ADOLAT 24

Дунё,   дунё…

Ҳаводан… сув

Бугунги кунда сайёрамизда 2,2 миллиард одам сув танқислиги юзага келган ҳудудларда истиқомат қилмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили 3,5 миллион киши бевосита сув билан боғлиқ хасталиклардан вафот этмоқда.

Маълумки, ичимлик суви таъминоти ва сифати яхшиланиши керак бўлган жойлар асосан дунёнинг серқуёш ҳудудларида. Шу сабабли ҳам дунё олимлари анча йиллардан буён мазкур минтақаларда қуёш энергияси ёрдамида тоза сув олиш муаммоси устида шуғулланиб келишмоқда.  

 Шанхайдаги (Хитой) Цзяо Тун университети олимлари қуёш энергияси билан атмосфера сувини йиғиш ва иқлими қуруқ минтақалар аҳолисига етказиб бериш борасида янги инновацион технология ишлаб чиқдилар. Мазкур янгилик Applied Physics Reviews журналида эълон қилинган. 

– Атмосфера сувини йиғишга мўлжалланган мазкур технология аҳолининг ичимлик сувига бўлган кундалик эҳтиёжини қондириш билан бир қаторда шахсий гигиена, уй-рўзғор, томорқа, саноатда ишлатиш учун ҳам етарли даражада сув йиғиб беради, – дейди тадқиқот муаллифи Ружу Ванг.

Мутахассислар мазкур инновацион технология яқин келажакда қишлоқ хўжалигида ҳам сув муаммосини ҳал қилишда қўл келишига ишонч билдиришмоқда. 

ТИШ ЎСТИРАМИЗ

Англиядаги Плимут университети биолог­лари тиш ўсиш жараёнини тиклашга муваффақ бўлдилар. Олимлар нима учун кўплаб жониворларда тишлар бир умр ўсиб туриши, одамларда эса болалик давридан кейин тўхтаб қолиши сабабларини аниқладилар. Бу янгиликни тадқиқот гуруҳи раҳбари Жос Стюард Nature Communications журналида чоп этилган мақоласида эълон қилган. 

Маълумки, инсон тишларида илдиз ҳужайралари мавжуд, бироқ улар тишларнинг қайта тикланишига ёки алмашишига хизмат қилмасди. Ниҳоят олимлар лазер импульси ёрдамида бу ҳужайраларни фаоллаштиришга муваффақ бўлишди, бу эса янги тишларнинг ўсишига хизмат қилди. 

Биологлар мазкур кашфиёт стоматология соҳасида улкан ютуқларга олиб келишини таъкидлашмоқда.  

БИЗ ЁЛҒИЗ ЭМАСМИЗ

Буюк Британиядаги Уорик университети олимлари Қуёш тизимидан ташқарида жойлашган яна 85 та сайёрада ҳаёт кечириш учун етарли шароитлар борлигини аниқлашди. Бу ҳақда Daily Mail газетаси хабар қилади.

Тадқиқотлар жараёнида мазкур экзосайёралар худди Ер каби ўз юлдузларидан мутаносиб узоқликда жойлашганлигини, шу сабабли ҳаёт кечириш учун етарли ҳароратга эга эканлиги маълум бўлган.

Сайёралар ўлчами турлича. Жумладан, уларнинг айримларининг диаметри Ерга нисбатан 1,4 марта катта бўлса. баъзиларининг катталиги 40 баробарга етади. Тадқиқот гуруҳи раҳбари Фейт Хоторннинг сўзларига кўра, ҳар бир сайёра алоҳида тизимда жойлашган бўлиб, уларнинг айримлари газдан, баъзилари эса қаттиқ қобиқдан ташкил топган бўлиши мумкин. 

Ҳозирча янги топилган сайёраларнинг ўз юлдузлари атрофида бош­қа экзосайёраларга нисбатан секинроқ айланиши маълум. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, янги сайёраларнинг ўз юлдузлари атофида бир марта айланиб чиқиш вақти 20 суткадан 700 суткани ташкил этади. Бу эса уларнинг юлдузлардан сезиларли даражада узоқда жойлашганлигини кўрсатади. 

Дарвоқе, янги топилган 85 сайёранинг 60 таси фалакиётшунослик фанида янгилик сифатида эътироф этилган. 

ЭКОЛОГИЯНИНГ ЁМОНЛАШУВИ ТУШКУНЛИККА ОЛИБ КЕЛАДИ

Финляндиянинг Хельсинки университетидаги бир гуруҳ олимлар атроф-муҳитнинг ҳамда ирсий ўзига хосликнинг одамлар руҳиятига таъсирини ўргандилар. Бу ҳақда Nature Mental Health илмий журнали хабар қилади.

Мутахассислар кейинги пайтларда Ғарбий Европа мамлакатлари фуқароларида тушкунлик, депрессия кучайиб бораётганлигини, ўз тадқиқотларида бунинг сабабини ўрганишга интилганликларини таъкидлаб ўтишган. 

Олимлар атроф-муҳитнинг 685 та таъсирини 12 гуруҳга бўлишди. Бунда асосий эъти­бор ҳавонинг ифлосланиши оқибатларини ўрганишга қаратилди. Кейинги ўринларни оилавий муносабатлар, ҳаётий вазиятлар эгаллади.

Тадқиқотлар инсон саломатлиги, жумладан, тушкунликка тушиши атроф-муҳит, экология билан бевосита ва билвосита боғлиқ эканлигини тасдиқлади. Эътиборли томони шундаки, экологик ҳалокатлар аёлларга нисбатан эркакларни кўпроқ тушкунликка тушираркан.

Хориж манбалари асосида тайёрланди

Tegishli xabarlar

Мактаб – буюк даргоҳ

admin

ОЛТИН ДАВРНИНГ КУНДУЗГИ, КЕЧКИ ВА СИРТҚИ МУАММОЛАРИ

admin

“Муҳаббат” фожиаси

admin