ADOLAT 24

Яширин иқтисодиётга қарши курашиш: устувор йўналишлар белгиланди

Ўтган йили бюджетдан 1,2 триллион сўмлик ноқонуний харажат ҳамда 200 миллиард сўмлик камомад ва ўғриликларга йўл қўйилгани аниқланган. Соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги дастурларга ажратилган маблағлар тўлиқ ишлатилмаган. Шунинг­дек, аслида ишламайдиган ходим ёки бажарилмаган иш учун ҳақ ёзиш, асоссиз ссуда ёки мукофот пуллари олиш каби ҳолатлар кўпайган. Бу борада Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инс­пекцияси фаолияти қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди. Шу боис мазкур инспекция Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ўтказилиши белгиланди. Бу йил бюджетда кўзда тутилган 313 триллион сўмлик харажатни тўғри сарфланишини назорат қилиш вазифаси қўйилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил 16 январда

макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишидан

***

Жаҳон иқтисодиётида кечаётган беқарор вазият, мамлакатлар бир-бирига нисбатан қўллаётган иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарлар, ҳар хил молиявий ва бошқа чекловлар нафақат шу мамлакатлар, балки қўшни давлатлар иқтисодига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Бундай ўта мураккаб вазиятда иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда, аввало, мамлакат ички имкониятларидан кенг фойдаланиш, иқтисодий ривожланишга салмоқли салбий таъсир кўрсатаётган хуфёна иқтисодиётга қарши муросасиз курашиш, улар фаолиятини қонунийлаштириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.

Хуфёна иқтисодиёт тараққиёт йўлидаги тўсиқ эканлиги, тадбиркорлик ва бошқа фаолият билан қонунларга зид равишда шуғулланиш ҳолатлари кўпайиши ҳам ривожланиш учун жиддий хавф туғдириши мумкинлиги, айни ҳақиқат.

Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда хизматлар, қурилиш, саноат соҳаларида ўнлаб триллион сўмлик маҳсулотлар “соя”да қолаётганини кўрсатмоқда. Бу орқали ялпи ички маҳсулотга 135 триллион сўм, бюджетга 30 триллион сўм тушум йўқотилмоқда. Жумладан, биргина қурилиш корхоналарининг 41 фоизи ҳисоботида фақат 1 нафар ишчиси борлигини кўрсатган. Ваҳоланки, бу корхоналар ўтган йилнинг ўзида 4 триллион сўмлик қурилиш ишларини бажарган. Ёки камида 25 гектардан ери бор 5 мингта мева-сабзавотчилик фермер хўжалигида 1 нафардан расмий ишчи рўйхатдан ўтгани маълумотларда келтирилган.

Президентимизнинг “Яширин иқ­тисодиётга қарши курашиш соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида айнан яширин иқтисодиётга қарши курашиш, хусусан, давлат назоратини кучайтиришга қаратилган бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда яширин иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш билан 14 та орган тарқоқ ҳолда шуғулланиб келмоқда. Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирадиган яхлит тизим йўқлиги яширин иқтисодиёт улушини юқори даражада қолишига олиб келаётир.

Мазкур ҳужжатда яширин иқтисодиётга қарши курашиш давлатнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланиб, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолияти кучайтирилмоқда. Хусусан, унинг асосий фаолияти сифатида яширин иқтисодиётга қарши курашиш ҳамда бюджет маблағлари ҳаракати занжири устидан тўлиқ назорат ўрнатиш белгиланди.

Шуларни ҳисобга олиб, Департамент чуқур таҳлил, тезкор-қидирув, тафтиш ва ўзи тергов қиладиган идорага айланади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ваколатлари тўлиқ Департаментга ўтказилмоқда. Бу жуда оқилона қарор бўлиб, яширин иқтисодиётга барҳам бериш ва коррупция­ни бартараф этишга хизмат қилади.

Эндиликда Департамент ва Ҳисоб палатаси биргаликда ишлаб, яширин иқтисодиётни жиловлаш ва бюджет маблағларининг тўғри сарфланиши учун жавобгар бўлади. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун Департамент энг замонавий ахборот тизимлари, махсус воситалар билан таъминланади.

Бундан ташқари, Департамент ҳузурида яширин иқтисодиётга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, илғор хорижий таж­риба асосида таклифлар ишлаб чиқадиган, тизим ходимларини иқтисодий жиноятларни аниқлаш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича ўқитадиган Илмий-таҳлилий ва ўқув маркази ташкил этилади.

Мазкур марказ муаммони илмий ўрганиб, унга сабаб бўлаётган асос­ларни таҳлил қилади. Тадбиркорларга қийинчилик туғдираётган қонунларни ўзгартириш таклифларини ишлаб чиқиши, яъни тадбиркорни фақат айбдор қилиб кўрсатмасдан, аксинча, муаммо илдизи қонунчиликдами ёки давлат ташкилотларининг иш услубида эканига аниқлик киритади. 

Абдуғани УМИРОВ, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Қурилиш, транспорт ва экология соҳаларидаги ишлар таҳлил қилиниб, муҳим вазифалар белгиланди

admin

БМТ ОЗИҚ-ОВҚАТ ВА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТАШКИЛОТИ БИЛАН СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИКНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ БЕЛГИЛАБ БЕРИЛДИ

admin

Фаолият сарҳисоб қилинди 

admin