Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова жорий йилнинг 1 февраль куни Нукус шаҳрида бўлиб, қорақалпоғистонлик партия фаоллари билан учрашув ўтказди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, ҳудуддаги шаҳар ва туман кенгашлари ходимлари, партия хайрихоҳлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Учрашувда партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова ҳудудда партия дастурий вазифаларининг бажарилиши, лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида қилинаётган ишлар ҳолати билан яқиндан танишди. Йиғилишда партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, кадрлар захирасини мустаҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли йўлга қўйиш, партия аъзоларининг сиёсий билимлари ҳамда фаоллигини ошириш ва бошқа устувор масалалар муҳокама қилинди.
“Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда ҳудуддаги партиянинг маҳаллий Кенгашлари ўтган даврдаги фаолияти давомида партия лойиҳалари асосида қатор ижобий ишларни амалга оширди. Жумладан, “Адолат Сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар куни” лойиҳаси доирасида партия лекторлари томонидан жами 249 маротаба сиёсий ўқувлар ташкил этилиб, бу тадбирларга 4418 нафар иштирокчи қамраб олинган. “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида эса партиянинг ишчи гуруҳи аъзолари томонидан жами 251 та маҳаллада 2395 та хонадон ва 220 та хўжалик юритувчи субъектлар ўрганилди. Мазкур ўрганишларда аҳоли томонидан 246 та мурожаат келиб тушиб, улар юзасидан 24 та мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. 148 та мурожаатлар мутасадди органларни жалб этиш орқали, 99 та мурожаатлар эса ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали жойида ҳал этилди. Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 86 та фуқаро ишга жойлаштирилди.
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова ўтган даврда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан партия танилувчанлигини ошириш ҳамда хайрихоҳлари сафини кенгайтириш борасида қилинган ишлар ва эришилаётган ютуқларни эътироф этар экан, йўл қўйилган айрим камчиликларга ҳам эътибор қаратиб, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар билдирди.
Ҳудуддаги партиянинг шаҳар ва туман кенгашлари фаолияти ҳамда амалиётга татбиқ этилаётган партия лойиҳаларининг самарадорлигини таъминлаш, уларни оммавий ахборот воситалари, хусусан, катта аудиторияга эга бўлган ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш, партияга аъзолик бадали режасининг тўлиқ бажарилиши юзасидан вазифалар белгиланди.
Шунингдек, жорий йилда партия олдида турган улкан ва масъулиятли ташкилий-партиявий вазифалар, жумладан, партия кадрлари ва фаолларининг мақсадли ва самарали фаолият кўрсатишларини таъминлаш борасида тавсиялар берди.
Келгусида ижтимоий соҳага оид партия ғояларига сайловчиларнинг кенг қатламини қизиқтириш, анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли ижтимоий дастурларининг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли давлат ғоясини қўллаб-қувватлаш, бунда, айниқса, партиянинг таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ғояларига алоҳида аҳамият қаратиш кераклиги қайд этилди.
Куннинг иккинчи ярмида партия раҳбари Қораўзак ва Тахтакўпир туманларида бўлиб, партия фаоллари билан учрашди.
Ўзаро очиқ мулоқот шаклидаги учрашувларда партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини янада юксалтириш, иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш партия фаолларининг доимий диққат марказида бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
Учрашувларда партия ҳамда ҳудудлардаги жамоатчилик фаолларининг фикр-мулоҳазалари эшитилиб, келгусида партия фаолиятини ривожлантиришга оид таклифлар билдирилди.
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг Қорақалпоғистон Республикасидаги партия фаоллари билан учрашувлари давом этмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши матбуот хизмати