ADOLAT 24

Қадрнинг бозори қайда?!

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида яшовчи кончи, аниқроғи, лаҳмчи Анвар Бердихолов, қарийб беш йилдирки, яъни 2019 йил 30 апрель куни ғайриқонуний тарзда МКнинг 100-моддаси, 2-қисмининг 4-бандига асосан ишдан бўшатилгандан бери нохуш кайфият оғушида азият чекаяпти. 

– 2011 йил декабрь ойида Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Жанубий кон бош­қармасининг “Зармитан” конига лаҳмчи бўлиб ишга кирдим ва етти йилдан кўпроқ вақт мобайнида виждонан меҳнат қилдим. Иш фаолиятим даврида ҳеч қандай интизомий жазо ёки бошқа таъсир чоралари олмаганман, – дейди у суҳбат чоғи. – Биласиз, лаҳмчилик дунёдаги энг хатарли касблардан бири. Ана шундай хафвли жойда ҳалол ишладим. Лекин… 

Келинг, энди ана шу “лекин”га кенгроқ тўхталайлик. 

2019 йилнинг 12 апрелида Анвар Бердихолов шериги билан иш топшириқномасини олиб, соат 16-00 да 780-горизонтдаги забойга (иш жойига) боради ва топшириқномада белгиланган 14 та шпурни барвақт бурғулаб бўлади, сўнг­ра иш жойини тартибга келтириб, асбоб-ускуналарни кейинги сменадошларга қолдириш учун тайёрлашга киришади. 

– Шу пайт вентиляция тизими яхши ишламаётганидан тоза ҳаво етишмаётганини ҳис этиб, кўз олдим жимирлашиб, қоронғилашиб кетганини сездим ва бу ердан тезроқ узоқлашиш, ҳаво алмашинуви яхшироқ жойга етиб олиш зарур деган қарорга келдим, – дея сўзини давом эттирди у. – Шеригим олдинроқ, мен эса кейинроқ йўлга тушдик. Ер юзасига чиқиладиган клет(лифт)га қадар бўлган масофа тахминан 1000-1200 метр эди. Ҳамроҳим илдамроқ юриб, мендан узоқлашиб кетди. Орадан 5-10 минут ўтгач, мен ҳолсизланиб, ўтирдимми-йиқилдимми эслай олмайман, ҳушдан кетибман. Чамаси 2-2,5 соат беҳуш ётганимдан сўнг ўзимга келиб, соат 23:40 лар атрофида бир амаллаб лифтдан кўтарилиб, уйга қайтдим. Иш вақти 22-36 да тугаб, ўрнимда аллақачон сменадошларим иш бошлаган эди. Бироқ бир соатдан кўпроқ вақт мобайнида менинг қайтмаганимдан ҳеч ким хавотирга тушмаганидан бироз таажжубландим. Негаки, ер остида ишловчи ходим 5 дақиқа кечикса, тревога кўтарилиши, қутқарув командаси янграши лозим эди. 

Бу воқеа одатдагидек ими-жимида ўтиб кетиши, ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолиши мумкин эди. Бироқ мен кон бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Хуршид Норматовга кондаги ноқулай иш шароити туфайли ўлиб кетишимга бир баҳя қолгани ва бундан ҳеч ким заррача хавотирга тушмаганини айтиб, балога қолдим. Дарҳол мендан қутулиш чорасини қидира бошладилар. Кўп ўтмай бош­лиқ столида мен ишлаган перфератор мендан кейин ишлайдиган лаҳмчилар қўлида эмас, шахталарда санғиб юрувчи аллақандай шубҳали кимсалар қўлидан олингани тўғрисида қўриқлаш хизмати бошлиғининг билдиргиси пайдо бўлди. Шундан сўнг бош­лиғимиз менга босим ўтказиб, иш жойида ухлаб қолдим, деб ёзасан, акс ҳолда жавобгарликка тортамиз, деб туриб олди. Босим ва турли пўписалар остида шундай, деб ёзишга мажбур бўлдим. Минг афсуски, бунинг оқибати қандай бўлишидан мутлақо бехабар эдим.

Ҳа, ўйнашмагин арбоб билан – арбоб урар ҳар боб билан, деб бежиз айтилмаган. Кон раҳбарияти топшириғига кўра, корхона ҳуқуқшуноси ва қўриқлаш хизмати, махсус ички ишлар ходимлари 18 кун ишлаб, бетгачопар лаҳмчи А. Бердихоловни ишдан бўшатиш “сценариясини” ёзадилар ва 2019 йил 30 апрелда 85-шт-сонли қарор билан ишдан ҳайдайдилар. А.Бердихолов ушбу ғайриқонуний буйруқдан норози бўлиб, уни бекор қилиш, ишга тиклаш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судига даъво аризаси киритади. Унинг суддан умиди катта, адолат қарор топади, деб ўйлаган эди. Чунки ходимни МКнинг 100-моддаси билан ишдан бўшатиш биргина иш берувчининг хоҳиш-истаги билан рўёбга чиқмайди. Ходимга қўйилган айблар: а) иш жойида меҳнат мажбуриятларини бажариш жараёнида иш вақтида ухлаш; б) ходимнинг Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари миқдоридан кўпроқ миқдорда иш берувчига зарар етказишига олиб келувчи ёки режа-топшириқ бажарилишининг тўхташига олиб келувчи ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги мутлақо ноўрин эди. Зеро, унинг иш жойида ухлаб ётганини далилловчи бирор ҳужжат, далолатнома, смена устаси ёки участка бошлиғи ёки ҳамкасблар кўрсатмаси, фотосурат ёки видеоёзув мавжуд эмас. Иш жойида ухлаш ҳолати фақат ўзининг кўрсатмасида, маъмурият тазйиқи остида ёзилган тушунтириш хатида мавжуд, холос. Қонунчиликда шахснинг ўзига қарши кўрсатмаси инобатга олинмаслиги белгиланган. Бунга на маъмурият ҳуқуқшуноси, на махсус милиция ходимлари, на фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро суди эътибор берди. Бундан ташқари, шахта – забойда ухлаш ақлга сиғмайдиган ҳаракат эканлигини мутасаддилар ўйлаб ҳам кўришмаган.

– Забойда ухлаш у ёқда турсин, мудраб кетсанг бас – тубсиз жарликка қулаб тушасан ёки бошинг узра осилиб турган харсангтош­лар остида мажақланиб, нариги дунёга равона бўласан, – дейди Анварга устозлик қилган кончилардан бири, йигирма йилдан буён лаҳмчи бўлиб ишлаётган Суннат Алиқулов. – Мен шунча йил шахтада ишлаб бирор кишининг забойда ухлаб қолганини кўрганим ҳам, эшитганим ҳам йўқ…

Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро суди ва унинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган апелляция инстанцияси суди ишга шу қадар юзаки ёндашганки, ҳатто жавобгарни тўғри белгилашга эътибор қаратмаган. Масалан, 2019 йил 30 апрелда 85-шт-сонли буйруқ билан ходимни ғайриқонуний равишда ишдан бўшатган корхона “Зармитан” кони жавобгар ҳисобланади. Бироқ суд жавобгарликка уни жалб этмасдан, унинг юқори турувчи субъекти Жанубий кон бошқармасини жавобгарликка қаратди. Аслида, бу тўғри ва қонуний йўл. Чунки “Зармитан” кони юқоридаги бошқарманинг битта ишлаб чиқариш бўлинмаси, холос. Унинг мустақил баланси ва сметаси мавжуд эмас, бинобарин, у мустақил юридик шахс мақомига эга эмас. Демак. у судда даъвогар ва жавобгар бўла олмайди. Суд мана шу ҳолатни эътиборга олиб, Жанубий кон бошқармасини жавобгарликка қаратиб тўғри иш тутган бўлиши мумкин.

Масалага шу нуқтаи назардан қаралса, муаммонинг моҳияти тубдан ўзгариб кетиши аниқ. Аввало, судлар олдида юридик шахс мақомига эга бўлмаган бўлинма бош­лиғида ходимларни ишга олиш ва ишдан бўшатиш ваколати борми, деган саволга ойдинлик киритиш зарурати кўндаланг бўлади. Бу эса, ўз навбатида, МКнинг 101- ва 102-моддалари талабларига риоя этилмаганидан, лаҳмчи Анвар Бердихолов 85-шт-сонли буйруқ асосида ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилганидан дарак беради. Афсуски, бу ҳолатлар суд эътиборидан четда қолиб, мантиқсиз далилларни дастаклаган. Мисол учун, гўё айбдор ходим иш жойида ухлаб қолиб, иш қуроллари ўғирланишини олайлик. Лаҳмчи зиммасида иш қуролларини қўриқлаш вазифаси йўқ. Конда бунинг учун махсус қўриқлаш хизмати борки, унда бир неча юз киши ишлайди. Корхонага тегишли ерости ва ерусти техника воситалари, асбоб-ускуналар ва бошқа қимматликларни қўриқлаш, талон-торож қилинишининг олдини олиш, энг асосийси, шахтага бегона шахсларнинг киришига йўл қўймаслик уларнинг зиммасига юкланган. Шахта пахта даласи эмас, ер остига фақат махсус қўриқланадиган жойдан кириб-чиқилади. Шундай экан, иш жойида турган перфераторнинг ўғирланишига лаҳмчи эмас, ғараз ниятли бегона шахсларни шахтага киритиб юборган, хизмат вазифасини виждонсизларча бажарган қўриқлаш хизмати ходимлари жавоб беришса адолатли бўлар эди.

Маъмурият томонидан унга қўйил­ган ва суд томонидан таҳлил этилмаган иккинчи айб – конга тегишли бўлган бурғулаш асбоблари шахтага ноқонуний кирган бегона шахслар қўлига тушганлиги натижасида кейинги уч сменада иш қуроли йўқлиги сабабли режа-топшириқлар бажарилмаган эмиш.

– Бу ғирт ёлғон, сафсата, қонунчилик билан мустаҳкамланмаган далил, – дейда Анвар Бердихолов. – Конда ўша пайти 427 лаҳмчи ишлаган ва уларнинг қўлида шунча миқдорда бурғулаш ускуналари бор эди. Иш жараёнида ҳар сменада ўнлаб перфераторлар ишдан чиқиб, таъмирталаб бўлиб турса-да, ҳеч ким бекор қолмаган, чунки ҳар бир участкада заҳира иш қуроллари мавжуд. Синган, бузилган иш қуроллари дарҳол яроқлилари билан алмаштирилиб, иш давомийлиги таъминланади. Шундай экан, битта перфераторнинг бегона шахслар қўлига ўтиб қолиши натижасида уч сменада ишнинг тўхтаб қолиши ва режа-топшириқларнинг барбод бўлганлиги менга нисбатан ўйлаб топилган уйдирмадан бошқа нарса эмас. Энг ачинарлиси, мен ҳуқуқимни тиклашда ёрдам сураб мурожаат қилган барча идораларда махсус қўриқланадиган шахтага бегона шахслар у ёқда турсин, ҳаттоки, чивин ҳам учиб кира олмаслигини билиб туриб, бу ҳақиқатдан кўз юмишмоқда…

Куч-қувватга тўлган, тоғни урса талқон қиладиган йигитнинг ноҳақлик, адолатсизлик ортидан чекаётган изтиробларини тасвирлашга, рости, ожизман. Тўғри, Анвар Бердихолов юқорида баён этилган ҳақсизлик туфайли ишсиз қолгани йўқ: “Майн контракшн альянс” чех компаниясига ёлланиб, лаҳмчилик қилмоқда. Шуниси қизиқки, бу компания “Зармитан” кони буюртмаларини бажариб, энг мураккаб, энг қийин шахталар қурилишини амалга оширади. Жорий йилда Марказий Осиёда биринчи бўлиб чуқурлиги 1000 метрлик шахтани фойдаланишга топширди. Бу мураккаб ишни чет элликлар эмас, уларга ёлланган ўзимизниг маҳаллий мутахассислар – Анвар ва унинг дўстлари бажаришмоқда. 

– Ўз юртинг, айниқса, ўз уйингда ажнабийларга ёлланиб ишлаш ғалати туюлар экан, – дей­ди у мен билан хайрлашар экан, – Бу ерда яхшигина маош оламан. Айтмоқчи бўлганим, қорнимга эмас, қадримга йиғлаб юрибман, мухбир ака…

Қаҳрамонимиз ўзи айтганидек, қарийб беш йилдан буён йўқотган қадрини излаяпти, аммо тополмаяпти. 

Балки беш йиллик югур-югурлар, қанча-қанча ариза ва шикоятлар, сайёр қабуллар ёрдам бермаган қаҳрамонимизга бизнинг мухтасаргина мақоламиз кўмак бўлар…

Норбобо ШАКАРОВ,

 Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

“Кўҳна қитъа” коррупциядан холими?..

admin

ФИРИБГАРЛИККА ЎРГАНГАН ХОНИМ саккизинчи маротаба суднинг қора курсисига ўтирди

admin

Дунё тажрибаси: Ўқувчилар қандай жазоланади

admin