ADOLAT 24

Маънавият ҳаётимиз гултожига айланади

Ҳаёт инсон учун берилган улуғ неъмат. Уни қадрлаш, эъзозлаш, шукр­она келтириш ва ҳаёт гўзалликларидан завқ олиш учун ҳам инсонга маънавият, маърифат даркор. Маънавиятсиз инсон жоҳил ва нафосат оламига бегонадир. Гўзаллик дунё­ни қутқарар экан, маънавият инсониятни яхшилик занжири билан боғлаб, эзгулик йўлига чорловчи улуғ қуд­ратдир.    

Президентимизнинг Рес­публика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқи “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши жамоаси ва жойлардаги бошланғич партия ташкилотларимизда чуқур ўрганилиб, келгуси вазифалар белгилаб олинмоқда. Мамлакатимиз раҳбари маърузасида маънавият, маърифат, маданият ва санъат аҳлини ўйлантириб келаётган жуда кўп муаммоларга эътиборимизни қаратди.

Маънавият ҳақида ўйлар эканман, бувижонимнинг бизларга қарата айтган “Ҳай, гуноҳ бўлади, уят бўлади”, “Қўшнилар эшитмасин”, “Овоз чиқариб кулманг­лар, оҳиста кулинглар”, “Оғзингни очиб эснама, шайтон кириб олади” қабилидаги мағзи тарбияга тўлиқ сўзлари хаёлимга келади. Оила остонасидан бошланган шундай тарбия мезони ўзбек халқининг қудратини, маънавиятини, маърифатини юксалтириб, уни дунёга намоён этмадими? 

Бугун ҳаётимизга сариқ соя мисоли кириб келаётган оммавий маданият бизни асрий қадриятларимиздан мосуво этаётгандек. “Ўзим учун ҳам яшай”, деб қаҳвахонаю ресторанларда гап-гаштакда юрган оналаримиз, чойхоналарни макон қилган оталаримиз, спасалонларнинг доимий мижозига айланиб бораётган айрим ёшларимиз, “ҳожи оши” қилиб, шоҳона дас­турхон тузаётган бобою бувилар, оила катталарининг ёш авлод ҳақида ўйлашга, улар билан машғул бўлишга вақтлари етмай қолаётгандек гўё…

Биз мактабда таҳсил олган даврларимиз устозларимиздан олдин бораётган бўлсак, оҳиста тўхтаб, саломлашгач, уларнинг ортларидан юрар эдик. Улардан олдин юриш гуноҳ эди. Устоз отанг­дек улуғ, деган ҳикмат қон-қонимизга сингиб кетган эди. Бугун устозининг ёқасидан олаётган, уялмай ҳақорат қилаётган ўқувчиларнинг ёки уларнинг ота-она­лари, яқинларининг салбий муносабатларидан ёқа ушлаймиз. Ахир фарзанднинг тар­бия­си, ёш авлоднинг келажаги сизу биз учун муҳим эмасми? Кибру ҳавога берилиб, катталарга беписанд муносабатда камолга етаётган жигарбандларимизни ортиқча “меҳрибонлик” билан манқурт қилиб қўймаяпмизми? 

Бир онаизор ҳузуримга келиб, узоқ вақт кўз ёш тўкди. Аёл узоқ йиллар бир шаҳардаги телефон тармоқлари идорасида мижозлар бўлимида ишлаган экан. Якка-ёлғиз, кўзининг оқ-у қораси бўлган жигарбандининг тўкис ҳаёти деб телефон тўловлари учун тўланган пулларни ўзлаштириб, давлатнинг, халқнинг мулкига хиёнат қилиб келган экан. Ўғли камолга етиб, эндигина 18 ёшга тўлган чоғида гиёҳванд моддалар билан қўлга тушиб, 18 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. “Боламнинг йигит умри мени хатойим туфайли завол бўляпти”, дейди шўрлик она. Бу халқ мулкига хиёнатнинг аччиқ оқибати эмасми? 

Қўштепа туманида халқ “кўзойнакли амма” деб қадрлайдиган бир кайвони онахон билан суҳбатлашганимда, унга жуда ҳавасим келди. Она дўппи тикиб, 10 боласига бош бўлиб, ҳаммасини олий маълумотли қилиб ўқитибди, уйлаб-жойлабди. “Болаларимни бировнинг ҳақига хиёнат қилмасликка, ёлғон ишлатмасликка ўргатдим. Болаларим ҳар бир сўмнинг қадрига етишади. Ҳар қанча қийинчиликларга бардошли қилиб тарбия­лаганим учун ўзим ҳам, болаларим ҳам сабр­ларимизнинг ортидаги роҳатни кўриб турибмиз”, дейди онахон.

Шу кунларда “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг Фарғона вилоят босқичини ўтказдик. Очиғи, бу танлов давомида ўзим ҳам катта маънавий озуқа, ҳаёт тажрибаларидан сабоқ олдим. Ҳар бир онахоннинг ҳаётий тажрибалари, ўгитларида бир олам маъно бор. Аксарият қайноналарнинг ҳунари орқали фарзандларини ҳалол ва покликка ўргатиб, оила риштасини мустаҳкам тутаётган, таълим-тарбияда миллий қадриятларимиз дурдоналари бўлган ривояту ҳикоятлардан, мақоллардан фойдаланиши таҳсинга сазовор. Оила саодатининг бунёдкори бўлган учкўприклик Раънохон опа Эргашеванинг ноёб ривоятлару халқ лапарларини мукаммал билиши, қойилмақом ижросини кўриб ҳайратимиз ошди. Ўзбекистон туманидан Муҳаббатхон опа Ғафурова эса қадимий ҳунармандчилигимизни тиклаб, юзлаб хотин-қизларга, ёшларга касбу кор ўргатаётгани баробарида оила саришталиги, бирдамлиги, рўзғор тутиш, унинг сарф-харажатини юритиш ҳақидаги сабоқлари яна бир эътирофга сазовор. Маърифатли оналаримизнинг ҳар бир сўзи биз учун ҳаёт мактабидир. 

Шаҳноза ҒАНИЕВА,

 “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Янги қурилишлар баҳонасида… Ҳамид Олимжон ва Зулфия яшаган уй бузилмоқда

admin

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ ФАОЛИЯТИ ЎРГАНИБ ЧИҚИЛДИ

admin

8 та депутатлик сўрови юборилди

admin