ADOLAT 24

Ташаббуслар бардавом бўлади

Якунланган йил мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида катта ўзгаришларга бой йил бўлди ва ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий соҳаларда кўплаб ютуқларга эришилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий 2024 йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб номланиши келажакка бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлади. Йил бошидан янада катта мақсадларни, Ватанимиз ривожи ҳамда халқимиз фаровонлигига хизмат қилувчи янги, креатив ташаббусларни ўз олдимизга белгилаб олдик.

Маълумки, мамлакатимизда йилларга ном бериш ва шу орқали ушбу соҳага алоҳида эъти­бор қаратиш бўйича ижобий тажриба шаклланган. Мазкур эзгу анъанага назар ташлар эканмиз, бугунги кунга қадар йиллар 3 марта ёшлар номи билан боғлиқ бўлганлигини кўришимиз мумкин: 2008 йил – “Ёшлар йили”, 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлиги йили”, 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”.

Аслини олганда, мустақилликка эришганимизнинг илк давридан то бугунгача юртимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатидаги долзарб ва устувор масала бўлиб келмоқда. Айниқса, сўнгги етти йил ичида ёшларга қаратилаётган эътибор, уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалиётга татбиқ этилаётган лойиҳалар янги босқичга кўтарилаётганлигини бугун ҳар бир ёш ўз ҳаётида ҳис этмоқда.

Бу бежиз эмас. Зеро, ҳар бир мамлакатнинг келажаги, аввало, ёшларнинг юксак салоҳияти ва билими, комил тарбияси ва интеллектуал тараққиёти билан бевосита боғлиқ.

Шу боисдан ўтган 2023 йилда Президентимиз БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб, БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш таклифини илгари сургани миллионлаб ёшларни тўлқинлантириб, фаолликка чорлагани ҳақиқат.

Шу билан биргаликда, яқин ўтган йилларга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Рес­публикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ёшлар масалаларида алоҳида ташкилот – “Ёшлар ишлари агентлиги” ташкил этилганлиги ҳам келажак авлод камолоти йўлида муҳим қадам бўлди. Айни даврда Агентлик ташаббуси билан жуда кўплаб лойиҳалар самарали амалга ошириб келинмоқда. Биргина мисол, “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўрганиш бўйича ўқиш харажатларини қоплаш учун давлат томонидан субсидиялар ажратилмоқда. Ушбу лойиҳадан кузатилган олий мақсад билимли, меҳнатсевар, замонавий касб ва хорижий тилни пухта ўзлаштирган, ҳаётда ўз ўрнини топа оладиган ёшларни шакллантиришдан иборат.

Тенгдошларим қатори мен ҳам мазкур Агентлик томонидан ҳаётга фаол ва унумли татбиқ этилаётган лойиҳалардан бири бўлган “Ибрат фарзандлари” хорижий тилларни бепул ўргатишга мўлжалланган лойиҳада иштирок этдим. Жараёнда бир вақтнинг ўзида бир қанча тилларни бемалол ўрганиш имконияти яратилган бўлиб, икки ой давомидаги ўрганишларим натижасида хитой тилини ўзлаштириш борасида юқори натижаларга эришдим.

Бундан ташқари, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим муассасаларини тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизларни муносиб иш ва даромад манбаи билан таъминлаш, уларга замонавий касб-ҳунарлар, IТ-технологияларни ўргатиш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яқиндагина давлатимиз раҳбари Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисида жамиятимизда китобхонлик маданиятини ошириш бўйича ишлар келгусида ҳам давом эттирилиб, бу борада “Ёшлар учун – минг китоб” лойиҳасини амалга ошириш бўйича алоҳида қарор қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлади. Унга кўра, келгуси йилдан бошлаб фарзандларимизга рағбат берадиган энг машҳур илмий-оммабоп китоб­ларни ўзбек тилига таржима қилиб, мактаб ва кутубхоналарга бепул тарқатиш йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Президентимиз ўз нутқида “Албатта, билимдон, зукко олимларимиз, дунё маданиятига жуда катта ҳисса қўшаётган ватандошларимиз кўп. Лекин, афсуски, улар болалар оламига яқин эмас. Ваҳоланки, дунёга машҳур олимларнинг кўпчилиги болаларга атаб китоблар ҳам ёзишган. Масалан, Альберт Эйнштейн ўзининг мураккаб назариясини болалар учун махсус шарҳлаб, алоҳида китоб чиқаргани маълум. Биз Хоразмий, Беруний, Ибн Сино каби буюк аждодларимиз ҳақида кўп гапирамиз. Аммо болаларимиз уларнинг қайси асарини ўқий олади? Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи деймиз, лекин уларнинг болалик даврини ким билади?”, деган савол билан мажлис қатнашчиларига юзланди ҳамда алломаларимизнинг ёшлиги ҳа­қи­да китоблар ёзиш, ёзганда ҳам болаларбоп қилиб ёзиш кераклигини қайд этиб ўтди.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда келажак авлодни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб вояга етказишга қаратилган бу каби эзгу лойиҳалар жуда кўп. Шунга монанд равишда мамлакатимиз аҳолисининг аксар қисмини ташкил этувчи ёшларимиз ҳам юрт ривожи, мамлакат тараққиёти йўлида ўзларининг ақлу заковати, шижоати билан камарбаста бўлишаётганлиги қувонарли, албатта. Бу, ўз навбатида, ёшларга ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш йўлида яратиб берилаётган имконият ва шарт-шароитларнинг натижасидир.

Демак, 2024 йил — “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” йилида ҳам келажак авлод йўлидаги эзгу ташаббуслар бардавом бўлади. Ўз навбатида биз ёшлар ҳам яратиб берилаётган янги имкониятлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда илм-фан, инновация, замонавий IT касбларини пухта ўзлаштиришимиз, янги ҳаётни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ва имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этишимиз даркор.

Шерзодхон Исломов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Tegishli xabarlar

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТАРМОҚЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

admin

Жамиятнинг мустаҳкам пойдевори

admin

Дунё нигоҳидаги дилбар шахс

admin