ADOLAT 24

Ҳудудлардан хабарлар (Андижон, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари)

БПТ фаолияти ижобий баҳоланди

Яна бир йил якунига етмоқда. Сиёсий воқеликларга бой бўлган 2023 йил ҳаётимизда қандай из қолдиряпти? Режалар бажарилдими, олдинда қандай вазифалар турибди?

“Адолат” СДПнинг Андижон давлат тиббиёт институтидаги бошланғич партия ташкилотининг сарҳисоб йиғилиши олдига айни шу саволлар қўйилди. Унда БПТ аъзолари билан бирга вилоят партия кенгаши фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари ва ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари иштирок этди.

1060 нафар партия аъзоларини бирлаштирган мазкур БПТ фаолиятида партия лойиҳалари кенг ўрин эгаллагани эътиборли. Жумладан, аҳоли саломатлигини мус­таҳкамлаш ва тиббий маданиятини ошириш сафимиздаги шифокор ва бўлғуси тиббиётчиларнинг доимий ишига айланган. 2023 йил давомида аҳоли орасида 16 маротаба тиббий кўрик ташкил этилгани, 400 нафардан ортиқ фуқаролар соғломлаштиришга эришилгани қувонарли. Кекса ёшдаги ва якка ёлғиз яшовчи юртдош­ларимиз ҳамиша “адолатчи” – тиббиётчилар назоратида. Уларни соғломлаштириш баробарида ижтимоий ҳимоялаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу борада Андижон шаҳридаги “Бирлашган”, “Бобосадин” ва “Тахтакўп­рик” МФЙларида сезиларли ишлар амалга оширилди. Шу сабаб ушбу ҳудудларда хайрихоҳларимиз сони ортди. 

– Партия аъзолари орасида ташаббускор ёшлар кўпчиликни ташкил этади, – деди Андижон давлат тиббиёт институти психологи, партия фаоли Ўткирбек Арзиқулов. – Жумладан, “Ёш адолатчилар”дан иборат волонтёрлар доимий аҳоли орасида. Давлатимизнинг бугунги сиёсати, партиямизнинг мақсад ва ғояларини жамоатчиликка етказишга қаратилган тадбирлар ижобий самара бермоқда. 

Тадбир давомида энг фаол БПТ аъзолари алоҳида эътироф этилди. Улар вилоят партия кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимов томонидан тақдирланди.

Андижон вилояти кенгаши 

матбуот хизмати

Ёшлар — юрт келажаги

“Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Мактабгача ва мактаб таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида “Сеҳрли мия” кўрик-танлови ўтказилди.

Унда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, партия вилоят кенгаши раҳбарияти, ОАВ ходимлари, Навоий вилоятининг барча туман ва шаҳарларидан ташқари қўшни Самарқанд вилоятининг Қўшработ, Иштихон ҳамда Каттақўрғон туманларидаги умумтаълим, ихтисос­лашган ва нодавлат-таълим муассасаларида таҳсил олаётган 250 нафар ўқувчи иштирок этди. Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг хорижий тиллар, математика ва ментал арифметика фанлари бўйича билимларини синовдан ўтказиш, ўқувчиларнинг илм олишга бўлган қизиқишини янада ошириш ҳамда уларни рағбатлантиришдан иборат.

“Сеҳрли мия” кўрик-танловида ўқувчилар ёш тоифасига кўра гуруҳларга бўлинган ҳолда инглиз тили, ментал арифметика ва математика фанларидан тайёрланган тест саволлари бўйича ўзаро беллашдилар.

Танлов иштирокчилари партия фаоллари ва депутатлари ҳамда соҳа экспертларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Натижаларга кўра, вилоятнинг Навоий шаҳри ва Нурота туманлари, Самарқанд вилоятининг Қўшработ ҳамда Каттақўрғон туманларидан келган иқтидорли ўқувчилар юқори ўринларни қўлга киритиб, партиянинг кубок, медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди. 

– Ҳар йили турли ташкилот ҳамда ўқув марказлари томонидан ташкил этиладиган ўнлаб танловларда иштирок этиб келамиз. Бироқ бу галги танлов кириб келаётган янги 2024 йил арафасида, шунга монанд ҳолда Қорбобо ва Қорқиз иштирокида байрамона руҳда бўлиб ўтди. Аҳамиятлиси, ушбу танловни ташкил этишда муносиб иштирок этган ҳар бир устоз ва мураббийлар ҳамда иштирокчи ўқувчилар муносиб рағбатлантирилди. Ёшлар юртимиз келажагининг эгаларидир. Уларни ҳақиқий кучга айлантиришнинг ягона йўли илмдир. Бунга, қайси соҳа вакили бўлишимиздан қатъи назар, ҳар биримиз масъулмиз, – дейди Навоий вилояти “Magistr” ўқув маркази ўқитувчиси Райҳон Ҳамдамова.

Навоий вилоят кенгаши 

матбуот хизмати

Бандлик долзарб масала

“Адолат” СДП Шаҳрисабз шаҳар кенгаши томонидан “Шаҳрисабз” МФЙ тадбиргоҳида “Бизнинг бош мақсадимиз – аҳоли бандлиги” мавзуида учрашув ташкил этилди. Унда партия фаоллари, депутатлар, мутасадди идоралар раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг, барпо этилаётган Янги Ўзбекистоннинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир фуқаронинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилганлиги учрашувда алоҳида қайд этиб ўтилди. 

– Аҳоли бандлиги масаласи доимий диққат марказимизда бўлиб келмоқда, – деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Дилрабо Темирова. – Биз депутатлар партиянинг туман кенгаши билан ҳамкорликда фуқаролар билан учрашиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этаяпмиз. Жумладан, қисқа фурсатда шу маҳалла ҳудудидаги 15 нафар ишсиз ёшларни янгидан иш фаолиятини бошлаган тадбиркорлик шахобчаларига ишга жойлаштирдик. Уйда ўтирган 31 нафар хотин-қизлар касаначилик ишларига жалб этилди. Қарийб 42 нафар ишсиз фуқаролар мавсумий ишларга йўналтирилди. 

Шунингдек, тадбирда қонун билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш борасида ҳам амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр юритилди. Халқ депутатлари Шаҳрисабз шаҳар Кенгаши депутати Самариддин Зайниддинов ташаббуси билан 20 нафардан зиёд ёшлар ва хотин-қизлар мономарказларда ўқитилиб, ишли бўлди. Партия фаоллари томонидан ишсиз шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш, рўйхатдан ўтказиш, ишсизларга нафақа тайинлаш ва тўлаш бўйича ҳам тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар ташкил этилаяпти.

Учрашувда ҳозирги кунда ўта долзарб бўлиб турган бандлик соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишга ҳамда шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини оширишга эътибор янада кучайтирилиши юзасидан таклиф ва тавсиялар ҳам берилди.

Достон НУСУРОВ, 

 Қашқадарё вилоят кенгаши 

“Ёш адолатчилар” қаноти етакчиси

Tegishli xabarlar

ВОДИЙ ЖАВОҲИРИ ФАРҒОНА ҲАР ЖАБҲАДА НАМУНА БЎЛМОҚДА

admin

ДАВРИЙ БОСМА НАШРЛАР ахборот хавфсизлиги соҳасида муҳим аҳамиятга эга

admin

ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ ИМКОНИЯТЛАРИНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ ВА СУДЛАР ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin