ADOLAT 24

ҲУЖЖАТ КЕРАКМИ, МАРҲАМАТ!

Атроф ён-веримизда ота-онаси эҳтиётсизлик ва бепарволик қилиб, бу ҳужжатни кейинроқ ҳам олавераман, деган ўйда ўз вақтида фарзандига халқ тилида “метрика” деб аталувчи туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмаган ҳолатлар учраб туради. Бундай ҳолат келгусида шахсни муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилишга олиб келиши табиий.

Масалан, балоғат ёшига етганида “метрика” бўлмагани учун паспорт ололмайди. Ҳужжат тўғрилашга ҳаракат қилганида ҳам бирламчи ҳужжат бўлмагани учун ҳеч бир идорада иши битмайди. Шу тариқа ҳужжатсизлик ортидан жуда кўп қийинчиликлар келиб чиқади. Мактабга қабул қилинмайди, аттестат ололмайди, қонуний ишга киролмайди, пенсия масаласи ҳам муаммо бўлади. Энг ёмони, яшаб турган давлатининг қонуний фуқароси деган ҳужжат бўлмаса, кўнгил ҳам кемтик бўлади. Бунинг устига, фуқаронинг муҳим ҳужжатларга эга эмаслиги унинг фарзандлари, оила аъзолари ва яқинларига бевосита таъсир қилади. Яратилган ижтимоий имкониятлар, имтиёзлардан маҳрум бўлади. 

Кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шундай кўп чигал масалаларни енгиллаштирмоқда. Ҳужжатсизлик ҳолатларини аниқлаш ва барҳам бериш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан Республикамизда «Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди» ҳуқуқий акцияси кенг миқёсда ўтказилаётгани ҳам ислоҳотларнинг ёрқин кўринишидир.

Акция доирасида туғилиши қайд этилмагани оқибатида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларга ёрдам кўрсатилмоқда. Яқин қариндошининг ўлими қайд этилмаган шахслар, туғилганлиги ёки яқин қариндошининг ўлими ҳақидаги тиббий маълумотномага эга бўлмагани сабабли юридик фактни белгилаш юзасидан судларга мурожаат қилиши лозим бўлган шахсларга ҳуқуқий ёрдам бериляпти. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда ёки қайта рўйхатдан ўтказишда муаммолари бор шахслар, кўчмас мулкларини давлат рўйхатидан ўтказишда қийинчиликларга дуч келаётган шахс­лар кўмак олаяпти.  

Фуқароларнинг ушбу турдаги мурожаатлари барча жойлардаги туман (шаҳар) адлия бўлимларида ташкил этилган махсус штабларда қабул қилинмоқда. Бу борада сайёр қабуллар ҳам ташкил этилмоқда.  

Мазкур ҳуқуқий акция доирасида Андижон вилояти адлия бошқармаси Андижон шаҳар адлия бўлими, Андижон шаҳар ФХДЁ бўлими ҳам ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, қайд этилмаган туғилганлик ва ўлим ҳолатларини Андижон шаҳар миқёсида хатловдан ўтказиш ишлари ташкил этилиб, сайёр қабуллар ўтказилди. Акциянинг биринчи ҳафтасидаёқ 178 нафар шахс­ларга тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб берилди. Жумладан, 7 нафар шахс­ларнинг туғилиши қайд қилиниб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларга эга бўлишди. 8 нафар шахс­ларнинг яқин қариндош­ларининг ўлими қайд этилиб, гувоҳномалар берилди. 143 нафар шахсларга эса туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик ва ўлим ҳақидаги такрорий гувоҳномалар тарқатилди.  

Шу қаторда Андижон шаҳар адлия бўлимига суд идораларига ариза киритиш учун 12 нафар уй шароитида туғилган болаларга нисбатан тўп­ланган ҳужжатлар тақдим этилди. Таъкидлаш лозимки, ўтказилаётган акция доирасида қилинаётган ишлар туфайли аҳолининг қанчадан-қанча мушкули осонлашди. Ушбу акция инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда. 

Ғофиржон САЛОМОВ, 

Андижон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудири

Tegishli xabarlar

НОСИРХОН ТЎРА ВА САФДОШЛАРИ ТАҚДИРИ

admin

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ “ХИТОЙ – ҚИРҒИЗИСТОН – ЎЗБЕКИСТОН” ТЕМИР ЙЎЛИ ҚУРИЛИШИ ТЎҒРИСИДАГИ БИТИМНИ ИМЗОЛАШ МАРОСИМИ ИШТИРОКЧИЛАРИГА МУРОЖААТ ЙЎЛЛАДИ

admin

Буюк фарзандларни оналар тарбиялайди

admin