ADOLAT 24

Олий мақсад йўлида

Яхшиларнинг тақдири бир-бирига ўхшаш бўлади. Шифокорлик касбини танлаб, Андижон тиббиёт олийгоҳида таълим олган Динорахон Қосимова ҳам ота-онасининг дуосини олган, устозлар изидан борган камтар, олийжаноб, қўли енгил шифокор аёллардан бири. Унинг болалар дардига малҳам, қувончига шерик бўлиб Чортоқ туман тиббиёт бирлашмасида иш бошлаганига ўттиз олти йил бўлди. Йигирма йилдирки, болалар шифохонаси бўлим бошлиғи. Бўлимда беш нафар врач, эллик олти нафар ўрта ва ўттиз икки нафар кичик тиббиёт ходими ҳамфикр, ҳамнафас бўлиб ишлайди. 

– Устозларим Раҳимжон ака Холматов ва Муқаддам опа Маматқулованинг берган ўгитлари доим ёдимда. Улар талабчан, самимий ва меҳрибон эдилар. Ана шу хислатларини маҳкам тутганман. Улар ҳар қанча чарчасанг ҳам, юзта бемор кўрган бўлсанг ҳам ҳеч қачон чарчаганингни билдирма ва худди биринчи беморни кўраётгандек меҳр кўргаз ва ишингга масъулият билан ёндош, деб насиҳат қилишарди, – дей­ди Динорахон.

Қаҳрамонимиз чортоқлик зиёлилар оиласида туғилган. Отаси Сидиқжон Муллабоев ўқитувчи, онаси Насибахон опа уй бекаси бўлишган. Оилада туғилиб, вояга етган тўрт ўғил, тўрт қизни тарбиялаб, олий маълумотли, меҳнаткаш инсон бўлиб етишишларига эришишган. Динорахоннинг турмуш ўртоғи Обиджон ҳам зиёли бўлиб, кўп йиллар иқтисод­­чи вазифасида ишлаган. Ишлаш билан биргаликда Динорахон уч нафар фарзандини оқ ювиб, оқ таради, тарбиялади ва ўқитди, барчасининг олий маълумотли бўлишига эришди. 

– Бўлимимиз капитал таъмирдан чиқарилган, замон андозасидаги тиббий жиҳозлар билан тўла таъминланган, туғилгандан 28 кунликка етгунга қадар чақалоқлар алоҳида қаровда бўлади. Бунинг учун махсус тиббий хизмат кўрсатиш ташкил этилган. Текширув ва таҳлиллар билан боғлиқ жараёнлар ўзимизда бажарилади, – дейди суҳбат чоғида Динорахон Қосимова. – Устозлардан мерос қолган олтин қоида – тартиб-интизомга қатъий амал қиламиз. Шогирдларимиз ҳам бизнинг йўлимиздан боришмоқда. Раҳбар ҳам талабчан, ҳам меҳрибон бўлиши керак. Ҳаётда мен учун қадри баланд нарса оилам ва касбим. Ёш бўлиб қолсаму, мендан «Қайси касбни танлайсан?», деб сўраб қолишса, албатта, шифокорликни, аниқроғи, болалар шифокори бўлишни, деб айтган бўлардим. Чунки болалар бизнинг эртанги кунимиз, келажагимиз, ватан тақдири улар қўлида. Биз болаларимизни соғлом, билимли, касб-ҳунарли қилиб тарбияласак, олий мақсадимизга эришган бўламиз.

Ҳа, болалар шифокори сифатида Динорахон Қосимова соғлом авлод учун чинакам она бўлиш вазифасини зиммасига олганлардан. 

Ҳалол меҳнат қилиш, оналик бурчини бажариш, халқ меҳрини қозонишдек инсоний фазилат ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бир сўз билан айт­ганда, Динорахон Қосимова фидоий инсон. Шунинг учун ҳам у эл ардоғида.

Яқиндагина, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ходимлари куни байрами нишонланаётган бир паллада Президент фармонига кўра бир гуруҳ тиббиётчилар қатори «Адолат» социал-демократик партияси аъзоси, Чортоқ туман тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлими мудири Динорахон Қосимова ҳам иккинчи даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирланди. Шодиёна кунида телемухбир саволига жавоб бера туриб, Динорахон шундай фикр­ни айтди:

– Президентимиз менинг камтарона меҳнатимни юксак баҳолаб, орден билан тақдирлашлари кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшди. Болалар саломатлигини сақлаш йўлида бор кучимни бериб ишлашга тайёрман! 

Партиямизнинг кўп минг сонли аъзолари ва фаоллари номидан Динора­хон Қосимовани юксак мукофот билан қутлаймиз ҳамда соғлиқни сақлаш йўлидаги келгуси ишларида янада улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз. 

Муҳиддин ИМОМАДИЕВ,

Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ХОРИЖИЙ ДЕЛЕГАЦИЯЛАР РАҲБАРЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

admin

ОЛТИН ДАВРНИНГ КУНДУЗГИ, КЕЧКИ ВА СИРТҚИ МУАММОЛАРИ

admin

Тошкент вилояти ҳокимлиги диққатига!Янги уйнинг Эски ғавғолари

admin