ADOLAT 24

МАҚОМНИНГ СЎНМАС ОҲАНГЛАРИ 

Ёшларнинг миллий мақом санъатига бўлган қизиқишини янада ошириш, шу орқали улар маънавий дунёқарашини юксалтириш ҳам фарз, ҳам қарздир. Шу мақсадда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбе­кистон Миллий университетида “Янги Ўзбекис­тонда миллий мақом Ренессанси анъаналари” деб номланган маърифий концерт ташкил этилди.

Унда Ўзбек миллий мақом санъати маркази, Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблида фаолият юритаётган миллий мусиқа санъати ва илмининг ардоқли вакиллари, халқ ҳофизлари, халқ артистлари, маҳоратли созанда ва хонандалар, шунингдек, университет профессор-ўқитувчилари, кўплаб талаба-ёшлар иштирок этдилар. 

ЎзМУ ректори Ином Мажидов, кўплаб тарихий битиклар муаллифи, моҳир ҳаттот Ҳабибулло Солиҳ ва бошқалар миллий мусиқамиз – мақом санъатини ёшлар қалбига жо этиб бориш уларнинг миллий руҳда муносиб камолга етишида қанчалик муҳим ўрин тутиши ҳақида сўз юритдилар. 

Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли бадиий раҳбари Aбдуҳошим Исмоилов, Ўзбекистон халқ артисти Aбдулаҳад Aбдурашидов томонидан ижро этилган мусиқий композициялар, Ўзбекистон Қаҳрамони Муножот Йўлчиеванинг дилтортар ашулалари қўшиқ шинавандаларида катта таассурот қолдирди. 

– Мақом улуғ санъаткор аждодлардан қолган беқиёс маънавий меросдир. Мусиқанинг олий намунаси сифатида яратилган бу ажиб мерос асрлар давомида авайлаб-асраб келинган. Демакки, миллий ўзлигимизни англаш, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, унинг эстетик диди ва тафаккурини шакллантиришда мақом санъатининг ўрни беқиёс, – дейди ЎзМУ биринчи проректори, профессор Жаббор Муҳаммадиев. – Айтайлик, “Шашмақом”ни эътибор билан тинглаб, қалбига жо айлаган йигит-қизлар онги шунга яраша шаклланади. Давлатимиз раҳбарининг мақом санъатини такомиллаштиришда, энг аввало, азалий ижро анъаналари асносида янги ижодий асарларини яратиш билан мумтоз мусиқани ривожлантириш масалаларига бағишланган қатор қарор ва фармонлари бу соҳада янгича муносабатни шакллантиргани бежиз эмас. 

Муҳташам маданият саройи саҳнасида намойиш этилган мақом санъати дурдоналари талабаларни сеҳрлаб қўйди. 

Ҳузурбахш куй-қўшиқлар – мақом оҳангларини тинглар эканмиз, қалбда жўш урган туйғулар шеърий сатрларга уланиб кетди: 

Отажон ҳофиз эмас – сернаво дарё эди,

Ортиқ Отажон эса “Ҳеч чиқмас ёдимдан” деди,

Бобомурод оғамиз икки эл ғамин еди,

Бул Омон шоирини эли билмасми эрди?!

Офарин ким боғласа жонин ипини тора.

Хоразмнинг тўйлари суворасиз ўтмагай,

Машрабу Комил сўзи бунда навбат кутмагай. 

Ҳофизлари кўксида бекорга соз тутмагай,

Халқимиз асл санъат қадрини унутмагай,

Тинглаб Дониш домланинг илҳомлари фаввора! 

Тўлқин ЭШБЕК, 

ЎзМУ Журналистика факультети доценти

Tegishli xabarlar

Тарихни ҳақиқат билан нурлантирган муаррих

admin

КЎНГИЛ ОБОД БЎЛСА, ВАТАН ҲАМ ОБОД

admin

РЕПЕТИТОРГА эҳтиёж ҚАЧОН йўқолади?!

admin