ADOLAT 24

Маърифат — дунёни англаш йўли

Инсон абадий яшамайди, аммо унинг қалбида яралган эзгу ғоялар абадийдир. Одамзод қўлидаги тарозининг икки палласининг бирида иқтисодиёт турса, иккинчисида маънавият туради. Мана шу паллалар тенг турса, жамият ривожланади.

Бугун халқимизнинг маънавий хазинасини асраб-авайлаш, уни юксак қадрият ўлароқ дунёга кўрсатиш йўлида давлатимиз томонидан катта саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари”, 30 жилдлик “Мустақиллик даври навоийшунослиги” каби бир неча адабий мажмуаларнинг яратилиши муҳим воқелик бўлди. Яқинда Туркия ва Озарбайжонда “Туркий адабиёт дурдоналари” маж­муасининг тақдимоти ўтказилди.

Биз киммиз, кимларнинг авлодимиз деган савол билан ҳар бир одам бот-бот ўзига юзланади. Боболаримиз билан фахрланамиз, тўғри, бироқ мақтаниш билангина кифояланмасдан, уларга муносиб бўлишимиз ва Ватан чақириқларига садоқат, фидойилик билан жавоб беришимиз керак.

Аждодларимиз ўзларининг даврига яраша тарих олдида улкан ишларни амалга оширганлар. Узоққа кетмайлик, яқин ўтмишимизда Туркис­тон жадидларининг жуда катта салоҳияти, ватанпарварлиги билан мислсиз ишлар юзага чиққан. Жадидлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилишида катта ҳақиқат бор. Айнан улар фаолияти, илгари сурган ғоялари бугунги янги Ўзбекис­тон сиё­сатига ҳамоҳангдир. Улар фаолиятларини айнан таълим соҳасини ислоҳ қилишдан бошлаган эдилар. Миллийликни улуғлаган ҳолда замонавий дунё илм-фани, хорижий таж­рибаларни ҳам ўрганган эдилар. Чунки мамлакат болаларига, аҳолисига маърифат бермагунча, чин савод ўргатмагунча дунёни англаш мумкин эмас.

Миллат тараққиёти, Ватан тараққиёти йўлида фидойилик учун, аввало, миллий ўзликни англаш муҳимдир. Бугун Ўзбекистонда мактаб таълими ислоҳотлари туфайли ўқувчиларнинг икки хорижий тил ва касб-ҳунар ўрганишининг йўлга қўйилиши ҳам жаҳон майдонида ўзбекнинг ўзлигини топиши мақсадида қўйилган қадамдир.

Дунё қутбларида янгича тартиблар юзага келаётган, таҳликали ва мураккаб вазиятлар пайдо бўлаётган давр­да ватанпарварлик ҳисси ҳар доимгидан кўпроқ керак бўлади. Дарҳақиқат, баъзан тармоқларда ўзга ғоялар туфайли бир-бири билан жиққамушт олишаётган ёшларни кўриб, хафа бўласан. Йўқ, биз ягона миллий ғоя атрофида, Ватанимиз тараққиёти учун бир мушт бўлиб бирлашишимиз керак.

Давлатимиз раҳбари Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида 9 та йўналиш бўйича ўз фикрларини билдириб, муҳим ташаббусларни илгари сурар экан, адабиёт, театр, мақом, бахшилик, ҳунармандлик, рассомлик, музейлар, кино санъати фаолиятига оид қилинажак ишларни ўртага ташлади ва масъулларга аниқ вазифаларни тақсимлаб берди. Уларнинг замирида миллий ўзликни анг­лаш, анъаналар ва эришилган тарихий ютуқларни қадр­лаш, шунингдек, ўзга ғоялар, маънавиятимиз ва одатларимизга зид ҳолатларнинг ўзлашиб қолишидан ҳимоя ётади. Маънавий қиёфаси гўзал инсон, албатта, кутубхоналарда кўп бўлиши, театр, санъат асарларини, мусиқани қадрлаши барчага аён. Бундай инсоннинг ҳаётга, жамиятга, дунёга мустақил қарашлари шаклланган бўлади..

Юртимиз сиёсатида жамоатчилик фикри муҳим эканлиги кўзга ташланади. Давлат дастурларининг жамоатчилик фикри, таклифлари асосида қабул қилиниши, унда халқнинг иштироки, жамоатчилик фикрининг эътиборга олиниши биз эришган муҳим ютуқлардан биридир. Бунга жавобан эса биз, зиёлилар, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ҳам ўз давримизнинг жадиди каби Ватан учун, унинг ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий юксалиши йўлида хизмат қилишимиз керак.

Ҳар бир жамият аъзосининг ўз вазифасини сидқидилдан ижро этиши бу маънавият масаласидир. Ҳар бир иш ҳалоллик билан, виждонан бажарилар экан, мамлакат тараққиёти йўлида натижаларга эришилади. Маънавият эса китобсеварликдан, маърифатдан бошланади. Маънавиятли, маърифатли инсон ватанпарвардир.

Ватан сарҳадларида уни қўриқлаб бедор, кўз юммаган аскарнинг хизмати улуғлиги айтилади китобларда. Бугун ахборот жанг­ларида, маънавий-маърифий сарҳадларда қалам тутган бедор инсонлар ҳам Ватан ҳимоячиларидир.

Бугун маънавият соҳасининг бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги ҳаракатга келтирувчи кучга айланишида барчамиз ҳамфикрлик, бирдамлик, ватанпарварлик ҳар доимгидан ҳам долзарб эканлигини англаган ҳолда яшашимиз, ишлашимиз зарур.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

“ОВ”га ЧИҚҚАН УЧОВЛОН

admin

ТИББИЁТДА ХУСУСИЙ СЕКТОР ФАОЛИЯТИГА ҚЎШИМЧА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИШ ВА СОҲА ХОДИМЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

“Ҳар не истарсен…”

admin