Мамлакатимиз яна бир муҳим нуфузли тадбир – Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимига мезбонлик қилди.
2015 йилда Қатар давлати раҳбари Шайх Тамим Ол Соний томонидан таъсис этилган “Коррупцияга қарши кураш соҳасидаги ютуқлари учун” халқаро мукофоти коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашга қўшган муваффақиятли ва самарали ёндашувларни эътироф этиш ва қадрлаш учун алоҳида аҳамиятга эга.
БМТ шафъелигида ташкил этилган ушбу мукофотнинг асосий мақсади – дунё бўйлаб коррупцияга қарши курашиш бўйича намунали ва илғор моделларни тарғиб қилиш ҳамда аҳолининг хабардорлигини ошириш, коррупцияга қарши курашишни қўллаб-қувватлаш ва бирдамликни оширишдан иборатдир.
Бунда алоҳида шахслар, гуруҳлар ва ташкилотлар, жумладан, ёшлар томонидан қилинган самарали саъй-ҳаракатлар натижалари баҳоланади ва тақдирланади. Шунингдек, мукофот коррупцияга қарши кураш соҳасида самарали ишларни амалга оширишга катта ҳисса қўшган ёки потенциалга эга бўлган ташаббусларга берилади.
Бу йилги Тошкентдаги маросим 7-маротаба ташкил этилмоқда, ушбу халқаро маросим айнан Ўзбекистонда ўтказилаётганлиги мамлакатимизнинг барча соҳаларда олиб борилаётган коррупцияга қарши курашишдаги ислоҳотларни хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиши сифатида баҳолаш мумкин.
Бугун коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор тизимини жорий этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Коррупциоген омилларни бартараф этишга қаратилган 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ҳамда Халқаро конвенцияларга аъзо бўлинди.
Бу борада “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун, шунингдек, бир қатор Президент фармонлари ва қарорлари қабул қилиниб, “Йўл хариталари” ҳамда чора-тадбирлар режалари тасдиқланди.
Қабул қилинган қонунлар асосида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши ҳамда унинг ҳудудлардаги кенгашлари фаолияти йўлга қўйилиб, самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун керакли шароитлар яратилиб келинмоқда.
Хусусан, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди.
Бироқ бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш, ишга қабул қилиш каби айрим йўналишларда коррупция ҳолатлари ҳамон учраб турибди.
Шуни инобатга олиб, барча соҳаларда коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш бўйича аниқ ҳуқуқий механизм яратилди.
Халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари билан мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилиб, халқаро рейтингларда мамлакатимизни юқори поғоналарга кўтариш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, мамлакатда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш чоралари кўрилмоқда ҳамда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
“Е-Антикоррупция” лойиҳаси доирасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича мажбурий аниқлаш, баҳолаш тизими жорий қилинмоқда.
Шунингдек, коррупциявий хавф-хатарларни қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, инсон омилини қисқартириш, айрим тартиб-таомиллар ва функцияларни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, бунда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ва кучайтириш орқали амалга ошириш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Шу ўринда Давлатимиз раҳбари томонидан Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимида илгари сурилган ташаббусларни алоҳида эътироф этиш зарур.
Унга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этиш, давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилади.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашдаги минтақавий ва глобал ташаббус ва янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаган ҳолда уларда фаол қатнашиш, бу борада ўтган ойда Тошкентда ишга тушган Коррупцияга қарши курашиш конвенциясининг Минтақавий платформасидан кенг фойдаланилади.
Шу билан бирга нодавлат нотижорат ташкилотларини фаол жалб этган ҳолда ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кучайтириш, илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этиш ғояси илгари сурилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хорижий турдош муассасалар билан яқин ҳамкорлигини кучайтириш орқали унинг салоҳият ва имкониятларини янада ошириши режалаштирилмоқда. Энг илғор халқаро тажрибага асосланган янги механизмлар татбиқ қилиниб, коррупция ҳолатлари бўйича “дастлабки ўрганиш” – коррупцион суриштирув институти жорий этиш назарда тутилмоқда.
Онги ва қалби болаликдан “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган янги авлодни камолга етказиш устувор вазифамиз бўлиб қолиши алоҳида қайд этилди. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этиш мақсад қилиб олинди.
Албатта, коррупцияга қарши курашишдек мураккаб жараёнда энг олдинги сафларда бораётган оммавий ахборот воситаларининг ўрни эътироф этилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва улар таъсирини янада ошириш учун Глобал медиа форумни ўтказиш таклифи билдирилди.
Ишонамизки, юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ортга қайтмас бўлиб, белгиланган мақсад ва вазифалар, пухта ўйланган режалар мамлакатимизнинг кейинги даврдаги тараққиёти, Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджини юксалтиришдан тортиб, адолатли жамият қурилишига ва халқимизнинг эркин ва фаровон турмуш даражасига эришишига хизмат қилади.