ADOLAT 24

ШАХСИЙ МАНФААТ халқ саломатлигидан устунми?

Кейинги вақтларда қалбаки ва инсон саломатлиги учун зарарли бўлган дори воситаларини яширин ҳолда мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, ишлаб чиқариш ва дорихоналар орқали беморларга тавсия этиш, сотиш билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди. Ушбу тайинсиз дориларнинг акс таъсири оқибатида ундан фойдаланган фуқаролар соғлигини йўқотиши ёки дориларнинг таъсир кучи йўқлигидан шикоят қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Ижтимоий тармоқларда чортоқлик фельдшер ўз уйида яширинча «Зодак», «Анаферон», «Хилак Форте», «Витамин Б6» каби қалбаки дори воситаларини тайёрлаб, қадоқлаб, хуфёна тарзда 2023 йилдан бери Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарга етказиб бериш билан шуғулланиб келгани ҳақида хабар тарқалиб, аҳолининг ҳушёр тортишига сабаб бўлди. Хайриятки, давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар тизимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида дори воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланиб келган фельдшер фаолиятига чек қўйилди.

Тиббиёт ходими бўлган кишининг бу қадар ноинсоф бўлиши ачинарли ҳол, албатта. Ахир бу шахс ҳам кимнингдир қўшниси, кимнингдир ҳамтовоғи бўлган-ку?! Наҳотки унинг яқинлари инсон соғлигига зарар етказувчи қалбаки дорилар ишлаб чиқараётганидан бехабар бўлишган бўлса? Шахсий манфаат инсон саломатлигидан устунми? Халқ соғлигини хавф остига қўйиш ҳисобига мўмай даромад олиш билан шуғулланган фельдшернинг виждони бунга қандай йўл берди экан, шуниси ажаб­лантиради кишини. 

Кўпинча бу каби камчиликлардан кўз юмиб, андиша қилиб, яра газак олмагунча дардимизни ошкор қилишни хоҳламаймиз. Қўлбола тайёрланган дори-дармонлар ҳар қандай ҳолатда инсон ҳаётига хавф туғдириши мумкинлигини англаб етмаймиз. Токи кимдир жабр кўриб, жафо чекмагунча иллатни кўриб-кўрмасликка олиб, ундан кўз юмиб яшашни афзал биламиз. Нохуш ҳолатлар келиб чиққан пайтда эса афсус-надомат қилиб, пушаймон бўламиз.

Партиямиз дастурида соғлиқни сақлаш соҳасига алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, дорихоналарда муддати ўтган, сифатсиз ва қалбакилаштирилган, яширин ҳолда четдан кириб келадиган дори воситаларининг сотилишига қарши ҳамкор ташкилотлар билан амалий тадбирлар ўтказиб келинади. Назаримда, дори-дармон масаласига жиддий эъти­бор бериш зарур.  

Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан мақсад — аҳоли учун малакали хизмат кўрсатиш ва соғлом авлодни вояга етказишдир. Бунда, аввало, Гиппократ қасамини ёд олиб, қалбига сингдирган ҳар бир тиббиёт ходими фаол бўлмоғи ва ўз бурчини виждонан адо этмоғи даркор. Лекин онда-сонда бўлсада шахсий манфаатини аҳоли саломатлигидан устун қўйиш каби нуқсонлар учраб турибди. Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишга тўсиқ бўлаётган бу каби муаммоларга қарши курашда жамоатчилик назорати ўз таъсир кучини кўрсатиши ва бунда барча бирдай курашиши зарур бўлади.  

Акбаржон МАНСУРОВ,

«Адолат» СДП Янги Наманган туман кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Ахоли хавфсизлиги таъминланади

admin

Илм- маърифатга бешик бўлган юрт

admin

Адолат – инсон қадри учун!

admin