ADOLAT 24

Янгиланаётган Андижон

Ҳар сафар давлатимиз раҳбарининг ташрифини андижонлик­лар ўзига хос байрам сифатида қабул қиладилар. Сабаби, ташриф доирасида жуда кўп ишлар амалга оширилади, янги лойиҳалар қанот ёзади, истиқболли режалар тузилади. Асосийси, халқимизга янги куч, янги ғоялар берилади.   

Юртбошимизнинг бу галги ташрифи жуда кўп томони билан ўзига хослик касб этди. Қатор корхоналар, таълим ва спорт муассасалари, маҳаллаларда бўлиб, ислоҳотлар жараёни билан танишган Президентимиз олиб борилаётган ишларга муносиб баҳо берди. Асака туманидаги текс­тиль корхонаси, Андижон туманидаги саноат корхоналари фаолияти, тадбиркор ҳамда ҳунармандлар томонидан тайёрланган ранг-баранг мебеллар кўргазмаси республикамиздаги, хусусан, Андижондаги ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.  

Албатта, бундай ютуқларга осонлик билан эришилаётгани йўқ. Бу юртимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, тадбиркорларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар самараси. Қолаверса, андижонлик­ларнинг бугунги кун нафаси билан яшаётгани, эртанги кунга бўлган ишончи ва ташаббускорлигининг натижаси.  

Давлатимиз раҳбари Андижоннинг тараққиётини янада юқори босқичга кўтариш, янги корхоналар барпо этиш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш, умуман, вилоятда ишсизликка тўла барҳам бериш, одамларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш юзасидан ўз таклифларини билдирди. Бунинг учун етарли миқдорда маб­лағ ажратилиши барчани бирдек қувонтирди. Бу ишлаб чиқариш ва саноатни ривожлантириш билан бир вақтда инсон қад­рини улуғлашга, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратишга хизмат қилади.  

Бизни хурсанд қиладиган яна бир нарса, Шавкат Мирзиёев ҳамма вақт ёшларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Марҳамат туманида ёшлар билан мулоқотда кўзлари ёниб, юрт тараққиёти йўлида “лаббай” деб турган йигит-қизларга қараб “Биз иқтисодиётимизни ривожлантириб, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш, иш жойларини кўпайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Андижонда ҳам катта режаларимиз бор. Бунда, аввало, сизларга таянамиз. Ҳар бир билимли ёш – Ватан ҳимоячиси”, дея таъкидлади. Ўз ўрнида таълим тизимидаги янгиликлар, ёш авлодга яратилаётган шароитлар, илмий-ижтимоий лойиҳалар ҳақида сўз юритди, янги ташаббуслар юзасидан фикрлашди.

Президентимиз жойларда амалга оширилаётган ишларга ўз баҳосини бериш баробарида, эскича ишлаш билан узоққа бориб бўлмаслигини, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ўзгариши кераклигини қайд этди. Бу барча даражадаги раҳбарлар зиммасидаги масъулиятни оширди. Шу кундан бош­лаб ҳар бир соҳада ривожланишдан иборат янги давр бошланди.  

Бир сўз билан айтганда, бизнинг вазифамиз билдирилган ишончни оқлаш, масъулиятни ошириш ва Андижонимизни янада ривожлантириш. Бу ҳар биримизнинг бош мақсадимизга айланди. 

Мадаминжон Мадазимов,

Андижон давлат тиббиёт институти ректори,

“Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши раиси 

***

Асосий мақсад — аҳоли бандлигини таъминлаш 

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан икки баробар, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш белгиланган. Камбағалликка тушиш хавфи мавжуд бўлган 4,5 миллион аҳоли даромадини ошириш, ижтимоий шериклик асосида 500 минг малакали мутахассис тайёрлаш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифлари давомида ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 15-16 февраль кунлари Андижон вилоятига амалга оширилган ташриф давомида вилоят аҳолиси бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳолати ва сифати билан яқиндан танишди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, олдинги ташрифлар давомида белгилаб берилган вазифа ва чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида вилоятда ишсизлик даражаси 7 фоизга камайган. Аҳолининг тадбиркорликдан олаётган даромади 1,5 бараварга ошиб, 225 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилган.

Аммо Андижон вилоятининг мард ва олижаноб, меҳнаткаш аҳолиси салоҳияти ҳамда ҳали ишга солинмаган имкониятлари ҳисобга олинса, янада юқори марраларга эришиш, ишсизлик давражасини батамом бартараф этиш имкониятлари мавжуд. Шу боис ташриф давомида Президентимиз томонидан вилоятдаги 400 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш, битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш борасида қилиниши лозим бўлган галдаги вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, ишсиз аҳоли ва ёшлар касб-ҳунарга ўқитиладиган ҳамда Хитой тажрибаси асосида маҳаллалар четида иссиқхоналар ташкил этилиб, эҳтиёжманд оилаларга бўлиб бериладиган бўлди.

Маълумки, Андижон вилояти нафақат мамлакатимизда, балки минтақа давлатлари орасида ҳам автомобилсозлик соҳасида етакчи ҳисобланади. Айни кунда вилоятда автомобилсозлик йўналишида 12 та йирик ва 160 дан ортиқ маҳаллий корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда 17 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган. Эндиликда аҳоли бандлигини янада ошириш учун эҳтиёт ва бутловчи қисмларни кооперация асосида маҳаллаларда ишлаб чиқариш кенгайтирилади. Булоқбоши туманида керамик плита, Марҳамат ва Балиқчи туманларида чинни буюмлар корхоналари ташкил этилади.

Шунингдек, вилоятда ип-калавани қайта ишлаш даражаси 100 фоизга етказилади, 2024 йилда 150 миллион долларлик бўяш ва тайёр кийим ишлаб чиқариш лойиҳалари якунланиб, 6 мингта иш ўрни яратилади. Тўқимачилик корхоналарига Италиядан дизайнерлар олиб келинади. Бу эса маҳсулотларни сифатли ва халқаро стандартлар даражасида ишлаб чиқариш имконини беради.

Шу билан бирга, вилоятда мураккаб таркибли дори ва тиббий буюм ишлаб чиқариш бўйича 7 та лойиҳа амалга оширилади. Олий таълим муассасаси билан бирга фармацевтика кластери ташкил қилинади. Ушбу 7 та лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида янги иш ўринлари яратилади, аҳоли саломатлигини асраш, сифатли дори воситаларини ишлаб чиқариш борасида ҳам муайян натижаларга эришилади.

Вилоятда аҳоли бандлигини таъминлашдаги яна бир муҳим соҳа – бу қиш­лоқ хўжалиги йўналиши ҳисобланади. Сабаби, вилоят деҳқонлари қиш­лоқ хўжалиги, хусусан, пахтачилик йўналишида ҳам катта мактаб яратган. Галдаги вазифа етиштирилган қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотларини тўлиқ қайта ишлаш орқали аҳоли даромадини ошириш саналади. Бу жараённи “Асака текстиль” кластерининг тўқимачилик корхонаси мисолида ҳам кўриш мумкин. 2022 йил августда ишга туширилган корхона бугунги кунда 83 миллион долларлик лойиҳа эвазига хом­ашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ “занжир” асосида фаолият кўрсатмоқда.

Хусусан, кластер тизимида Андижон вилоятининг Улуғнор ва Жалақудуқ туманлари ҳамда Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида 11 минг 200 гектар майдонда пахта етиштирилади. Шундан 2 700 гектарида томчилаб суғориш йўлга қўйилган. “Асака текстиль” кластерининг тўқимачилик корхонасига Швейцария, Италия, Туркия, Германия, Япониядан ускуналар келтириб ўрнатилган. У йилига 11 минг тонна ип-калава, 8 минг тонна момиқ ва трикотаж мато, 12 минг тонна ип ва матони бўяш, 6 минг тонна тайёр трикотаж ва сочиқ ишлаб чиқариш қувватига эга. Энг муҳими, корхонада 3 минг 200 киши бандлиги таъминланган.

Умуман олганда, ташриф давомида энергетика, электротехника, машинасозлик, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва инфратузилма каби муҳим соҳаларда бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш, муносиб меҳнат ҳақига эга бўлган иш ўринларини яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга оид қатор вазифа ва режалар белгилаб берилди. Ушбу режаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши барча андижонликларни қувонтириб, юртимиз тараққиёти йўлида бир жону, бир тан бўлиб ишлашга ундайди.

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Убайдулла Хўжаев: “Юртни, элни озод кўрмоқ орзуси. Эркин яшаш орзуси…”

admin

ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ СЕЙСМИК ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin