ADOLAT 24

Замон қасри

“Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини, эзгу ғоя­ларни тараннум этишда ўзбек адабиёти ҳамиша мус­таҳкам замин бўлиб келган ва ишонаманки, доимо шундай бўлиб қолади”.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташкил топганига тўқсон йил тўлаётир. Вақт ва замон шиддат билан ўтмоқда. Бу ёруғ кунларга етиб келмоғимиз осон бўлмади. Қанча синовларни бошдан ўтказдик. Бу оғир ва мураккаб йўллар биз – адибларни тоблади, иродамизни чиниқтирди. Она Ватан, халқимизга меҳр ва садоқатимизни зиёда қилди. Келажакда учраши мумкин бўлган турли қийинчилик ва машаққатларни енгиб ўтишда бу ноёб тажриба, маънавий иммунитет бизга ва бизнинг муштарий-ўқувчиларимиз учун мустаҳкам замин бўлғай, иншооллоҳ.

Биз янги ўзгаришлар даврида, янги замонда яшамоқдамиз. Ғурур ва ҳайратимизни ичга яширолмай шеърга солдик. Замонамиз ва халқимиз олдида бурчимиз ҳам, қарзимиз ҳам кўп.

Давлатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев бундан олти йил бурун – 2017 йилнинг 23 декабрь куни Адиблар хиёбонида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, Ёзувчилар уюшмасининг янги замонавий биноси билан танишар экан, ёзувчи-шоирлар билан мулоқот чоғида бу бинолар, ёдгорлик мажмуаларию шийпонлар, ҳайкаллар ва йўлаклар, бир зум бўлса-да, бекор турмаслиги, доимо маданият аҳли ва толиби илмлар билан гавжум бўлиши, том маънода, ижод, тафаккур ва тарбия масканига айланиши кераклигини таъкидлаган эди.

Минг шукрки, бу орзу-ниятларимиз бугун амалга ошмоқда.

Элу юртимиз равнақи, азиз фарзандларимизнинг бахту камоли йўлида, она Ватанимиз саодати учун фидокорона меҳнат қилиб, Янги замон биносини матонат билан тиклаётган халқимизга, унинг улуғ фарзандларига эҳтиром ва таҳсинлар бўлсин.

Алишер Навоий бобомиз ҳам худди шу аснода Адиблар хиёбонининг баланд ва муҳташам айвонидан шеърий дуо йўллаб тургандай:

Ғараз ул эрдиким, бу қасри олий,

Ки ҳаргиз бўлмағай, ё раб, заволи.

Биноедурки, шаҳ бунёд қилмиш,

Замона қасридек обод қилмиш.

**

Ўз-ўзидан бино бўлмас замон қасри,

Замон қасри – асли орзу-армон қасри.

Юрт эгасин ҳимматидан бунёд бўлган,

Меҳнати ҳам заҳматидан бунёд бўлган –

Бир қасрким, йўқ эмиш ҳеч андозаси,

Кетмиш етти иқлимларга овозаси.

Ёш кўнгиллар суруридай оқ девори,

Зоминлардан бошлангандир пойдевори.

Қаср дедим, ғалат қилдим, обида бу,

Она юртнинг кенг ва мўл даргоҳида бу.

Қалам аҳлин чеккан ранжу азияти,

Асрий орзу-армонларин ҳам нияти –

Рўёбидай пойтахт аро ҳад ростламиш,

Элнинг давру давронидай қад ростламиш.

Чор-атрофи – гир хиёбон, боғу гулзор,

Миллий боғ бу, яъни обод бир чаманзор.

Ҳар тонг қутлуғ саломини бобо қуёш,

Аввал ҳазрат Навоийга айлар нурпош.

Мир Алишер бобо ўзи саркор бўлиб,

Ҳар сония, ҳар соатда даркор бўлиб,

Янги замон халқини олқишламоқда,

Бу бинолар, бу хиёбон ишламоқда.

II

Келбатида буюк Амир Темурни кўр,

Юртга қайтган шоҳ ва шоир Бобурни кўр.

Ҳақ тутқазмиш қайтадан қалам-хомасин,

Ёзмоққа шай янгитдан “Бобурнома”син.

Сиздан ризо авлодлардан бўлинг ризо,

Юртингизга хуш келибсиз, Бобур Мирзо!

Айтмангизким, тасодиф ё ногаҳийдир,

Барча ишдан огоҳ бобо Огаҳийдир.

Бу – Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат,

“Фиғонким…” деб чекмиш қанча ранжу ғурбат.

Ёркентларда қолмиш оҳу афғонлари,

Мана, охир ушалмишдир армонлари.

Тўзғиб кетган зотлар шунда бирлашмоқда,

Бу сиймолар, бу даҳолар ишламоқда.

III

Адабиёт деса миллат Раҳнамоси,

Адабиёт – миллатнинг зафарномаси.

Даҳоларни қодир Оллоҳ ўзи сийлар,

Қайтиб келмиш Чўлпон, Фитрат, Қодирийлар.

Авлонийлар алвон-алвон сўзлар айтиб,

Келмиш гўё ҳозиргина тирик қайтиб.

Ҳайкалларга жон кириб, жўш ургандайин,

Гўё янги ҳаёт бошлаб тургандайин…

Биз бир зум ҳам тарихдан кўз юмолмаймиз,

Кечмишни ҳам қаро ерга кўмолмаймиз.

Қаттол тузумлардан ўтган улуғ зотлар,

Юрак-бағри жароҳатга тўлуғ зотлар –

Устозларнинг номларин пок сақлаб, омон,

Авлодларга еткизмишдир янги замон.

Бу замоннинг бошдан-оёқ ўзи жадид,

Бош меъморин ўзи жадид, сўзи жадид.

Ким бармоғин, ким тирноғин тишламоқда,

Янги давру янги замон ишламоқда.

IV

Асрларнинг сочларини оқартирган,

Манов Ойбек домла эрур боқиб турган.

Ғафур Ғулом шунда, Ҳамид Олимжон ҳам,

Қаҳҳор домла йўнар гўё янги қалам.

Очилгандай бўлар шу он қулфи диллар,

“Бу боғлар…” деб фахр этса ёш Зулфиялар.

Ҳавас айлар ҳар ўғил-қиз озодага,

Савол беринг домла Мақсуд Шайхзодага.

Тўрғайзорлар ҳавосининг кайвониси,

Бердах бобо навосида найсон иси.

Қўш ёнида Иброҳим ҳам Тўлепберген,

Қорақалпоқ элин бахтин тилаб турган.

Атрофида тинглашга шай ғужғон ёшлар,

Озод домла гўё ҳозир гурунг бошлар.

Не ҳам дердик Саид Аҳмад + Саидага,

Амал қилиб бор одоб, бор қоидага –

Ўлтирибсиз бир оила армон бўлиб,

Бир-бирингиз дардингизга дармон бўлиб.

Шу мўътабар, шу табаррук ёшларида,

Қиров босган манглайлари, қошларида –

Келажакнинг фикрлари қишламоқда,

Ҳар бир сурат, ҳар бир ҳайкал ишламоқда.

Дилдан тиклаб мен матонат қўрғонини,

Дилдан битдим шаъну шараф достонини.

Зўр шоирлар шеър ишқида Мажнундирлар,

Устоз Эркин Воҳид бундан мамнундирлар.

Ким муҳтождир маърифат ҳам маорифга,

Келсин ҳар кун устод Абдулла Орифга.

Яна бири толмас Саша Файнбергдир,

Шафқат қилмас, лек мисоли қайинбаргдир.

Шоир Муҳаммад Юсуф бор, Муҳаммаджон,

Усиз тўкис бўлмас бу боғ, бу хиёбон.

V

Бобораҳим Машрабнинг мен суратига

Қарайману, лол бўлгум Вақт суръатига.

Дунё ўтар, не-не ҳою ҳавас ўтар,

Эл қолгай, деб, тил қолгай, деб Аваз Ўтар,

Айлантириб турар мамнун чўгирмагин,

Кўрмиш охир ўз миллатин кўкармагин.

Бир замонлар Усмонлари қон тупурган,

Адабиёт маъвосида қон гупурган –

Бу Миртемир домла эрур – қонлар ютган,

Ўзбекистон тонгларини бедор кутган…

Оғир замонлардан келмиш Шароф ота,

Доим эл-юрт, ҳамиша халқ тараф ота.

Битта ўзи не ҳам қила олар эди?

Адабиёт ўйлар эди, толар эди…

Бобурийлар тарихини маёқ этиб,

Ҳинд мулкини кезиб келмиш сўроқ этиб.

Бобур Мирзо мавзусида у яктодир –

Илк бор роман битган Пиримқули Қодир.

Бобур деса, дуч келмиш кўп надоматга,

Асар ёзиб, адиб қолмиш маломатга.

Одил ака – урушлардан безган адиб,

Улуғбекнинг хазинасин топмиш ажиб.

Бу хазина фақат қадр билмаганди,

Чин эгаси унинг ҳали келмаганди.

Бир бинода неча авлод айлар гуфтор,

Танҳо эмас бунда асло Асқад Мухтор.

Мунглуғ боқар қаттол давр босимлари

Остидан не-не Миркарим Осимлари.

Адабиёт қонуни бу – элга дохил,

Абадият қонуни, дер Низом Комил.

Ошно бўлгай етти ёт эл, бегоналар,

Таржумонлар керак бизга, таржумонлар.

“Адабиёт ўладими?..” дебон ҳамон,

Шукур ака ўйлаётир неча замон.

Ўн саккизга кирмаган йўқ сафингизда,

Ўн саккиз минг баҳорлар бор қалбингизда.

“Одам бўлиш қийин” деган қиссалар бор,

Бу қиссадан биз чиқарган ҳиссалар бор.

Машраб ака, замонавий Машраб Бобо,

“Кўнгил кўчаларин” кезмиш роса, аммо,

Ёшликдаги шод чоғлардай кулиб турар,

Ич-ичи лек қонли сўзга тўлиб турар.

Носир Фозил билан Анвар Обиджонлар,

Сўз кемириб, умрин садқа қилган жонлар,

Адабиёт деса, молу дунё бекор –

Юрак-бағри тилка-тилка бўлганлар бор.

Панду ҳикмат – бу менинг ҳам масалимдир,

Ҳикмат айтиб турган Садриддин Салимдир.

Бу дунёда эл-юртдан зўр ҳикмат бўлмас,

Эл-юртлининг сўзи сўнмас, сўзи ўлмас!

Қаранг шоду хуррам Тўра Сулаймонни,

Куй-қўшиққа тўлдиргудай кенг жаҳонни –

“Баҳор кетма…” деб бўзлаган, Тўра ака,

Наздингизда биз ҳали ҳам ғўра, ака.

Шеъриятга қанча бўю ифор келмиш,

Боғингизга кетмас бўлиб баҳор келмиш.

Хазон босмас Адабиёт бўстонини, 

Ҳис қилгайсан ўтганларнинг армонини – 

Тақдир ҳукми тирқиратган устозларим, 

Ўз мулкида мусофиру мумтозларим,

Суратлардан боқиб турар қатор-қатор, 

Бир бирига хайрихоҳдир ҳам миннатдор. 

Барчалари бир манзилда тизилмишлар, 

Саргардонлик тугаб, охир йиғилмишлар.

Умрларнинг сўз йўлида сарфи шунда,

Шавкат Раҳмон шунда, Рауф Парфи шунда.

Омон Матжон шеър айтганда – шеър эндидир,

Ҳар тахмиси – шеъриятнинг “бренд”идир.

Ғазал айтса Матназар ўз шевасинда,

Садо бергай шу он Гурлан, Хевасинда.

Сурхонлардан келмиш, мана, Тоғай Мурод,

Элин суйганларга Ўзи бергай мурод!

Эгатлардан ўсиб чиққан болаларим,

Бу – отамдан қолган менинг далаларим.

Миллат деган сўзлар асло сўлмас, ака,

Адабиёт ўлмас экан, Ўлмас ака!

Ўткир ака, бу хушхабар сизга доир:

Баҳор қайтди! Баҳор қайтиб келди охир!

Неча Ойдин, Ҳалималар, жонажонлар,

Бу кунларга етганлар бор, онажонлар.

Барча орзу-умидингиз қароргоҳи,

Сайр айлангиз бунда кезиб гоҳи-гоҳи.

Ва буларнинг барчасини кўриб туриб,

Сўз бўстони аро озод ўйлар суриб,

Барчага шод салом бериб, олар алик,

“Шайтанат” ҳам битди дебон Тоҳир Малик.

Токи ҳаёт абадийдир, адаб ва ёд,

Адабиёт абадийдир, Адабиёт!

Бу бўстонга бериб сайқал ишламоқда,

Ҳар бир сиймо, ҳар бир ҳайкал ишламоқда.

VI

Ўз-ўзидан бино бўлмас замон қасри,

Замон қасри – асрий орзу-армон қасри.

Юрт эгасин ҳимматидан бунёд бўлган,

Армони ҳам ниятидан бунёд бўлган –

Ҳар ҳайкалнинг қошида – бир дорилфунун,

Адабиёт – ёшлик, сурур, сеҳру жунун.

Унутмангки, Адабиёт – ору номус,

Бу кунларнинг ҳар лаҳзаси – бу бир қомус.

Сиз айтган ҳар шеърнинг тожу давлати бор,

Асрларга етар меҳру шафқати бор.

Кўрганмикан бундай замон дориломон,

Ҳайкалларнинг ҳар бири – бир давру замон.

Билим деса, ҳам қарзу ҳам фарз олингиз,

Ҳар устоздан дарс олингиз, дарс олингиз!

Ишласин деб эзгу орзу-матлабларга,

Миллён-миллён китоб кетар мактабларга.

Айтсам яна бир муҳташам робитани –

Юз устунлик буюк туркий обидани1.

Оврупою Осиё – якқалам аро,

Овозадир етти иқлим олам аро.

Бу ён ўзбек юрти, у ён – мажоргача,

Турк диёри, қирғиз, қозоқ, озаргача –

Таҳсин айтар бу ғоянинг саркорига,

Сабабкори, муаллифи, меъморига.

Бу юз жилдлик – уйғоқ, бедор тарбиятдир,

Жаҳолатга қарши – ҳушёр маърифатдир.

Бу маърифат карвонидир – мангу равон,

Бу карвондан қолганларга боқмас замон.

Сафингизда қанча олов, ўт, ёлқинлар,

Қанча янги туғёнлар бор ва тошқинлар.

Укам, синглим, қалбинг ёниқ, ўтлуғ бўлсин,

Сизга шундай давру замон қутлуғ бўлсин!

Сабоқ олмоқ, илм олмоқ гўзал ишдир,

Ҳар сабоғу ҳар дарсингиз – битта ғиштдир.

Шу боисдан шамоллардан шитоб ўқинг,

Китоб ўқинг, кеча-кундуз китоб ўқинг!

Мозийдаги зил соғинчлар тарқаб кетар,

Юлдузлар ҳам кўзингиздай чақнаб кетар.

Нафис мажлисларнинг уйғоқ фикратидан,

Улуғ зотлар меҳнатию заҳматидан –

Бу эл-юртлар шундай гулшан макон бўлди,

Замон янги замон бўлди, замон бўлди!

Бу дунёда – бир томондан нураш кетар,

Бир томондан – кураш кетар, кураш кетар.

Одамзотни йўлдан урар гар одамзот,

Адабиёт одам қилар, Адабиёт!

Бирлашсак биз – бир қудратли жон ва танмиз,

Биргалашсак – биз енгилмас бир Ватанмиз!

Асрларга мисли хитоб ишламоқда,

Сиз ўқиган ҳар бир китоб ишламоқда.

VII

Эл тиклаган бу матонат қўрғонини

Кўриб, дилдан битдик қадр достонини.

Гар дунёга сайру гаштлар айлаб келдик,

Бу кунларга йиллаб келдик, ойлаб келдик.

Бу кунларга етмайин, сўз кўйида хор,

Тош кемириб ўтган не-не инсонлар бор.

Бўғотларда хотиралар қишламоқда,

Устозларнинг ному ёди ишламоқда.

Эҳтиёж бор – татигувчи асрларга,

Юксак, баланд бинолардай – асарларга.

Ҳар иморат – келажакка чақириқдир,

Бу замондан замонларга ҳайқириқдир.

Инсонлар бор, қалблари қум, саҳро каби,

Замондошим, кел яшайлик дарё каби!

Абадий ёд эрур бағри куюк Ватан,

Буюк Ватан, Адабиёт – буюк Ватан.

Тупроғидан, япроғидан қарздормиз,

Буғдойи ҳам чаноғидан қарздормиз.

Номин битсак дилу жондан, жон ва тандан,

Қарздормиз биз абадий шу Ватандан.

Хаёл каби учқур бу вақт, шитоб айланг,

Тарихий бу лаҳзаларни китоб айланг.

То инсондай хизмат қилсин ҳар бир китоб,

Ҳар бир китоб меҳнат қилсин, ҳар бир китоб.

Айланар Ер, кеча-кундуз, кавну макон,

Давру замон ишламоқда, давру замон.

Дастхат қўйинг абадият деворига:

Шараф бўлсин шу замоннинг Меъморига!

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

Tegishli xabarlar

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

admin

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: Сенат ваколатлари кенгаяди

admin

Огоҳ бўлинг: хавфсизликка таҳдид

admin