ADOLAT 24

Фаолият сарҳисоб қилинди 

Ҳудудий Кенгашлар томонидан ўтказилган пленумларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида ва 2023 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларнинг ижроси танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди ҳамда 2024 йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор йўналишлар муҳокама этилиб, муҳим вазифалар белгилаб олинди. 

Партия Тошкент шаҳар кенгашининг XII пленумида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова иштирок этиб, ўтган давр­да партиямизнинг дастурий вазифаларини амалга ошириш, унинг лойи­ҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, аъзо­лар сафини кенгайтириш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли йўлга қўйиш ва тўлиқ таъминлаш ва бошқа устувор масалаларда Тошкент шаҳар кенгаши қатор ижобий натижаларни қайд этганлигини таъкид­лаб ўтди.

Пленумда партия Тошкент шаҳар кенгашининг 2023 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Унга кўра, 2023 йилда шаҳар кенгаши партия лойиҳаларини амалиётга самарали татбиқ этиш орқали ҳудуддаги аҳоли орасида партия танилувчанлигини оширишда сезиларли ютуқларга эришган. Жумладан, ўтган йилда партиянинг ижтимоий йўналишдаги ғоя ва мақсадларидан келиб чиқиб, Сайловолди дастурида тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратилганлиги боис, шаҳар кенгаши томонидан ушбу йўналишда қатор тадбирлар ўтказилган.

Хусусан, ўтган йили шаҳар кенгаши ташаббускорлигида 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни ҳамда 8 декабрь – Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан 1 июнь ҳамда 1 декабрь кунлари Тошкент шаҳар қон препаратлари илмий ишлаб чиқариш корхонасида ва 13 декабрь куни Ички ишлар вазирлиги академиясида “Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акциялари ўтказилган.

Тадбир давомида кўнгилли донорлардан жами 179 литр 500 грамм қон йиғилиб, бемор болажонларимиз ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилганлиги алоҳида таъкидланди.

Пленумда партия Сиёсий Кенгаши раиси томонидан партиянинг, жумладан, Тошкент шаҳар кенгашининг олдида турган келгусидаги долзарб масалалар, устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди. 

* * *

Самарқанд вилоят кенгашининг XII пленумида сўзга чиққанлар томонидан 2024 йилдаги муҳим сиёсий жараёнларда партия фаолиятини сифат жиҳатидан янада ошириш, лойиҳалар самарадорлигини таъминлаш муҳим вазифа эканлиги, сайловчиларнинг бугунги ва келгусидаги хоҳиш-истаклари атроф­лича таҳлил қилиниб, уларга мувофиқ тарзда партия фаолиятини қайта шакллантириш учун янада фаолроқ ишлаш кераклиги таъкидланди. Бу борада қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Пленумда қайд этилганидек, партия­мизнинг жамиятдаги нуфузи электорат манфаатларини қай даражада ҳимоя қилаётганимиз, жойлардаги муаммоларнинг ечими юзасидан қандай самарадор ташаббуслар билан чиқаётганимизга қараб баҳоланади. Шу маънода “Адолат” СДП Пастдарғом туман кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Феруз Тўраев ҳудудий кенгаш раисларини аҳоли муаммоларини жойида ҳал этишда партия депутатлари билан фаол ишлашга чақирди.

* * *

Фарғона вилояти кенгашининг XII пленумида ҳам вилоят кенгашининг ўтган йилдаги фаолияти атрофлича муҳокама қилиниб, келгуси ишлар юзасидан устувор мақсадларга эътибор қаратилди.

Унда партия­ вилоят кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева кенгашнинг 2023 йилдаги фаолияти “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастури, партиянинг 2023 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” ҳамда “Адолат – ҳар бир инсон учун” Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросига йўналтирилганлигини қайд этиб ўтди.

* * *

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган “Aдолат” СДП Бухоро вилоят кенгашининг ХI пленуми ҳам баҳс-мунозараларга бой бўлди. Жараёнда ўтган даврда белгиланган режадаги вазифаларнинг ижроси, уларни бажаришда эришилган тажриба ҳамда йўл қўйилган камчиликлар хусусида сўз борди. Йўл қўйилган камчилик­лардан керакли хулоса чиқариб, келгусида уларни бартараф этиш, юқори самарадорликка эришиш юзасидан тавсиялар берилди. Шунинг­дек, 2023 йил давомида фаоллик кўрсатган туман-шаҳар кенгашлари раислари партия вилоят кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир якунида 2024 йилда амалга оширилиши режалаштирилган муҳим ташаббуслар белгилаб олинди.

* * *

Термиз шаҳридаги вилоят Касаба уюшмалари мажлислар залида Сурхондарё вилоят кенгашининг XVIII пленумида вилоят кенгашининг ўтган йилдаги фаолияти ҳамда жорий йилдаги вазифалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда қайд этилганидек, 2023 йилда халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш, барча даражадаги депутатлик корпуслари иштирокида жойларга қонунларнинг етиб бориши ва уларнинг ижросини ўрганиш юзасидан салмоқли ишлар қилинди ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тегиш­ли давлат органларига таклифлар, депутатлик сўровларини киритиш орқали қонун устуворлигини таъминлашга эришилди.

Пленумда жорий йилдаги вазифаларга тўхталиниб, “Адолат” СДПнинг дастурий мақсад ва вазифалари халқчиллиги ва унинг нуфузини янада ошириш, электоратимиз манфаатларини кенг­роқ ифодалаш учун катта имконият эканлиги таъкидланди. Партия олдида турган улкан ва масъулиятли ташкилий-партиявий вазифаларга барча кучларни сафарбар этиш таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ғояларга устувор масала сифатида қараш, шу билан бирга хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини янада юксалтириш, иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, ташаббус­ларини қўллаб-қувватлаш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Шунингдек, Қашқадарё, Сирдарё, Андижон, Наманган, Жиззах, Навоий, Хоразм ҳамда Тошкент вилоятларида ҳам партия ҳудудий кенгашларининг пленумлари бўлиб ўтди.

Tegishli xabarlar

Ўқитувчи — келажак бунёдкори

admin

Автомактабларга лицензияни ким беради?

admin

“Адолат” СДП янги таҳрирдаги Конституция аудио китобини тақдим этди

admin