ADOLAT 24

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР (Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари кенгашлари)

Фарғона: Ҳар бир давлатнинг энг қадрли бойлиги, бу аҳолининг жисмонан, маънан, руҳан саломатлигидир. Юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш, тўғри ташхис қўйиш ва самарали даволаш жаҳон стандартларига мос равишда энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар ёрдамида амалга ошириб келиняпти. 

Фарғона шаҳридаги “Arirang Uzbek medical Centr” хусусий клиникаси невропатология, эндокринология, урология, гинекология, ревматология сингари ўнлаб тиббий йўналишларда кореялик шифокорлар билан ҳамкорликда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келаётган жамоалардан биридир. Ўз малакасини дунёдаги энг нуфузли клиникаларда ошириб келаётган тиббиёт ходимлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, маданий-иқтисодий соҳалардаги жараёнларда ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

2024 йил мамлакатимиздаги муҳим сайловлар жараёнида ўз таклиф ва истакларининг “Адолат” СДП Сайловолди дастуридан ўрин олишини, ўз номзодлари орқали мазкур жараёнларда фаол иштирок этиш истагидаги тиббиётчилар “Адолат” СДПни танлагани бизни беҳад қувонтирди. Аҳил жамоа билан партиянинг Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари Орифжон Ўлмасов учрашди. Қизғин савол-жавоблар, самимий мулоқотлар давомида жамоанинг 30 нафар олий тоифали шифокор ва ҳамширалари партия сафига кириш истагини билдирдилар. 

– Клиника жамоасининг “Адолат” партияси сафига қабул қилинганлигини эшитиб жуда хурсанд бўлдим, – дейди шифохонада даволанаётган бемор Муҳаммаджон Бобоев. – Адолат бор жойда ўзаро ҳурмат, касбга масъулият ва жавобгарлик ҳисси юқори бўлади. Шифохона жамоаси адолатни қадрлайдиган инсонлар. Партия билан ҳамкорлик аҳоли учун янада янги имкониятлар яратилишига хизмат қилишига ишончим комил.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида хусусий тиббиёт тизими ҳам тубдан ривож­ланиб, рақобатбардош­лиги ортиб боряпти, – дейди клиника бош шифокори Зикрилло Ўлмасов. – Бизнинг асосий мақсадимиз халқ саломатлиги йўлида самарали меҳнат қилиш. Шу йўналишда Жанубий Кореянинг KOICA ва KOMSTA ташкилотлари билан биргаликда халқимиз саломатлигини асраш йўлида савобли ишларни амалга ошираяпмиз. Хусусан, кореялик шифокорларнинг клиникамизда бепул қабулларини йўлга қўйганмиз.

 Жамоа аҳлининг янги йилдаги янги мақсадлари бисёр. Адолат йўлидаги ҳамкорлик эса халқимиз учун янги имкониятлар эшигини очишига ишонамиз.

Фарғона вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

Сиёсий партиялар роли янада кучаяди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Рес­публикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари учун бўлиб ўтадиган сайловлар олдидан Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастури лойиҳасини шакллантириш мақсадида ҳудудлардаги бош­ланғич партия ташкилотларида таклиф-мунозара шаклида сайловолди учрашувлари ўтказилмоқда.

Ана шундай учрашувларнинг навбатдагиси “Адолат” СДП Беруний туман кенгаши томонидан туман Тиббиёт бирлашмаси биносида ташкил этилди. Тадбирда “Адолат” СДП Беруний туман кенгаши масъуллари, партия фаоллари ва тиббиёт бирлашмаси ходимлари иштирок этишди.

Маърузачилар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказилиши белгиланганлиги, ўз ўрнида сайловнинг мажоритар-пропорционал тизимига ўтиши давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Учрашувда партиямизнинг 2024 йил Сайловолди дастурида тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш ва ходимлар ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш, уларга имтиёзлар бериш юзасидан таклифлар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши матбуот хизмати

**

БПТ фаолияти сарҳисоб қилинди

Маълумки, сиёсий партиялар ўз фаолиятини Сайловолди дастури асосида олиб боради. Шу сабаб уни тайёрлашда жамият ривожи билан боғлиқ энг устувор вазифалар киритилади.

“Aдолат” СДП Сайловолди дастурини шакллантириш юзасидан жойларда жамоатчилик ва партия аъзоларининг фикрлари ўрганилаётгани бежиз эмас. Партиянинг Андижон шаҳар кенгаши томонидан “Андижонсувтаъминоти” МЧЖда ўтказилган давра суҳбатида партия фаолияти ҳақида сўз юритилди. “Адолатчилар”нинг жамиятимиз ривожи ва ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этишда иштироки юзасида маълумот берилди.

Жанона Раҳимова, 

“Адолат” СДП Андижон шаҳар кенгаши раиси:

– Сайловолди дастуримизни янада мустаҳкамлаш тадбирнинг бош мақсадига айланди. Иштирокчилар келгусида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, норасмий меҳнат бозорлари фаолиятига чек қўйиш, болаларни барча кўринишдаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш ва ўқувчиларни мактаб дарсликлари билан таъминлаш билан боғлиқ таклифларни билдирдилар. 

Тадбир якунида мазкур МЧЖдаги бошланғич партия ташкилотининг 2023 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди.

**

Ишчи гуруҳ камчиликларни аниқлади

“Адолат” СДПнинг скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғруқ комплекслари, репродуктив саломатлик ва патронаж хизматлари сифати назорати бўйича тузилган ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги тиббиёт муассасаларида ўрганишлар бош­ланди. 

Мутахассислар ҳамкорлигида тузилган саволномада кўрсатилган бандлар бўйича Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказида шифокорлар ва даволанаётган болаларнинг оналари билан суҳбатлар ўтказилди. Ўрганиш­ларда аниқландики, марказда чақалоқларни она сути билан озиқлантириш борасида оналар ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилаяпти. Марказ томонидан бемор болажонлар учун дори-дармонлар вақтида берилаётир. Бироқ касалликларнинг турига қараб чақалоқларга фойдаланилиши зурур бўлган тиббий жиҳозлар етишмаяпти. 

Айни пайтда марказда 526 нафар тиббиёт ходими фаолият олиб боради. Уларнинг 71 нафари шифокор, 465 нафари эса ўрта тиббиёт ходими. Шунинг­дек, марказда 56 нафар акушер гинекологлар оналар ва болалар соғлиги учун кечаю кундуз ишламоқда. Асосий мақсад эса вилоятда оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олишга қаратилган. 

– Мамлакатимизда тиббиёт соҳасига катта эътибор берилаяпти, – дейди Қашқадарё вилоят перинатал маркази бошлиғи Бобоназар Шодиев. – Оналар ва болалар соғлиги учун зарур маблағлар ажратилиб, қатор имкониятлар яратилган. Марказимизда шифо топаётган барча оналар ва фарзандларимиз яратилаётган имкониятлардан бебаҳра қолмаяптилар, албатта. Жамоатчилик назорати гуруҳи томонидан марказимиздаги аҳвол ўрганилди. Биз уларга тиббиёт жиҳозлари етишмаётгани ва бошқа камчилик­лар хусусида маълум қилдик. 

Шаҳримиздаги тиббиёт муассасалари ходимлари томонидан аҳоли саломатлигини яхшилаш учун самарали ишлар амалга оширилаяпти, – дейди Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош­лиғи Акмал Ашуров. – Жамоатчилик назорати ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўрганишларда оналар ва болалар саломатлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш учун замонавий техник асбоб-ускуналар етишмаётгани аниқланди. Келгусида бу камчиликлар, албатта, бартараф этилади. Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш учун барча зарур чора-тадбирларни кўрамиз. 

Дарвоқе, жамоатчилик назорати ишчи гуруҳи аъзолари Косон туманидаги перинатал бўлими фаолияти билан ҳам танишди. Бўлимда тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш учун масъулларга тегишли маслаҳатлар берилди.  

Гулноза Раджабова, 

Жамоатчилик назорати ишчи гуруҳи аъзоси

**

Депутат мурожаатларга ечим топди

Халқ билан яқиндан мулоқотда бўлмасдан, одамлар ичига кирмасдан туриб, жойларда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларга, мавжуд муаммоларга, кенг жамоатчилик ўй-фикрларига баҳо бериб бўлмайди.

Айни кунларда маҳаллий кенгаш депутатлари халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида ўз сайлов округларида аҳоли билан мулоқотлар ўтказмоқда. Зеро, халқ билан мулоқотларда ҳақиқат юзага чиқади, ечим топиш ҳаракатлари бош­ланади.

Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгаши депутати Ўрол Шерхонов ҳам сайловчилар ишончини оқлаб келаётган депутатлардан бири. У сайловчилар кўтарган масалаларни ижобий ҳал этишга астойдил ҳаракат қилади. Депутат ҳар бир мурожаатни жойига чиқиб ўрганади, уни бартараф этиш чораларини кўради.

Хусусан, депутат партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойи­ҳаси доирасида Шўрчи туманидаги “Тўла” МФЙда бўлиб, ҳар бир фуқаронинг муаммосини эшитди.

Мулоқотлар асносида депутат кўмаги билан шу маҳаллада яшовчи М.Эгамбердиевага соғлигини тиклаш учун туман тиббиёт бирлашмасига ордер олишида кўмаклашилди.

Фуқаро С.Валиев ҳам кўз касаллиги борлиги сабаб 5 ёшидан даволаниб келаётганлигини ва айни вақтда аҳволи оғирлашган бўлса-да, даволаниш учун имконияти йўқлигини айтиб, депутатга мурожаат қилди. Депутатимиз ушбу мурожаатни ҳам очиқ қолдирмасдан, ўз ижобий ечимини топишга кўмаклашди. Яъни С.Валиевга вилоят кўз касалликлар шифохонасида бепул даволаниши учун ордер олишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, ишсиз хотин-қизлар муаммолари тингланди. Маҳалладаги эҳтиёжманд хонадонларга бориб, кам таъминланган беморларнинг яшаш шароитлари ўрганилиб чиқилди. Бугунги кунда маҳаллада учта хонадон, ҳақиқатан ҳам, бир марталик “Саховат ва кўмак” ёрдамига муҳтож эканлиги аниқланди ва ҳужжатлар расмийлаштириб, мутасаддиларга тақдим этилди.

Шу куни халқ вакили туманда фаолият юритаётган бир қатор савдо нуқталарида ҳам бўлиб, тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди. Уларга соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, тадбиркорларга берилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Депутат ишсиз ёшлар, хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун зарур тавсиялар берди.

Мулоқотлар чоғида ҳеч бир фуқаронинг мурожаати эътибордан четда қолмади. Депутат аҳоли томонидан турли соҳаларга оид барча мурожаатларни ижобий ҳал этишга ҳаракат қилишини билдирди. 

Халқ вакилининг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Тирбандликларга барҳам бериш вақти келди

admin

ИЧКИ ТУРИЗМ ХИЗМАТЛАРИНИ ДИВЕРСИФИКАЦИЯ ҚИЛИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Зиёрат – туризмнинг барқарор тараққиёт омили

admin