ADOLAT 24

Муносабатлар изчил ривожланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 23-25 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Қодир Жўраев билан мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар, хитойлик сармоядорларнинг Ўзбекис­тондаги фаолияти ҳамда ташрифдан кутилаётган натижалар хусусида суҳбатлашдик.

– Маълумки, Марказий Осиё ва Хитой ўзаро қўшни минтақалар ҳисобланади. Улар ўртасидаги алоқалар қадимдан ривожланиб келган, шундай эмасми? 

– Тўғри. Қадимий қўл­ёзма манбаларга мурожаат қилсак, Хитой ва Марказий Осиё ўртасида мунтазам алоқалар йўлга қўйилгани ҳақида кўплаб маълумотларга дуч келамиз. 

Масалан, Дунхуанда топилган археологик ашёлар қадимдан бу ерда Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва Тошкентдан келган савдогарлар яшаганини яққол тасдиқлайди. 

Бундан ташқари, милодга қадар II аср ўрталарида Ғарбий Хан империяси (эрамизгача 206 йилдан – эрамизнинг 25 йили) элчиси Чжан Цянь Фарғонага келгани ҳақида маълумотлар бор. 

Бошқа бир мисол, Сун сулоласи даврида (960-1279) Сун ҳукмдори Бухоро хонидан ёрдам сўрагани, у эса Нажмиддин Сўфий бошчилигидаги катта ҳарбий отряд, 7 минг от ва туяларни ёрдамга юборгани ва натижада душман устидан ғалаба қозонилгани, Нажмиддин Сўфий Хитойда қолиб, 97 ёшида оламдан ўтгани ҳақида маълумотлар учрайди.

Ўрта асрларда Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари хитой тилига таржима қилиниб, чин халқ табобатини ривожлантиришда кенг фойдаланилган. 

Темурийзода Шоҳрух бошқаруви даврида 1419-1422 йилларда унинг Пекинда элчиси фаолият юритган. Муаллиф Ғиёсиддин Наққошнинг бу ҳақдаги ёзувлари ҳозирда Ўзбекис­тон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти фондида сақланмоқда.

– Замонавий даврда Ўзбекис­тон – Хитой муносабатлари қай тарзда ривожланмоқда? Хитой мамлакатимиз ташқи сиёсатида қандай ўрин тутади? Шу хусусда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Хитой Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1991 йил 27 декабрда тан олган мамлакат ҳисобланади. Биз буни ҳеч қачон унутмаслигимиз ва ҳамиша қадрлашимиз лозим. Дипломатик алоқалар 1992 йил 2 январда ўрнатилди. 1992 йилда икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик яратиш тартиби ўрнатилган бўлса, 2016 йил 22 июнь ҳамда 2022 йил 15 сентябрдаги халқаро битимлардан кейин алоқалар янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шериклик даражаларига кўтарилди. 

Ҳозирда Хитой Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади. У мамлакатимизнинг стратегик шерикларидан бири ва энг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. 

Савдо-иқтисодий соҳада динамик ўсиш барча жабҳаларда намоён бўлмоқда. Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар орасида Хитой етакчи давлат сифатида эътироф этилмоқда. Ўтган йил якунлари бўйича товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди. Олий даражадаги учрашувда яқин истиқболда буни 20 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар борлиги тўғрисида якдил фикр билдирилди.

Кейинги йилларда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони эса уч баробар ошди.

Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва “яшил” энергетикада технологиялар трансфери соҳаларида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олинди.

Шу маънода, ўтган йил охирида Ўзбекистонда Хитой компаниялари иштирокида қуввати 1000 мегаваттлик иккита янги қуёш электр станциялари фойдаланишга топширилгани мамнуният билан қайд этилди.

Хитойнинг етакчи банклари, “Ипак йўли” фонди ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан самарали молиявий-техник ҳамкорликнинг бугунги даражаси юқори баҳоланди.

Давлатимиз раҳбари инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситаларини кенгайтириш, жумладан, қўшма платформа яратиш борасида келишувларга эришилганини, шунингдек, Хитой Эксимбанкининг Тошкент шаҳрида Марказий Осиё учун минтақавий офис очиш қарорини олқишлади.

Президентимиз хитойлик шерик­ларни Ўзбекистондаги давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирди.

Етакчилар ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашганига мамнуният билдирдилар. Бу борадаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари кенгашини тузишга келишиб олдилар.

“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Трансминтақавий транспорт ва транзит кўпригининг муҳим таркибий қисми бўладиган “Хитой – Қирғизис­тон –Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳим экани таъкидланди..

– Икки мамлакат алоқаларининг ривожига туртки бераётган омиллардан бири, бу давлат раҳбарларининг олий даражадаги ташрифлари ҳисобланади. Бу борада фикрингиз қандай?

– Ҳақиқатан ҳам, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг изчил ривожланишида олий даражадаги давлат ташрифларининг аҳамияти беқиёсдир. Ушбу ташрифлар ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. 1992-2023 йиллар мобайнида Ўзбекистон ва Хитой раҳбарларининг ўзаро ўнлаб давлат ташрифлари амалга оширилди. Биргина 2023 йилда Президент Шавкат Мирзиёев икки марта Хитойга ташриф буюрди: 8-19 май кунлари Циан шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” илк саммитида иштирок этган бўлса, 17-18 октябрда Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир камар, бир йўл” 3-халқаро форумида қатнашди. 

Айниқса, Циан шаҳрида Хитой Халқ Республикаси раҳбари ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари иштирокида “Марказий Осиё – Хитой” биринчи саммитининг ўтказилиши минтақалар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболларини очиб берди, деб бемалол айтиш мумкин. 

Бундан ташқари, икки мамлакат парламенти вакилларининг доимий мулоқоти ва ҳамкорлиги ҳам кенг йўлга қўйилган. 2017 йилдан бери Олий Мажлисда Бутунхитой халқ депутатлари мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолият кўрсатмоқда.

– Маълумки, Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп жалб қилинаётган сармоялар Хитой сармоялари ҳисобланади. Бу ҳозирда қандай натижа бермоқда?

– Эътироф этиш лозимки, ўтган йиллар мобайнида хитойлик сармоя­дорлар иштирокида юртимизда қатор стратегик аҳамиятга эга бўлган корхона ва иншоотлар барпо этилди. Мисол сифатида Ангрен – Поп темир йўли, Қамчиқ довонида қурилган туннелларни келтириш мумкин. Ҳозирда ҳам хитойлик ҳамкорлар билан бирга қатор стратегик объектлар, хусусан, йирик корхоналар ва энергетик мажмуа­лар барпо этилмоқда. 

Умуман, ҳозирги кунда Ўзбекис­тонда хитойлик сармоядорлар иштирокида 2337 та корхона фаолият кўрсатмоқда. 

– Савдо-иқтисодий ва сармоя­вий соҳалардан ташқари ҳамкорликнинг яна қайси соҳаларини ажратиб кўрсатиш мумкин? 

– Мен изчил ривожланиб бораётган соҳалардан яна бири сифатида маданий-гуманитар алоқаларни алоҳида кўрсатган бўлар эдим. Бу борада кўп­лаб мисолларни келтириш мумкин. Ўзбекистон ва Хитой маданияти ҳамда санъат усталари кўплаб нуфузли фес­тиваль ва анжуманларда ўзаро қатнашиб келмоқда. 

Масалан, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Конфуций номидаги хитой тили ва маданиятини ўрганиш инс­титути, Жаҳон иқтисодиёти ва дип­ломатия университетида Хитой тили маркази ташкил этилган. 

Хитой Миллатлар марказий университетида ўзбек тили бўйича бўлинма, Шанхай хорижий тиллар университетида “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси фаолият кўрсатмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида 2 мингдан зиёд талаба хитой тилини ўрганмоқда. 5 та олийгоҳда эса хитой тили биринчи ёки иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилмоқда. 

– Икки мамлакат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсангиз? 

– Мамлакатларимиз алоқаларининг ривожи учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган, деб бемалол таъкидлаш мумкин. 

Юқорида айтганимдек, 2022 йилдан бошлаб, алоқалар янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Ҳозирга қадар икки мамлакат ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосини 285 та, жумладан, 100 дан ортиқ давлатлараро ва бошқа ҳукуматлар­аро ҳужжатлар ташкил этади. 

Бундан ташқари, 2021 йил 1 мартдан ХХР фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан бошлаб 10 кун муддатга визасиз тартиб ўрнатилди. Агар Хитойда 1,5 млрд.га яқин аҳоли истиқомат қилишини ҳисобга олсак, бу келгусида мамлакатимизга келувчи хитойлик сайёҳлар оқимини юксалтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. 

– Давлатимиз раҳбарининг Хитойга ташрифи мобайнида қандай натижалар эришилди?

– Олий даражадаги музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Қўшма баёнот имзоладилар.

Унда томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни турли соҳаларда ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шерикликни мазмун жиҳатидан бойитишга интилиши тасдиқланган.

Етакчилар ҳузурида қуйидагилар имзоланди:

– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида техник-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамкорлиги тўғрисида битим;

– Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги ўртасида хитой тилини ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Ўзбекистон Республикаси Қиш­лоқ хўжалиги вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Божхона бош бош­қармаси ўртасида Ўзбекистондан Хитойга нўхат экспорт қилишда фитосанитар талаблар ва назорат тўғрисида баённома;

– Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Хитой Халқ Рес­публикаси Ислоҳотлар ва ривожланиш давлат қўмитаси ўртасида Хитой – Марказий Осиё – Европа темир йўл экспресслари бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида баённома;

– Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Тижорат вазирлиги ўртасида янги электр транспорт воситалари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида баённома;

– Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ масалалари вазирлиги ўртасида камбағалликни қисқартириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида аҳдлашув баённомаси;

– Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Фан ва технологиялар вазирлиги ўртасида илмий-техник ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида ҳамкорлик баённомаси;

– Ўзбекистон Республикаси Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Хитой Халқ Республикаси Стандартлаштириш маъмурияти ўртасида стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Хитой фуқаролик авиацияси бошқармаси ўртасида “Ҳаво ипак йўли”ни биргаликда барпо этиш тўғрисида келишув;

– Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ва Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ўртасида 2024-2026 йилларда туризм соҳасидаги ҳамкорлик режаси;

– Тошкент вилояти ва Шэньси музофоти ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим;

– Самарқанд ва Циндао шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим ва бошқалар.

Учрашув ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

“Оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинсин!..”

admin

Интеллектуал етук аёл – жамият таянчи

admin

Буюк келажак Адолат, фаоллик, фидойилик туфайли яратилади

admin