ADOLAT 24

ВАҚТДАН ЎЗГАН “ТУРКИСТОН”чилар…

Тўлқин Ҳайит томонидан нашрга тайёрланган “Вақтдан ўзган одамлар” деб номланувчи “Туркистон-90” жамоаси ҳақидаги қайдлар, дил сўзлари ва хотиралар жамланган мазкур китоб шундай жумлалар билан бошланади:

“Жонажон тарихимизнинг жамоатчиликка маълум бўлмаган жиҳатлари жуда кўп, жумладан, тўртинчи ҳокимият деб аталган матбуот соҳасида меҳнат қилган ижодий жамоалар, фидойи журналистларнинг ўтган ХХ асрнинг 90-йилларида мустақиллик остонасида халқимиз бахт-саодати, ўзлигимизни англаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, жонбозликлари ҳақида ҳали омма­га етарлича маълумот берилган эмас. Чунончи, бугун “Ёшлар овози” номи билан нашр этилаётган газета ўша пайтларда “Туркистон” номини олишга интилиб, унга эришган эди. Агар совет даврида “Ёш ленинчи” номи остида фао­лият юритиб, 90-йилларга келганда, фақат “шапкаси” қолиб, ўзи чин маънода миллий газетага айланган мазкур нашрнинг ўша йиллардаги сарғайган саҳифаларига кўз югуртирсангиз, юқоридаги сўзларимизнинг нақадар тўғри эканлигига гувоҳ бўласиз”.

Матбуот нашрининг обрўси, адади, нуфузи, мавзулар хилма-хиллиги хусусида гап кетганда, энг аввало, ўша нашрнинг бош муҳаррири ким эди? –деган савол қўйилади. Миллий матбуотимиз тарихида миллион нусхада чоп этилган нашрлар бор-йўғи тўртта эди, улар “Совет Ўзбекистони”, “Ленин учқуни”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” бўлса, яна бири бугунги “Ёшлар овози”. Газетани миллион нусхага олиб чиқиш, тинимсиз меҳнат ва ижодий изланишни талаб қилади. “Вақтдан ўзган одамлар” китобида берилган қайдлар, дил сўзлари ва хотиралар билан танишар эканмиз, ҳар бир материал ортида сени қўллаб-қувватлайдиган, ижодий эркинлик берадиган жамоанг ва бош муҳаррир турса, ижодкор учун бундан ортиқ фахр ва ғурур бўлмаса керак. Бош муҳаррир қўрқоқ, иккиюзламачи, лаганбардор бўлса, нафақат ҳар қандай газета, балки ҳар қандай оммавий ахборот воситаси ҳам маънавий ҳалокатга юз тутади. Қуруқ мақтов, баён ва ҳисоботлардан нарига ўтмайди. Қайсидир бош муҳаррирнинг даврида газета тиражи тушиб кетса, билингки, бу иккита омил билан боғлиқ. Ё бош муҳаррир бозор талабини тушунмайди ё таҳририятда ижодий эркинлик бўғилган.  

Истеъдодли ижодкор, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист, устоз Жаббор Раззоқов газетага раҳбарлик қилган даврда газетада ижодий эркинликка кенг йўл очилди. Ва яна бир жиҳат, бош муҳаррирдаги жасорат боис газета тиражи миллион нусхага кўтарилди. Жаббор Раззоқовнинг муҳаррирлик жасорати ҳақида марҳум журналист Сафар Остонов: “…кўп танқидларга дуч келса-да, иродаси букилмади”, дейди. Ўша пайтларда бош муҳаррирнинг ўнг қўли бўлган, собиқ масъул котиб марҳум Турғун Назаров: “Мард ва жасур, яхши раҳбар дунёда камдан-кам топилади”, деб ёзган. Ислом Усмонов хотираларида шундай жумлалар бор: “Ўз навбатида, у ҳам муҳарририятдаги барча ходимларга чин кўнгилдан меҳр бериб, ҳар бир ходимнинг хатти-ҳаракатидан бохабар ҳолда, уларнинг иссиқ-совуғидан огоҳликни ўз зиммасига оларди”. Айнан шундай меҳрни Гуличеҳра Алибоеванинг хотираларида ҳам ўқиймиз. Кўзи ожиз бўлиб қолган истеъдодли ёш журналистга оталарча меҳр кўрсатган, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаган Жаббор Раззоқовдек бош муҳаррир бўлган жамоада ижодий муҳит ҳам тоза бўлиши табиий. Китобдан жой олган қайд ва хотираларнинг аксарияти айнан шундай – жамоани рози қилиш кайфиятида ёзилган.

Китобни қўлга олишим билан менда “нега китобга бундай ном берилган?”, деган савол туғилди. Китобдаги хотираларнинг аксариятида замондан бир қадам олдинда юрган, даврнинг жиддий муаммоларини ўртага ташлаган ижодкорларнинг кечинмалари берилган. Норқобил Жалилнинг собиқ афғончи, талаба йигит ҳақидаги “Бунчалар аччиқсан, ҳаёт!” деб номланган бир саҳифалик мақоласи ортидан имзосиз хат келгани, текширувлар бўлгани, аммо ҳақ қарор топгани тилга олинади. Ёки бир танқидий мақола туфайли бир одам қамалиб кетади, шу боис мақола муаллифи Гуличеҳра Алибоеванинг жонига суиқасд қилмоқчи бўлгани ҳақидаги хотиралар ҳам ўрин олган. Аввало, бу ўринда журналист жасорати ва албатта, ана шундай танқидий мақолани бера олган бош муҳаррир жасурлигига қойил қолмай илож йўқ. Ёки 20 йилдан бери афғонга кетган боласини кутиб ҳар кунини дарвозахонада ўтказадиган аёл ҳақидаги “Дарвозахонадаги аёл” мақоласи ва ўша аёлнинг суратини “Йилнинг энг таъсирли сурати” бўлгани эсланади. 

Газетанинг ўша пайтдаги мавзулар хилма-хиллиги хусусида гапирганда таниқли журналист Қулман Очил “Марказ томонидан қатъий тақиқланган Наврўз байрамини тарғиб қилиш, давлат тили учун кураш, Сталин замонида қатағон қилинган жадидларнинг муборак номларини оқлаш, “ўзбеклар иши” бўйича қама-қамалар, пахта яккаҳокимлиги ва дефолиациянинг аянч­ли оқибатлари, болалар меҳнати, Орол денгизининг қуриши…” каби ўша давр учун жасорат талаб қиладиган мавзулар кўтарилганини қайд этади. Сафар Остонов, Норқобил Жалил, Аъзам Ўктам, Қурбон Эшмат, Тўлқин Ҳайит, Рўзимбой Ҳасан, Ислом Ҳамро, Гуличеҳра Алибоева, Меҳрибон Қурбонниёзова сингари кўплаб ижодкорларнинг газетада турли мавзулардаги ўткир мақолалари берилган. Гарчи газета номи “Ёш ленинчи” бўлса-да, кўтарилган мавзулар эркинлик орзуси ва қайғуси, миллий қадриятлар ёғдуси билан вақтдан анча илгарилиб кетганига амин бўлиш мумкин. Яъни, “Ёш ленинчи” анча илгари “Туркистон”га айланган эди.  

Аҳмаджон Мелибоев хотираларида шундай жумлалар бор: “Ҳар бир давр­нинг ўз мафкурасидан келиб чиқадиган тарғибот тизими, сиёсати, матбуоти ва унга муносабати бўлади. Журналист шундан келиб чиқади. Истеъдодлилар ўша пайтларда ҳам айтилиши керак бўлган гапларни айтишган, ёзишган, гоҳ раҳмат олишган, гоҳ ҳайфсандан пешоналари ғурра бўлган. Шунга қарамай, газеталарда танқидий мақолалар, айниқса, фельетон муттасил чиқиб турган”. Газетада турли йилларда ишлаган “Туркистон”чиларнинг хотиралари ўқилар экан, маҳорат ва журъат билан ёзилган ижодий ишлар туфайли разолатга, текшир-текширга дуч келган ҳолатлар ҳам акс этган. Бир сўз билан айтганда, бу китоб журналистикага ҳавас қўйиб, соҳага энди кириб келаётган талаба-ёшлар учун маҳоратни оширишда, журъат ва жасоратда катта ёрдам беради. 

Яна бир гап, “Туркистон”чилар, газетани турли йилларда бошқарган раҳбарлар, хусусан, Жаббор Раззоқовдек бош муҳаррирлар ижоди ва фаолияти назарий жиҳатдан ўрганилиши, илмий-тадқиқот объекти сифатида диссертацияларда ўз аксини топиши керак. Булар китоб мутолаасидан келиб чиққан илк таассуротлар…  

Амрулло КАРИМОВ,

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети декани, 

филология фанлари доктори

Tegishli xabarlar

«Бор меҳримиз сенга, акция давом этади болажон!»

admin

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

admin

“Дадамнинг китоблари дўстимга айланди…”

admin