ADOLAT 24

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш пайти келди (Депутат фикри)

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш масаласи яна кун тартибига чиқмоқда. Мана, бир неча йилдан бери бу ҳақда ўзбек зиёлилари ўртасида баҳс-мунозаралар тинмаяпти. Мухбиримиз ўзининг телеграм каналидаги айрим постларини лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзиб келаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраевнинг ушбу масаладаги фикри билан қизиқди. 

– Сиз ўз телеграм каналингизда (https://t.me/qodirdjuraev) айрим постларингизни ноанъанавий услубда, яъни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг янгича вариантида ёзасиз. Бу қонунга зид эмасми? 

– Сиз айтаётган қонун, яъни “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бундан 31 йил олдин, 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган бўлиб, унга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 1995 йил 6 майдаги бошқа бир қонун билан ўзгартиришлар киритилган. Мен мана шу ўзгартиришларни нотўғри киритилган, деб ҳисоблайман. 

– Нима учун 1995 йилда ўзгартиришлар киритилган ва бу қандай ўзгартиришлар эди?

– Сабаблари номаълум. Ўшанда Ç ç, Ğ ğ, Ş ş, каби муҳим ҳарфлар алфавитдан тушунарсиз равишда чиқариб ташланган.  

– Демак, сиз лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш ва 1993 йилги вариантига қайтиш тарафдорисиз, тўғрими? 

– Ҳа, асосан шундай. Буни фақат мен эмас, кўпчилик олимлар ва зиёлилар таклиф қиляпти. Яқинда жадид боболаримизнинг илмий-маънавий меросига бағишланган халқаро конференцияда С.Мирзиёева ҳам худди шу мазмунда, яъни “алифбодаги айрим ўзгаришларни жорий этиб, шу билан алифбо масаласига қатъий нуқта қўйишимиз зарурлиги” ҳақида гапирди. 

– Қандай ўзгартиришлар киритишни муҳим, деб ҳисоблайсиз? 

– Таклиф этилаётган ўзгартиришлар унча кўп эмас. Асосан, иккита белгидан иборат – O’o’, G’g’, Chch, Shsh товушларини 1 та ҳарф билан, яъни Õõ, Ğğ, Çç, Ş ş тарзида ёзиш таклиф этилмоқда. 

– Бу қандай амалга оширилади? 

– Бу “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар киритиш орқали амалга оширилади. 

– Агар шу 4 та ҳарф ислоҳ қилинадиган бўлса, келгусида молиявий харажатларнинг кўпайишига олиб келмайдими? Босмахонада ҳарфларни алмаштириш, мактаб дарсликлари ва ўқув адабиётларини қайта нашр этиш, мутахассисларни ўқитиш ва ҳоказо… Буларнинг ҳаммаси маблағ талаб қилади-ку?!

– Ҳа, тўғри. Қисқа муддатли стратегияда бир марталик харажатлар бўлади, албатта. Бироқ, фикримча, узоқ муддатли стратегияда бу ўзгартиришлар биз учун ҳар томонлама фойдали. Чунки биз 1 та товушни 2 та ҳарф билан эмас, балки 1 та ҳарф билан ёзишга ўтамиз. Бу эса ҳам вақтни тежайди, ҳам маблағни. 

– Самимий суҳбат учун сизга катта раҳмат. Ўйлаймизки, она тилимизга бефарқ бўлмаган юртдошларимиз, хусусан, зиёлиларимиз сизнинг алифбомиз ислоҳоти юзасидан таклифингизга ўз муносабатларини билдирадилар. 

Tegishli xabarlar

БОСМА НАШРЛАРНИНГ КЕЛАЖАГИ БОРМИ?

admin

Стратегик ташаббус ва лойиҳаларни эълон қилишда муҳим платформа

admin

Маҳалладошлар ҳиммати

admin