ADOLAT 24

МУАММОЛАРГА ЕЧИМ ТОПИЛМОҚДА Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жойларга учрашувлари

Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш борасида катта ишлар амалга оширилаяпти. Зеро, амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида юртдошларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдек олий қадрият мужассам. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам жойларда аҳоли билан мулоқотга киришиб, одамларнинг оғирини енгил қилиш чораларини кўришмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаётир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Махфурат Хушвақтованинг Муборак тумани аҳолиси билан учрашувларида ечимини кутаётган кўпгина масалалар ҳал қилиниши белгиланди.

Депутат Қарлиқ қишлоғи аҳолиси билан учрашганида фуқаро Ойжамол Бердишукурова уй-жой масаласида келишмовчиликлар юзага келаётганлиги юзасидан мурожаат қилди ва амалий ёрдам сўради. Унинг мурожаати шу ернинг ўзида мутасаддилар иштирокида бартараф этилди. Бундан ташқари, фуқаролар Қарлиқ қиш­лоғида бўш турган биноларни мослаштириб, болалар боғчаси сифатида фойдаланишга тегишли ташкилотлар рухсат бермаётганлигидан шикоят қилишди. Депутат бу масалани ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли масъул ташкилотлар раҳбарларига кўрсатмалар берди. Шунингдек, қишлоқ одамлари касб-ҳунар мактабини ташкил этишга ҳам кўмак сўрашди. 

Хўжамуборак қишлоғи ҳудудидаги 815 та хонадонда 4 660 нафар аҳоли истиқомат қилади. Депутат билан жонли мулоқотга киришган фуқаролар уйларда табиий газ муаммо бўлаётганлигидан норози эканлигини айтишди. Махфурат Хушвақтова бу муаммони тегишли тартибда ҳал қилишини билдирди.   

Ёқуб Амирқулов, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси

**

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Наманган вилоятидан сайланган депутатлар ўз сайлов округлари ҳудудларида бўлиб, жойларда ўрганишлар олиб бормоқда ва аҳоли билан мулоқотга киришмоқда.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал демократик партияси фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов Наманган шаҳрининг Янги Наманган туманидаги қатор маҳаллалар, умумтаълим мактаблари ва тиббиёт муассасаларида бўлиб, соҳа ходимлари ҳамда фуқаролар билан мулоқот ўтказди.

Халқ ноиби даставвал вилоят марказидан 20 километр олис манзилда жойлашган “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти билан танишиб, ёшлар етакчиси Азизбек Қаҳҳоров билан ёш авлод ҳаётига боғлиқ масалалар ҳақида суҳбатлашди. 

Маҳалла ҳудуди кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида обод ва кўркам қиё­фага кирди. Бироқ аҳоли билан суҳбатлашилганда, ичимлик суви ва суюлтирилган газ етказиб бериш, йўловчи ташиш транспортлари қатнови, чиқиндиларни ташиб кетишда бир қатор муаммолар борлиги маълум бўлди.  

Бундан 36 йил аввал қурилган 65-сонли умумтаълим мактаби лойи­ҳа бўйича 900 ўринга мўлжалланган бўлса-да, айни пайтда бу билим масканида икки ҳисса кўп, яъни 1 минг 800 нафардан зиёд ўқувчи ўқияпти. Аксарият болалар 5-6 километр масофадан қатнайди. Илм мас­канида жисмоний тарбия ва спорт дарслари ўтилиши учун шароит етарли эмас. Чунки қишки спорт хонаси тор. Мактаб ҳовлисида бунёд этилган спорт майдончаси талабга жавоб бермайди. Атрофи симтўр билан ўралган. Бу болаларнинг футбол ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиши учун хавф туғдиради. Мактаб чиқинди тўп­лаш ҳудуди анча вақтдан бери тозаланмаган. Афтидан “Тоза ҳудуд” корхонаси масъуллари ўз вазифаларини унутиб қўйганга ўхшайди.

Маҳаллада аҳолининг мушкулини осон қиладиган тижорат банкларига қарашли банкомат, электрон шаклда тўловларни амалга оширадиган шохобчалар йўқ. Нақд пул ечиш учун одамлар шаҳар марказига бориб-келишга мажбур. Бунинг устига дорихона ҳам йўқ.

“Мустақилликнинг ўн йиллиги” кўчасида яшовчи хонадонлар сим­ёғоч ўрнатилмаганлиги сабабли электр токи симларини чувалаштириб, қўлбола ёғочлар ёрдамида тортиб олишган. 

Депутат Янги Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникасининг “Бўстон” филиалида бўлиб, яратилган шароитлар билан танишди. Мазкур филиал замонавий кўринишда бунёд этилган бўлса-да, аллақачон бинонинг айрим хоналари яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шунинг­дек, мутахассислар етишмайди. Тиббий жиҳозлар билан тўла таъминланмаган. 180 беморга мўлжалланган бўлишига қарамай, яқин атрофдаги ўн бир минг аҳоли дардига шифо излаб шу ерга келади. Мулоқот давомида поликлиника замонавий компьютер билан таъминланмаганлиги маълум бўлгач, депутат шахсий компьютерини тиббиёт ходимларига совға тариқасида топширди.

Шунингдек, Дилмурод Исмоилов “Мустақилликнинг беш йиллиги” маҳалласи аҳлининг яшаш тарзи билан ҳам танишди. 6 мингдан ошиқ фуқаро истиқомат қилувчи ушбу маҳаллада аҳолини иш билан таъминлаш, тиббий хизмат, банк, транспорт, мактаб, ичимлик суви, газ ва чиқиндилар, томорқаларни суғориш билан боғлиқ муаммолар борлиги кўзга ташланди.

Бундан ташқари, депутат Давлат­обод туманидаги “Халқлар дўстлиги” маҳалласи фуқаролари билан ҳам учрашиб, улар томонидан кўтарилган мазкур ҳудуддаги муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини айтди.

Дилмурод Исмоилов ўрганиш ва мулоқотлар давомида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш борасида Янги Наманган ва Давлатобод туманлари ҳокимлик­лари ҳамда вилоят миқёсидаги мутасадди ташкилотлар раҳбарларига мурожаат этишини билдирди.

Дарвоқе, ўрганишда аниқланган долзарб муаммолардан бири – банкомат масаласи Наманган шаҳар ҳокимининг амалий кўмагида ижобий ҳал қилинди. Қолган бир қатор жиддий муаммоларга ҳам тегишли мутасаддилар эътибор қаратишса, айни муддао бўларди.

Наманган вилоят кенгаши 

матбуот хизмати

**

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Абдуғани Умиров аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, чекка қишлоқларда яшаётган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, муаммоларини жойида ҳал этиш мақсадида Нишон тумани фуқаролари билан учрашди. 

Дастлаб “Юксалиш” МФЙ ҳудудига қарашли Ёшлик кўчасидаги кўп қаватли уйларда яшаётган одамлар билан мулоқотда канализация тизими ишламаслиги, ноқонуний қурилиш ишларидан сўнг қолиб кетган чиқиндилар “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан вақтида ташиб кетилмаётгани юзасидан мурожаатлар бўлди. Депутат аҳолини ташвишлантириб келаётган муаммоларни атрофлича ўрганди ва туман миқёсида ҳал қилиш учун мутасаддиларга топшириқ берди.

Жўра бобо Қодиров “Навбаҳор” МФЙда умргузаронлик қилади. Отахон бир-бирига яқин “Юксалиш” ва “Навбаҳор” МФЙ ларини боғлаб турадиган йўналишда  кўприк қуриб бериш масаласида депутатга юзланди. Абдуғани Умиров ушбу масала ечими юзасидан туман ҳокимлиги мутасаддилари билан маслаҳат­лашди ва муаммо дастурга киритиладиган бўлди. 

Шоҳжаҳон Мейлиев, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси

**

Давлат дастурлари ижросини таъминлаш ва қонунчилигимизга киритилаётган ўзгаришларни халқимизга етказишда сиёсий партиялар ва маҳаллий кенгаш депутатларининг ўрни катта. Шу маънода, “Ўзбекис­тон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор мақсад ва вазифаларни жамоатчилик орасида тарғиб қилиш долзарб вазифаларимиздан биридир. “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари бу борада қандай иш олиб бормоқда? Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мавлуда Адҳамжонова партия фаоллари билан ўтказилган давра суҳбатида иштирокчилар олдига айни шу саволни қўйди.  

– Фаолиятимизда бу масалага алоҳида эътибор қаратамиз, – дейди “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева. – Қабул қилинаётган давлат дастурлари халқимиз хоҳиш-иродасини ифодалаш, давлат сиёсатини амалга оширишда ўз ўрнига эга. Жумладан, “Ўзбе­кистон–2030” стратегиясидан ўрин олган 5 та устувор йўналиш ҳамда 100 та мақсадни амалга оширишда биз олдинги сафда боришимиз зарур. Бу борада амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилишимиз ва жамоатчилик назоратини олиб бориш мақсадга мувофиқдир. 

– “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 79-мақсади Янги Ўзбекистонни барпо этишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада оширишга қаратилган, – дея таъкидлаб ўтди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова ўз маърузасида. – Шундан келиб чиқиб, андижонлик “адолатчилар” янада фаоллик билан иш олиб бораётгани қувонарли. Жамоатчилик орасига чуқур кириб бориб, улар томонидан давлатимизнинг бугунги сиёсати тарғиб қилинмоқда. Натижада фуқароларда партиямизга бўлган ишонч ортмоқда.

Тадбир давомида сайлов қонунчилиги ва жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик, партия етакчилари олдида турган вазифалар хусусида ҳам фикр алмашилди. 

Андижон вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Жонибекова халқ билан очиқ мулоқот қилиш мақсадида Сирдарё вилоятида сайловчилар билан учрашувлар ўтказди.

Хусусан, Янгиер педагогика коллежида бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида юртимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, депутат ҳудуддаги учрашувлари давомида Янгиер шаҳридаги “EURASIAN INDUSTRIAL UNION” МЧЖда бўлиб, корхона томонидан “Пенополистирол асосида плинтуслар” ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди.

Мазкур корхона 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, айни пайтда бу ерда 50 нафар ишчи ходим меҳнат қилмоқда. Корхона ўтган йили хорижга 30 минг долларлик маҳсулот экспорт қилган. 

Мазкур учрашувлар давомида депутат тумандаги маҳалла ва гузарларда бўлиб, одамларни ўйлантириб келаётган масалаларни ўрганди. Ҳар бир фуқаронинг мурожаатини тинглаб, уларни бартараф этиш чораларини кўрди.

– Ҳозирги кунда олдимизда турган энг муҳим вазифа, бу аҳоли орасига чурурроқ кириб бориш, жойлардаги ижтимоий масалаларга ижобий ечим топишда фаол иштирок этишдан иборат, – дейди депутат Н.Жонибекова. – Албатта, бу жараёнда одамларни ўйлантираётган масалаларга ижобий ечим топишимиз, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фаол иштирок этишимиз керак.

Сирдарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишни назорат қилиш “Адолат” СДПнинг вазифаларидан бири. Шундан келиб чиқиб тиббиёт ходимларининг масъулиятини кучайтириш, аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш, фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга партия фаоллари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аъзоларининг катта қисмини тиббиёт ходимлари ташкил этадиган “Адолат” СДП Пастдарғом туман кенгаши томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиева иштирокида туман тиббиёт бирлашмасида айни шу масалаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди. 

Тадбирда сўзга чиқувчилар томонидан соҳадаги ютуқлар, муаммо ва уларнинг ечимлари тўғрисида таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.  

Депутат Музаффара Абдиева ҳар бир таклиф ва мурожаат, албатта, инобатга олинишини алоҳида қайд этиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, шунингдек, тумандаги “Гўзал­кент” туғриқ массивида ташкил этилган тиббий кўрикда ҳам иштирок этиб, фуқаролар билан учрашди, уларнинг мурожаатларини тинг­лади.

Туман тиббиёт бирлашмасида ўтказилган учрашувда депутат тиббиёт ходимларининг фаолияти билан яқиндан танишди. Учрашув давомида соғлиқни сақлаш ходимларига тиббиётга оид қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумотлар берилди, уларнинг бугун жамиятимизда тутаётган мавқеии юзасидан кўплаб таклиф ва мурожаатлар тингланди.

Самарқанд вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Денгиз бўл!

admin

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Р.Махмудованинг “Адолат” СДП ХI Қурултойидаги  МАЪРУЗАСИ

admin

Рақамлаштириш – ижро интизомини таъминлашнинг муҳим воситаси

admin