ADOLAT 24

Адолатли ҳаёт тарафдоримиз

Коррупция қандай кўринишда бўлмасин, у инсон қалбини заиф, жамиятни пароканда, давлатни инқирозга бошловчи гирдобдир. Шу боис ҳам мамлакатимиз Президенти куни кеча бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро мукофотни топшириш маросимида таъкидлаганидек, “Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир соф виждонли инсоннинг, демократик жамият ва давлатнинг муқаддас бурчидир”. Бу эзгу ҳаракат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясида кўрсатиб ўтилганидек, 20 йилдирки дунё халқларини бу жирканч иллатга қарши кураш йўлида бирдамликка чорлайди.

Коррупция кириб борган ҳар қандай соҳа ривожланишдан тўхтайди. Ҳаёт сабоқларидан маълумки, таълим тизимидаги коррупция сифатсиз кадрлар етишишига, тиббиёт тизимидаги коррупция эса инсон ҳаётини саробга айлантириб, ҳаётий фожеаларга замин яратади.

Бир ўйлаб кўрайлик, коррупцияга қарши курашишни, энг аввало, оиладан бошлашимиз зарур эмасми? “Ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашни бола катта бўлганда эмас, мурғаклигидан онгу шуурига сингдиришимиз зарур. Фарзандимизнинг яхши боғчага бориши учун кимгадир 400-500 доллар берамиз, зўр мактабда ўқиши керак, деб яна топган- тутганимизни мактаб директорларию ўртадаги “даллол”ларга тутқазамиз. Олий таълимга ўқишга кирган боламизнинг баҳолари “5” бўлиши учун яна валломатлик қиламиз, ишга кираётганда ҳам мисқоллаб пул йиғиб, даромадлироқ ишга жойлашга интиламиз. Бу занжирлар ортида ўзимиз фарзандларимизнинг яхши ўқиши, ўз келажаги учун астойдил интилиши, меҳнат қилиши зарурлигини уқдириш ўрнига ҳамма нарсани пул ҳал қилади, қаловини топсанг қор ҳам ёғади, деган кўр-кўрона ғоялар остида “меҳрибон”лик билан маънавий қашшоқ қилиб қўймаётибмизми? Пул бўлса чангалда шўрва деб, пулнинг кетидан қувиб, боши деворга урилган ўғил-қизларимизнинг аччиқ қисмати ортида ана шу валломатлигимиз ётгани йўқми?! Тиббиёт тизимидаги сифатсиз дори-дармонлар савдоси, сифатсиз қурилишлар ортидаги халқнинг сарсонгарчиликлари, банклардаги кредит билан боғлиқ таъмагирликлар, иқтисодий муаммолар ва таназзулларнинг туб замини ана шу коррупция, деган иллат билан боғлиқ эканлиги ҳеч кимга сир эмас. 

Халқаро миқёсдаги бу нуфузли тадбир, ишончимиз комилки, халқимизнинг дунё халқлари билан ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлайди. Адолатли ва ҳалол рақобат билан ҳар соҳада ютуқларни қўлга киритиш учун курашга чорлайди. Шиддат билан ўзгараётган дунёдаги энг долзарб муаммолардан бири бўлган коррупцияга қарши курашиш соҳасида глобал мукофотнинг адолатли тақсимоти тинчлик ва тараққиёт тарафдори бўлган дунё халқлари қатори бизни ҳам қувонтирди.  

Юртбошимиз эътироф этганидек, коррупцияга қарши 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилса, давлат идораларининг фаолиятида шаффофлик ва халқ олдида ҳисобдорлик ортади. Бу орқали очиқ маълумотлар тизими такомиллаштирилиб, соҳанинг ҳуқуқий асос­лари ва институционал механизмлари мустаҳкамланиши халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширади. Пировардида, одамларнинг юртга садоқати ортади. Ҳар бир инсон ўз иқтидорига кўра рағбат топади, мансабдор бўлади, ватанига, халқига садоқат билан хизмат қилади. Ҳалоллик, адолат бор жойда, албатта, ривожланиш бўлади. 

Президентимизнинг нуфузли анжумандаги сўзларини “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши жамоаси чуқур ўрганиб, ўз олдига аниқ вазифаларни белгилаб олди. Бу эзгу мақсадларнинг мазмун-моҳиятини биз жамоа­ларда, маҳаллаларда, халқ билан юзма-юз мулоқотларда ватандошларимизга етказамиз. Коррупциясиз ҳаёт — Янги Ўзбекис­тонда янги мақсадлар билан яшаётган халқимиз ҳаётини бугунгиданда фаровон бўлишига, давлатимизнинг эса дунё эътирофидаги ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилишига ишонамиз.

Орифжон Ўлмасов,

“Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

Маҳаллий Кенгашлар ривожланса,  ислоҳотлар самарадорлиги ошади

admin

БУЮК ВАТАНДОШИМИЗГА ЭҲТИРОМ

admin

Бугун КЎЧАДА Қолган ТАЛАБАдан… эртага нима кутамиз?!

admin