишлар алоқадор идоралар ходимларининг иши бўлибгина қолмай, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам бурчидир. 

Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги хайрли кўрсатмаларини амалга оширишда қадимдан ўз аҳамиятини йўқотмай келаётган анъаналаримиз қўл келмоқда. Шарқона меҳр-оқибатни дилларига жо қилган “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши фаоллари вилоят “Нуроний” жамғармаси вакиллари билан ҳамкорликда Касби туманидаги Оққамиш МФЙда яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Ҳабиба Сулаймонова ва унинг ногирон ўғли Ҳусан Алимов хонадонига боришди. Қишнинг охирги кунларида ногирон она ва болага ногиронлик аравачаси ҳамда совғалар тақдим этилганидан уларнинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Саховатли инсонларни дуо қилишди. 

– Сахий қалб эгаларининг кўрсатган саховати, меҳр-муруввати мен учун ниҳоятда қадрли, – деди Ҳабиба Сулаймонова.

Шунингдек, партия фаоллари томонидан Косон туманидаги “Раҳимсўфи” МФЙда умргузаронлик қилаётган биринчи гуруҳ ногиронлари Жасур Акрамов, Зулайҳо Файзуллаевага даволанишлари учун ордер олишларига ёрдам берилди. Кўкдала туманидаги “Қўшариқ” МФЙда яшовчи Сурайё Аҳмедова ва Яҳёбек Азаматовга уй-жойининг кадастр ҳужжатини тайёрлашда ҳамда зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда, Шаҳрисабз тумани “Чоршанбе” МФЙда яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Санобарой Хуррамовага эса электрон ногиронлик аравачаси олишига кўмаклашилди.  

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

***

Мамлакатимизда ёлғиз, қаровчисиз, ўзгалар парваришига муҳтож, ногиронлиги бўлган инсонлар ҳамиша халқимиз эъзоз ва эътиборида яшайди, давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга олинади.

Айни кунда “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан бир гуруҳ партия фаоллари, Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Жоқорғи Кенгесининг “Адолат” СДП фракцияси депутати Г. Айимбетова, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати А. Абдреймова ва “Ақ ўтов” МФЙ раиси Қ. Насиров Нукус шаҳридаги “Ақ ўтов” ва “Тунғиш қонис” МФЙдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олишди.

Партия вакиллари маҳаллада яшаётган меҳр ва эътиборга муҳтож инсонлар билан дилдан суҳбатлашишди ва уларга совға-саломлар, кўтаринки кайфият улашишди. Саховатпеша юртдош­ларимиздан мамнун бўлган фуқаролар она-Ватанимизда инсон, унинг қадри, шаъни нечоғли улуғ эканлигини яна бир бор ҳис этиб, юртимиз тинч­лиги, халқимиз фаровонлигини тилаб дуо қилишди.

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот хизмати

***

Тараққиётнинг асл стратегияси юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга моддий кўмак бериш ҳисобланади. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган инсонларга доим эътибор қаратиб келинган. Уларнинг ижтимоий ҳимоя­си учун Президентимиз томонидан кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинган. Бу ҳужжатларнинг ижроси эса доимий назоратда бўлиб, белгиланган режалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Бу борада “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши саъй-ҳаракатлари эътирофга лойиқдир. Турли хайрия тадбирлари партия томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бор шахслар ҳолидан хабар олиш, уларнинг муаммоларига ечим топишда бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. 

Партиянинг “Саховат – беназир қад­рият” лойи­ҳаси доирасида “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Муҳаррам Дадаходжаева томонидан пойтахтимизнинг Олмазор ва Юнус­обод туманларида истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммолари ўрганилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва керакли дори-дармонлар олиб берилди. Шулардан бири – Олмазор тумани Ғалаба маҳалласида яшовчи 1 гуруҳ ногирони Ҳусан Аҳмедовни қийнаётган муаммо ҳақида Олмазор туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига етказилиб, март ойининг биринчи ўн кунлигида Тошкент шаҳар шифохоналаридан бирига йўлланма орқали даволанишга юбориш келишиб олинди. 

Албатта, бундай чора-тадбирлар имконияти чекланган инсонларнинг ўз ҳаётидан, ҳукуматимиздан кўнгли тўлишига, шунинг баробарида, фаровон турмуш кечиришларига замин яратмоқда. Уларга кўрсатилаётган меҳр-мурувват, ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўллаб-қувватлашлар халқимиз ва давлатимизнинг нақадар бағрикенг, инсонпарвар эканлигини яна бир карра исботлайди.

Тошкент шаҳар кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Биз томонга кела кўрманг… Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги диққатига!

admin

Амир Темур — адолат тимсоли

admin

Дунё нигоҳидаги дилбар шахс

admin