ADOLAT 24

ҚАРДОШЛИК РИШТАЛАРИ мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистонда 140 дан кўпроқ миллат ва элат яшайди. Мамлакат раҳбарияти миллий анъаналарга, гуманизм ва ўзбек халқига хос бағрикенглик анъаналарига содиқ қолган ҳолда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш учун улкан ишларни амалга оширмоқда. Чет мамлакатлар билан дўстлик, маданий-маънавий муносабатларни ўрнатиш ва ривож­лантириш масаласи марказий ўринда турибди. Шу муносабат билан Ўзбекистонда мустақиллик йилларида миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари барпо этилди ва улар ўз фаолиятини муваффақиятли равишда амалга ошириб келмоқда.

Юртимизнинг хорижий мамлакатлар халқлари билан маданий-маънавий қадриятларни бойитиш ва мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ана шундай жамиятлардан бири – “Ўзбекис­тон – Озарбайжон” дўстлик жамиятидир. 

Шуни қайд қилиш керакки, Миллатлараро муносабатлар ва чет мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳузурида фаолият кўрсатаётган ҳар бир жамият ҳукумат томонидан тегишли давлат ташкилотлари, муассасалар ва идораларга бириктирилган. Мана шунга мувофиқ равишда “Ўзбекистон – Озарбайжон” дўстлик жамияти 2010 йилдан буён Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети базасида фаолият юритмоқда.

Турли касб эгалари (олимлар, ўқитувчилар, маданият ва санъат намояндалари, жамоат арбоблари, ёшлар) “Ўзбекистон – Озарбайжон” дўстлик жамиятининг аъзоларидир. Жамиятнинг асосий вазифаси икки қардош халқ ўртасидаги маданий-маънавий, илмий ва таълим йўналишларидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан иборат. Қардош Озарбайжон Республикасида ўзбек халқининг маданий-маънавий қадриятларини кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш жамиятнинг асосий вазифаларидан биридир. Айни чоғда озарбайжон халқининг маданият ютуқларини Ўзбекис­тоннинг кенг оммаси орасида тарғиб қилишни ҳам “Ўзбекистон – Озарбайжон” дўстлик жамияти ўзининг асосий вазифаси деб билади.

Жамият ўз олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда элчихона ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази билан яқин алоқа ўрнатган. Ўзаро ҳамкорлик натижасида ҳар йили икки қардош халқ тарихидаги муҳим саналарга ва ҳодисаларга бағишланган тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бундан ташқари, ҳар йили халқаро илмий конференциялар, шунингдек, Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари ўтказилмоқда.

Масалан, 2018 йил ноябрда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Ўзбекистон – Озарбайжон” дўстлик жамияти томонидан Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази билан биргаликда “Озарбайжон маданияти ва адабиёти” ҳафталиги, шунингдек, “Жаҳон драматургиясининг атоқли намояндаси Ҳусайн Жовиднинг ижоди” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди. Бу тадбирларда кўзга кўринган давлат арбоблари, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлисининг депутатлари, илм ва маданият арбоблари ҳам иштирок этишди.

2022 йил апрелда Ўзбекистонда “Озарбайжон маданияти ва адабиёти” кунлари доирасида “Ўзбекистон-Озарбайжон” дўстлик жамияти ва Озарбайжон Маданият маркази ҳамкорлигида Низомий номидаги педагогика университетида “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижодида туркона тафаккур ва ғоявий-бадиий асос” деб номланган тадқиқотнинг тақдимоти ўтказилди. Бу тадбирда Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлисининг Маданият Қўмитаси раиси Ганира Пашаева бошчилигидаги Озарбайжон делегацияси иштирок этди.

“Ўзбекистон – Озарбайжон” дўстлик жамияти ва Озарбайжон Маданият марказининг яқин ҳамкорлигида 2023 йил май ойида Педагогика университетида яна бир катта тадбир ташкил этилди. Бу тадбир озарбайжон халқининг миллий раҳнамоси Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланди. Тадбирда Озарбайжон Республикасининг таниқли олимлари, Озарбайжон Миллий Мажлисининг депутатлари, Ўзбекистонда яшаётган озарбайжонлар, олимлар, педагоглар ва талаба ёшлар иштирок қилди.

Дўстлик жамияти Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентларининг расмий учрашувлари ва музокараларида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида янги имкониятларни янада кенгайтириш ва амалга ошириш борасида ўртага қўйилган вазифаларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ўртага қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун дўстлик жамияти ташаббуси билан 2022 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Боку Давлат университети ҳамда Озарбайжон давлат педагогика университети ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. 2023 йил октябрда Ўзбекистон тарихи Давлат музейи ва Озарбайжон Республикаси Гиламлар музейи орасида ҳам ана шундай ҳужжат имзоланди. 

Икки мамлакат халқларининг тарихий ва маданий-маърифий бирдамлигини мус­таҳкамлашга хизмат қиладиган яна бир муҳим ҳодиса шу бўлдики, “Ўзбекистон – Озар­байжон” дўстлик жамияти аъзолари томонидан “Ўзбекис­тон – Озарбайжон: қардош халқларнинг маданий-маънавий ўзаро ҳамкорлигининг тарихий жиҳатлари” номли монография тайёрланди ва Озарбайжон Маданият марказининг лойиҳаси асосида чоп этилди. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, 25 йиллик фаолияти давомида “Ўзбекис­тон – Озарбайжон” дўстлик жамияти халқ дипломатияси сиё­сатини амалга оширишга, давлатлараро муносабатларни мус­таҳкамлашга, халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда.

Эркин НУРИДДИНОВ,

“Ўзбекистон – Озарбайжон” дўстлик жамиятининг ижрочи директори, профессор

Tegishli xabarlar

ИЛМЛИ ҒОФИЛ БЎЛМАС

admin

Матонат тимсолига айланган мардлар

admin

Юз билан юзлашаётган “МУШТУМ” яна чоп этила бошланди

admin