ADOLAT 24

Биргаликда коррупциясиз жамият қурамиз

Маълумки, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигига давлат органлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш орқали эришилади. Ана шу мақсадда Ўзбекис­тон Рес­публикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Рес­публикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари белгиланиб, унда агентлик ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузани киритиш тартиби ўрнатилди.

Ўтган даврда коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент назоратини амалга ошириш йўналишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг масъул қўмитаси томонидан 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилиб, қабул қилинди. 

“Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан Соғлиқни сақлаш ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари раҳбариятининг, солиқ идоралари тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосарининг ҳисоботлари эшитилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида сўнгги беш йилда коррупцияга қарши курашиш давлат сиё­сати даражасига олиб чиқилганлигини, бу борада айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кучайтириш зарурлиги, коррупция балосига қарши фақат давлат эмас, балки бутун жамият қарши курашмоғи кераклигини алоҳида қайд этиб ўтганди. 

Жорий йилда умумхалқ овози – референдум йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам коррупция иллатига қарши курашишда парламентнинг роли яна бир бор мустаҳкамлаб қўйилди. Хусусан, халқ вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маъруза муҳокама қилинади ҳамда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилади.

Миллий маърузанинг мақсади Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган давлат сиё­сатининг мазмун-моҳияти, ушбу йўналишда йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилишдан иборат.

Бу йилги миллий маъруза Агентлик томонидан парламентга тақдим этилган иккинчи маъруза бўлиб, ўтган йилгидан фарқли равишда коррупцияга қарши курашиш борасидаги амалий ишлар, ислоҳотларнинг ҳудудлардаги ижроси, эксперимент тариқасида бошланган лойиҳалар натижаси ва коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги замонавий механизмлар, яъни коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, давлат органларининг очиқлик индекси каби бир қатор масалалар бўйича батафсил маълумотлар акс эттирилди.

Хусусан, миллий маърузада вазирлик ва идоралар функцияларининг оптималлаштирилиши натижасида хусусий секторга ўтказилаётган давлат функциялари камида 3 баробарга кўпайтирилаётганлиги, давлат органлари ва ташкилотларининг коррупция­га қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш, очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилганлиги, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича «E-Antikorrupsiya» лойиҳаси ишга туширилганлиги, давлат хизматларини кўрсатиш сифати яхшиланиб, ортиқча тартиб-таомиллар қисқартирилганлиги ҳамда электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони оширилганлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Қайд этиш керакки, коррупция муаммоси одамлар орасида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Бу иллат жамиятимизда бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолган эмас. Аввало, сўнгги йилларда мамлакат раҳбариятининг очиқлик сиё­сати туфайли ҳақиқатан шундай муаммо мавжудлиги тан олинди, унга қарши кураш бошланди. Қолаверса, оммавий ахборот воситаларидаги очиқликдан сўнг коррупцияга оид материаллар ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилина бошланди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Буни давлатимиз раҳбарининг ҳар йилги мурожаатномасида коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтаётганлиги, ушбу соҳада кўплаб қонун ҳужжатларининг қабул қилинаётганлиги ҳам кўрсатиб турибди. 

Коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг изчиллигини таъминлаш мақсадида 2017 йилдан бош­лаб коррупцияга қарши курашиш соҳасида Давлат дастурларини қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Хусусан, 2021 йилда қабул қилинган “2021-2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастури” ижроси доирасида Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2 та фармони ва 4 та қарори, 1 та қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарори ҳамда 5 та идоравий ҳужжатлар қабул қилинди.

Агентлик томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасини такомиллаштириш, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида соҳага тааллуқли жами 17 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилиб, уларнинг 13 таси қабул қилинди. Шунингдек, бошқа соҳалардаги ислоҳотлар натижасида коррупция омилларини қисқартиришга қаратилган 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари, ОАВда эълон қилинган маълумотлар ҳамда давлат харидларини амалга оширишда қонунбузилиши ҳолатлари бўйича ҳудудлар ва соҳалар кесимида 60 га яқин ўрганиш­лар ўтказилди. Ўрганиш­лар натижасида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан вазирлик ва идораларга 197 та тақдимнома, жавобгарлик масаласини ҳал қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 174 та сўровнома юборилди. Шунингдек, мансабдор шахсларнинг қонун ҳужжатларига зид равишда чиқарилган 13 та қарори бекор қилинди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан умумий 32 та жиноят иши ва 70 та маъмурий иш қўзғатилди, 20 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

Миллий маърузада коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тафсилотлари билан бирга акс этган. Маърузада келтирилган маълумотларни эътироф этиш билан бирга бу борада қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш лозим, деб ўйлаймиз.

Биринчидан, коррупцияга қарши курашгандан, унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш самаралироқ таъсирга эга. Миллий маърузада бугунги кунда мамлакатимизда коррупциоген омиллар келиб чиқиши сабабларига, яъни таҳлилий маълумотларга эътибор қаратилиши лозим. 

Иккинчидан, жамоатчилик, нодав­лат ва нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти инс­титутлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, фуқаролик жамияти инс­титутлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларига коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назоратининг барча шаклларидан фойдаланиш имкониятини яратиш ҳамда янада кенгайтириш борасида амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш керак. 

Учинчидан, коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларининг ҳудудларда сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари фаолияти йўлга қўйилган. Бироқ ҳудудларда коррупция­га қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида ҳудудий кенгашларнинг роли сезилмаяпти. Шу билан бирга ҳудудий кенгашларга берилган ҳуқуқ ва юклатилган вазифаларнинг ижроси деярли таъминланмасдан қолмоқда. 

Шу сабабли келгусида ҳудудий кенгашлар фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича Агентлик тегишли ишларни ташкил этиши зарур.

Тўртинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш Агентликнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Бироқ бугунги кунда айрим соҳалар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупцияга шароит яратувчи нормалар ҳанузгача сақланиб қолаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кор­рупцияга қарши экспертизадан ўтказиш натижасида аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича «йўл хариталари» ижроси ўз вақтида таъминланмасдан қолмоқда.

Агентлик томонидан мазкур масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим. Ана шунда биз ўз олдимизга қўйган олий мақсад – коррупциясиз жамиятни қурамиз.

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ

масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари

Tegishli xabarlar

Ҳақли талаб қондирилди

admin

ИЛМЛИ ҒОФИЛ БЎЛМАС

admin

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

admin