ADOLAT 24

Муаммонинг ечими топилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида маданият, санъат ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва уларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор берилмоқда. Мамлакатимизда ижодкор зиёлиларининг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда зарур шароит ва имкониятлар яратиш юзасидан ҳукумат қарорлари қабул қилинмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар уюшмасини моддий таъминлаш ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ сарф-харажатларни молиялаштириш, мазкур уюшмаларнинг аъзолари ва соҳани ривож­лантиришга муносиб ҳисса қўшган фахрийларга манзилли моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 августдаги “Ўзбекис­тон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3184-сонли қарори эълон қилинган. Ушбу қарорда фонднинг маблағлари аниқ шаклланган бўлиб, юқорида номлари келтирилган ижодий уюшмалар 2022 йил 1 январгача барча солиқлардан озод этилиши белгилаб қўйилган эди. 

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ижодкорларига кўрсатган ғамхўрлиги туфайли ижодий уюшмалар “Илҳом” фондининг молиявий кўмагидан самарали фойдаланди. Бунинг натижаси ўлароқ, ўтган йиллар мобайнида ижодкорларнинг имкониятлари кенгайди, ижодий муҳит яхшиланди, ижодкорларнинг меҳнати рағбатлантирилди, шу билан бирга, санъат соҳасига тегишли бўлган интеллектуал мулк салоҳиятининг ўсиши кузатилди. Зеро, жаҳоннинг турли мамлакатлари билан ўрнатилган ижодий ҳамкорлик доираси ҳам ўсдики, бу ҳақда сўнгги йилларда жаҳон ҳамжамиятининг эъти­бори янада ошганлиги фик­римизга яққол далилдир.

2022-2023 йилларда ижодий уюшмалар фаолиятининг асосий вазифаларини амалга оширишда зарур моддий шароит ва имконият чекланиб қолди. Уюшмалар ўзларига берилган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш имкониятини йўқотди, дейиш мумкин. Ходимлар, фидоий санъаткорларга етарли даражада моддий ёрдам кўрсатиш тўхтаб қолди. Негаки, Президент қарорида белгилаб берилган имтиёзларнинг муддати ўз ниҳоясига етди.

2022 йилнинг июнь ойидан бош­лаб “Илҳом” фонди ижодий уюшмаларга фақатгина бюджетдан ажратилган ойлик иш ҳақини тарқатиш билан чекланиб қолди. Уюшмалар фаолиятини ривож­лантириш учун сметалар доирасида сўралган маб­лағларнинг ўз вақтида ажратилмаганлиги натижасида 2023 йил июль ҳолатига кўра Театр арбоблари уюшмасида коммунал тўловлар ва солиқдан 543,2 млн. сўм, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасида жами 843,0 млн. сўм қарздорлик юзага келди. Қолган ижодий уюшмаларда ҳам шунга ўхшаш қарздорликни кузатиш мумкин. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ равишда Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилмаётгани юзасидан ўрганиш олиб борди. Ўрганишлар натижасида “Илҳом” фондига давлат бюджетидан молиявий маблағ келиб тушмаётгани маълум бўлди. 

Депутат ушбу масалани аввалига Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция йиғилишида кўтариб, соҳа мутасаддиларидан қониқарли жавоб ололмади.

Шундан сўнг депутат О.Абдуллаева Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини молиялаштириш тўғрисидаги масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ялпи йиғилишига олиб чиқиб, Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга мурожаат билан юзланди. Вазир парламент минбаридан туриб, ушбу масалани ижобий ҳал этиб беришга ваъда берди.

Орадан бир неча ой ўтиб, депутат кўтарган масала ижобий ҳал этилди. Бунинг натижасида Ўзбекистон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан, шунингдек, Ўзбе­кистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Театр арбоблари уюшмаси, Кино арбоблари уюшмаси ҳамда Журналистлар уюшмаси фаолиятининг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2023-2024 йиллар учун 15 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Олдинда улкан ижодий режалар турибди. Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш ғояси айнан маданият ва санъат намояндалари бўлган Ўзбекистон ижодкорларининг гарданида турган буюк вазифа ҳисобланади. Бинобарин, маданият ва санъат соҳасидаги интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, жамиятда уларга муносиб шарт-шароит яратиш учун ҳаммамиз масъулмиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

ТИББИЁТДА ХУСУСИЙ СЕКТОР ФАОЛИЯТИГА ҚЎШИМЧА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИШ ВА СОҲА ХОДИМЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

ДЕПУТАТ ФАОЛ БЎЛСА, САЙЛОВЧИ РОЗИ БЎЛАДИ

admin

Касбида қандай муаммолар ҳал қилинмоқда?

admin