ADOLAT 24

Ғафлатдан  уйғонайлик…

“Ҳаёт” дея аталган улкан дошқозонда умримиз қайнар экан, тирикликнинг муҳим омили сифатида ўқиб-ўрганишни эмас, нафсга бўйсуниб, ундан роҳат қидиришга интиламиз. Ўзликни йўқотиб, тубсиз жар ёқасида бир-биримизнинг оёғимизни чаладиган, шундан ҳузур оладиган манқуртларга айланамиз.

Бугун жамиятда шунчаки ғимирлаб туриш одатий ҳолга айланди. Турмушда кўпнинг ҳақини ейиш эвазига пул, давлат, обрў ва шуҳрат топишга ҳамда ўткинчи ҳою-ҳаваслар борасида бир-биримиздан ўзишга интилганимиз, шунга зўр берганимиз оқибатида бу ҳолат жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Буни ижтимоий тармоқлардаги “фаолият”имиз ҳам исботлайди. 

Яқинда “Instagram” ижтимоий тармоғида бир видео­га кўзим тушди. Унда лойиҳа блогери ватандошларимизга деярли ҳамма мактабда ўрганган, елканинг устида жойлашган қовоқни сал ишлатса, топса бўладиган саволлар бермоқда. Афсус­ки, катталардан кўра “замонавий” ёшлар осон саволларга ҳам тўғри жавоб бера олмаяпти. Ёмон томони контентда юртдошларимиз саволни топса-топмаса, блогернинг уларга “тўппа-тўғри!” дея “рағбат” беришидир. Содда қилиб айтганда, лойиҳа блогерлари “Навоий” романини ким ёзган?” деган саволга Брюс Ли ва Жеки Чан вариантларини беради. Мактабга фақат уйдаги тарбиясини кўрсатиш учун борган, Янги йил арафасида синф хонасида пиротехника портлатган, телефондан уятсиз контент кўрган, устозларини ҳурмат қилмайдиган, уларга “сабоқ” беришни фахр деб биладиган айрим ёшлар “Брюс Ли” деб жавоб беради. Яна ўша “тўппа-тўғри!” рағбати. Ана, холос! Наҳотки, Брюс Ли Навоий ҳаёти ҳақида асар ёзган бўлса, жавоб бераётган ёшлар бу тўғрида ўйлаб ҳам кўрмайди. Алишер Навоий ҳақида асар ёзган Ойбек ҳақида мутлақо билишмайди. Чунки китоб ўқишмайди. Мана, сизга аччиқ ҳақиқат!

Сиз-у биз буни тармоқда кўриб, ҳузур қилиб куламиз, комментни “портлатиб”, изоҳ ёзишни ўринлатамиз. Кунлар ўтаверади, чеҳралар ўзгараверади. Камдан-кам ҳолда тўғри жавоб берадиганлар ҳам чиқиб қолади, ҳар тугул. Бироқ, энг ёмони, ҳеч ким бу каби ёшлар ўзимизнинг болаларимиз эканлигини эътиборга олмайди. Катталарнинг, ота-оналарнинг айби туфайли китобдан узоқлашган бу шўринг қурғурлар тармоқда бошқа “чайналадиган” қаҳрамон келмагунча асосий объективда туради. Нима деб ўйлайсиз, бундай аҳволни кўриб, бош­қа миллат вакиллари ўзбекнинг болалари, ёшлари тобора оми бўлиб бораётганига ачинармиканлар?

Энди ижтимоий тармоқларни четга суриб, матбуотнинг фаол соҳаси ҳисобланмиш ойнаи жаҳондаги аҳволга бир назар солайлик. Очиғини айтиш керак, бугунги кунда кўпчилик давлат телеканалларидан кўра хусусий телеканалларни томоша қилишни афзал билишади. Чунки давлат телеканалларида берилаётган ҳар қандай медиа маҳсулот маълум бир талаблар ва мезонлар асосида тайёрланади. Баъзан азалдан мавжуд бир хил қолипга солинади. Шу билан бирга сифатли маҳсулот кенг омма аудитория­сига мўлжаллангани учун кўпчилик буни тушунмайдими, деб ҳам ўйлаб қоламан. 

Тўғри, карвон кўп, ризқи бўлак. Хусусий медиа магнатларининг ОАВ бозорини эгаллаб бўлганини тан олиш керак. Билъакс, бу телевизорда ҳар хил бўлмағур материал бериб, халқнинг онгини заҳарлаш мумкин, дегани эмаску?! Мушоҳада қилсак, ҳозирги вақтда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган томошабинлар хусусий каналларда қўйилаётган “Опам онам экан!” каби тутуриқсиз мавзулардаги киноларни кўради. Бундан бир нарса равшанлашади: шундай маҳсулотларнинг савиясизлигига, натижада уйдаги оналарнинг фарзанд тарбия­сига қўл силтаб, бошқа миллат сериалларидаги фахшни тарғиб этувчи саҳналарни, фис­­қу фасод, иғвога қаратилган ғояларни томоша қилаётганига ўкинасиз. 

Айни пайт­да, ўша фильмларнинг менталитетимиз учун тўғри келмаслигига ачинасиз. Ҳеч шубҳа йўқки, аксарият каналлар чўнтак қаппайтиришни халққа маънавий озуқа беришдан аъло билаётгани кундай равшан. 

Буюк жадид маърифатпарварларимиз матбуот халқнинг онгини ўстиришга, уларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишга ёрдам берувчи асосий қурол эканлигини англаб етган. Шунинг учун бор-куч ғайратини матбуотни ривожлантиришга сарфлагани тарих зарварақлари орқали бизга маълум. Бироқ бир неча йиллар олдин жамиятимизда матбуотни ривожлантириш ўрнига “мажбурий обуна” деб, матбуот тараққиётига болта урганлар сафининг кенгайгани бир маҳаллар қўлидан газета тушмайдиган миллатимиз вакилларининг газета деса бурнини жийирадиган даражага олиб келди. Лўндасини айтганда, газета-журнал ўқимаслик натижасида сўнгги йилларда саводсиз, ким нима деса ишониб кетадиган, замондан ва илм-фандан йироқ ёшларнинг базаси шаклланмоқда. Китобдан узоқлашаётган ёш авлодга, замонани рўкач қилиб, телефонга тикилаётган “қўлмия”лар, ижтимоий тармоқ тўрининг хўракларига айланаётган бугунги давр ёшларига Ватан сўзи – пахтакорлик, ўқитувчи – энг қадрсиз касб эгаси, ота-она – қариганда гарданга тушадиган ортиқча юк сифатида баҳоланаётгани ҳам сир эмас. 

Буларнинг барчаси ўзлигимизнинг, бир пайтлар дунёни забт этган илм-маърифатимиз, қадимий ва бой ўтмишимизнинг давомчилари бўлган авлод ҳаёти бора-бора аянчли якун топишига йўл очади.

Иштони йўқ тиззаси йиртиққа кулибди деганларидек, бировнинг фарзанди устидан кулишга шошилманг! Аслида ҳозирги ёшларнинг бу қадар илмсиз бўлиб кетаётганида катталар, ота-оналар, умуман, ҳар биримизнинг айбимиз бор. Ота-она­лар, катталар телефонларида “Ўзбекис­тон тенгдир Ўзбекистонга!”, “Ҳаммасига кулиб қўйдим!” каби видеоларни кўрганларидан кўра, китоб ва газета ўқишса, фарзандлар уларга эргашади. Аниқроқ айтадиган бўлсам, фарзандларингиз шунда “Қизил кўйлагим”ни четга суриб, бир пайтлар дунёни титратган “Ўзбегим”ни эшитади. 

Мухтасар қилиб айтганда, Янги Ўзбекис­тон учун “Амир Темур ким?” деб сўраса билмайдиган ёшлар эмас, аждодига муносиб келажак ворислари, шулар қаторида сизнинг, ҳа-ҳа, айнан сизнинг фарзандингиз ҳам керак. Фарзандингизни билимли қилишга пул тикдингиз. Энди уни Янги Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшадиганлар сафига сафарбар қилинг, илтимос! Муҳими, болангизга эътиборсиз бўла бошласангиз, миллатнинг муд­роқликда ётишига “муносиб” ҳисса қўшган бўласиз. Фарзандингизнинг Ватан учун керакли кадр бўлиши, ёҳуд ҳеч ким бўлмаслиги сизнинг бугун нимани ўқиб, нимани кўраётганингизга боғлиқ.

Тилагимиз холис: дилбандингизга гапда эмас, амалда ўрнак бўлинг! “Замона илм-фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур!”, деб ёзган эди бир аср муқаддам Беҳбудий бобомиз. Азиз ота-оналаримиз, биз ёшларни, фарзандларингизни илм олишга чорланг. Шиддатли замонда биз, дилбандларингиздан бошқа миллатлар ёшлари орасида охирги ўринда турувчи, билимсиз, қора ишчи, боши эгик жиноятчилар кўпайишини истамасангиз ҳалол, меҳнаткаш, билимли бўлишимизга беэътибор бўлманг! Ғафлатдан уйғонинг, юртдошлар!

Илҳомжон Абдусаломов, 

ЎзДЖТУ талабаси

Tegishli xabarlar

Тадбиркорлар учун имкониятлар эшиги очилди

admin

Ўзимиздан бошлайлик

admin

Мақсад — ҳуқуқий давлат барпо этиш, адолатли фуқаролик жамияти қуриш

admin