ADOLAT 24

Ковракзорда чорва боқилмоқда…

Бугун мамлакатимиз ҳар жабҳада изчил тараққий этиб бормоқда, бунинг омили давлатимиз раҳбари томонидан узоқни кўзлаб, амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар билан узвий боғлиқдир. Шу билан бирга, турли соҳаларда халқимизни қийнаб келаётган жиддий муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. Ана шундай муаммолардан бири сифатида тиббиёт соҳаси ҳамда фармацевтика саноатида юзага келаётган муаммоларни қайд этиш мумкин.

Бу каби масалаларни ҳал этишда барча соҳа ва кенг жамоатчиликнинг ўрни ва роли беқиёс. Айниқса, бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан “Адолат” СДПнинг халқ депутатлари Навоий вилоятидаги депутатлик гуруҳларининг жамоатчилик назорати тарзида амалга оширилаётган фаолияти самарали бўлмоқда.

2023 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида партиянинг халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 майдаги ПҚ-251-сонли “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг вилоятдаги ижроси бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар натижасида депутатларимиз томонидан соҳа ривожланишида муаммолар борлиги маълум бўлди. Аниқланган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш имконияти бўлган масалалар юзасидан партия депутатлари томонидан соҳага масъул корхона ва ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилиб, алоҳида назоратга олинди.

Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг навбатдаги 65-сессия­сида мазкур қарорнинг Нурота ва Қизилтепа туманларидаги ижроси муҳокама этилди.

Унда халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Рустам Хайитов маъруза қилиб, соҳани ривожлантиришдаги муаммолар тўғрисида сўз юритди.

Хусусан, Нурота туманидаги “FERULA EXPORT CLUSTER” МЧЖ томонидан барпо этилаётган коврак плантациялари ер майдонларига маҳаллий чўпонлар томонидан турли ҳолатлар бўйича босим ўтказилиб, кескин қаршилик қилинаётганлиги, чорва моллари атайлаб коврак экиладиган ер майдонларида боқилаётгани, экин майдонлари пайхон бўлаётганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича клас­тер маъмурияти томонидан туман ИИБ масъул ходимларига бир неча маротаба мурожаат қилинишига қарамасдан, чўпонлар хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмай, қонуний чора кўрилмасдан келинмоқда. 

Қизилтепа туманидаги “Жаббор хусусий дорихонаси” МЧЖ кластери томонидан ишлаб чиқарилган доривор ўсимликларни маҳаллий бозорга сотиш ва давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан харид қилинмаётганлиги, маҳаллий ТВда доривор ўсимликлар ва улардан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг тиббий аҳамияти ҳамда уларни қўллашга оид махсус кўрсатувлар ва роликларни мунтазам ёритиб борилмаслиги каби муаммолар сақланиб қолаётганлиги таъкидланди.

— Сессияда сўз олган депутатлар ҳамда сессия раиси томонидан бу муаммоларни ҳал қилиш йўллари кўрсатиб ўтилди. Ушбу масаланинг долзарблигини эътиборга олиб, унинг назоратини нафақат вилоят, балки барча туман ва шаҳар депутатлари ўз зиммаларига олса, унинг самарадорлиги янада ортади, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Жамолиддин Ҳамроев.

Сессия қарорига кўра, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашида соғлом турмуш тарзини ташкил этиш, аҳолини сифатли, хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш ва доривор ўсимликларни етиштириш юзасидан амалга оширилган ишларни мониторинг қилиш бўйича жамоатчилик штаби ташкил этилди.

Энг муҳими, ушбу сессия ишида “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан “Навоий вилоятида доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш тўғ­рисида”ги масала кўриб чиқилиб, тегиш­ли қарор қабул қилинди.

Навоий вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

ҲИСОБОТ ТАҚДИМ ЭТИШ ВА АРХИВ ҲУЖЖАТЛАРИНИ САҚЛАШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИНИ МАҚБУЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

НОСИРХОН ТЎРА ВА САФДОШЛАРИ ТАҚДИРИ

admin

Ўзбошимчаликми, ёки яна “салла билан калланинг” ўрни алмашдими?

admin