Мамлакатимизда доривор ва зиравор ўсимлик етиштирувчиларни қўллаб-қувватлашда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорларида бу йўналишдаги мезонлар белгилаб берилган. Айниқса, доривор ўсимликларнинг генофондини сақлаб қолиш, кўпайтириш, уларни маданийлаштириш учун катта куч сарфланмоқда. Кенг миқёсда амалга оширалаётган ишлар шуни кўрсатадики, етиштирилган маҳсулотларни сотиш, экспорт қилиш бўйича кластерлар янги йўналишни – “Доривор ўсимликлар” саноат йўналишини вужудга келтирди.
Хусусан, доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, доривор ўсимликларнинг афзалликларини аҳоли ва шифокорлар орасида кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бугунги кунда тиббиётнинг ривожланиши учун тарихий тажрибаларни ўрганиш ва таҳлил этиш, доривор ўсимликларни ўрганиш, республикамиз иқлим шароитида табиий ҳолда мавжуд бўлган доривор ўсимликлар турларини асраш, интродуцент турларини мослаштириш (адаптация) ва кенг масштабли плантациялар яратиш долзарб масалага айланди.
Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2023 йил 16 октябрдаги 49-сон мажлиси 1-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг Сурхондарё вилоят кенгаши, халқ депутатлари вилоят Кенгаши, вилоят ҳокимлиги, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят Давлат-ўрмон хўжалиги масъул ходимларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилиб, доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилди.
Ишчи гуруҳлари мамлакатимизда доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш бўйича тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида вилоятда доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштирувчи ва қайта ишловчи кластерлар фаолият олиб бораётган ҳудудларда ўрганишлар олиб борди.
Ўрганишлар давомида аниқланишича, вилоятда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ва лалми ер майдонларида жорий йил режаси бўйича 1614 гектар ерда доривор ва зиравор ўсимликлар экилиши белгиланган бўлиб, 490 гектар ерга коврак, заъфарон, растаропша, стевия, шамбала, куркума каби доривор ўсимликлар экилганлиги аниқланди. Фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан доривор ўсимликлар умумий майдони 1942 гектарга (1839 гектарига коврак, 29 гектарига стевия, 25 гектарига заъфарон, 48 гектарига бошқа ўсимликлар) экилганлиги ҳамда ушбу майдонлардан жами 173 тонна доривор ўсимликлар хом ашёси етиштирилганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Бандихон туманида жорий йил режасида 26 гектар ер майдонида доривор ўсимликлар етиштирилиши белгиланган бўлиб, 27 гектар ер майдонида растаропша доривор ўсимлиги экилган ва 12 тонна ҳосил етиштирилган бўлса, Бойсун туманида жорий йил режасида 160 гектар ер майдонида доривор ўсимликлар экилиши белгиланган бўлиб, туманда аслида 454 гектарга доривор ўсимликлар экилган, шундан 5 гектар ер майдонига коврак экилганлиги ва 65 тонна ҳосил олиниб, 10 гектар майдонга шамбала доривор ўсимлиги экилганлиги ва 8 тонна ҳосил етиштирилганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, 11 гектар ер майдонида куркума доривор ўсимлиги экилган ва 5 тонна ҳосил етиштирилган.
Сариосиё туманида жорий йил режасида 25 гектар ерда доривор ўсимликлар етиштирилиши белгиланган бўлиб, 3 гектар ер майдонида заъфарон доривор ўсимлиги экилган ва 3 тонна ҳосил етиштирилган, Узун туманида эса мазкур қарорга асосан жорий йил режасида 70 гектар ер майдонида доривор ўсимликлар етиштирилиши белгиланиб, 3 гектар ер майдонида коврак доривор ўсимлиги экилган ва 11 тонна ҳосил етиштирилган.
Шунингдек, Шеробод туманида қарорга асосан жорий йил режасида 1305 гектар ер майдонида доривор ўсимликлар етиштирилиши белгиланган бўлиб, 450 гектар ер майдонида коврак доривор ўсимлиги экилган ва 57 тонна ҳосил етиштирилганлиги, Шўрчи туманида эса жорий йил режасида 29 гектар ерда доривор ўсимликлар етиштирилиши белгиланган бўлиб, 2 гектар ер майдонида стевия доривор ўсимлиги экилганлиги ва 12 тонна ҳосил етиштирилганлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, вилоятда “Бойсун-Фарм” ЭИЗ, “Самад Самариддин Фарм” МЧЖ, “Ясмина Бону Барака Файз” фермер хўжалиги ва “Оллоҳёрохун” стевия эксприментал фермер хўжаликлари ташкил этилган бўлиб, улар ҳам доривор ўсимликларни етиштириш билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди.
Ўрганишлар асосида Бойсун туманидаги “Бойсун-Фарм” ЭИЗ томонидан 21 гектар ерга доривор ўсимликлар экилганлиги, шундан 10 гектар ерга шамбала доривор ўсимлиги экилган бўлиб, 8 тонна ҳосил етиштирилганлиги, 11 гектар ерга куркума доривор ўсимлиги экилган бўлиб, 5 тонна ҳосил етиштирилганлиги маълум бўлди. “Бойсун-Фарм” ЭИЗ доривор ўсимликлар етиштиришни ва уларни қайта ишлашни янада яхшилаш мақсадида Сурхондарё вилоят “Дори-дармон” МЧЖ томонидан 2024 йилнинг 1-2 чораги давомида имтиёзли кредитлар ҳисобидан маҳаллий доривор ўсимликлар, яъни шиповник, исириқ, кийик ўтларини қайта ишлаш ва қадоқлашни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Шунингдек, Сариосиё туманидаги “Ясмина Бону Барака Файз” фермер хўжалигида 22 гектар ерга заъфарон доривор ўсимлиги экилиб, 3 тонна ҳосил етиштирилган.
Бундан ташқари, Шўрчи туманидаги “Оллоҳёрохун” стевия эксприментал фермер хўжалиги томонидан 27 гектар ерга стевия доривор ўсимлиги экилиб, 12 тонна ҳосил етиштирилган. Мазкур ўрганишлар давомида мутасаддилар жойларда фермерлар доривор ўсимликларни экиш ва ҳосил олишда бир қатор камчиликларга йўл қўйганларини ҳам аниқладилар.
Масалан, Бандихон туманидаги “Самад Самариддин Фарм” МЧЖ томонидан 27 гектар ерга растаропша доривор ўсимлиги экилган бўлиб, атиги 12 тонна ҳосил етиштирилган.
Шу билан бирга вилоятда лалми ерларда доривор ўсимликлар етиштирувчи Бойсун туманидаги “Қурбон Али Амин” фермер хўжалиги, Шеробод туманидаги “Ҳомкон Шеробод Тараққиёт” фермер хўжалиги, “Ажойиб аср” МЧЖ, Узун туманидаги “Умид Амир Бек” МЧЖлар ташкил этилган. Афсуски, Бойсун туманидаги “Қурбон Али Амин” фермер хўжалиги томонидан 5 гектар ерга коврак экилиб, 1 тонна ҳосил етиштирилган, Узун туманидаги “Умид Амир Бек” МЧЖ томонидан 3 гектар ерга коврак доривор ўсимлиги экилган, холос. Шеробод туманидаги “Ҳомкон Шеробод Тараққиёт” фермер хўжалиги томонидан 328 гектар ерга экилган ковракдан бор-йўғи 10 тонна ҳосил олинган. Шеробод туманидаги “Ажойиб аср” МЧЖ томонидан 122 гектар ерга экилган ковракдан атиги 5 тонна ҳосил етиштирилганлиги аниқланди.
Шунингдек, ўрганишлар давомида Ҳисор ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг 2023 йилга мўлжалланган дастурига асосан аччиқ бодом, далачой, қалампир, ялпиз, қизил дўлана, мойчечак, наъматак, тирноқгул, тоғрайҳон, ошқовоқ, вилоят давлат ўрмон хўжалигида эса лаванда, макка попуги, мойчечак, наъматак, ошқовоқ, қизил лавлаги, тирноқгул, топинамбур кабилар кичик ер майдонларига экилганлиги аниқланди.
Сурхондарё ўрмон хўжалигида 14 турдаги доривор ўсимликлар етиштириш учун ажратилган 70 гектар ер майдонининг бор-йўғи 43 гектаридан фойдаланилган, Бойсун давлат ўрмон хўжалиги учун ажратилган 283 гектар ернинг атиги 61,5 гектарига доривор ўсимликлар экилган, холос.
Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ишчи гуруҳи ва депутатлар томонидан жойлардаги тадбиркорлар ва ташкилотлар вакилларига тавсия ва таклифлар берилди, ушбу масалани вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига қўйиш белгиланди.