ADOLAT 24

Сохталик панд берди

Судда тўрт нафар фуқаронинг иши кўриб чиқилди. Улар ҳужжатларни сохталаштириб, фирибгарлик жинояти содир этишган.

Бир эмас, икки МЧЖ раҳбари Н.А.га жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судининг ҳукмига кўра 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Бироқ у бундан тегишли хулоса чиқармасдан, қинғир ишларини давом эттирган. 

Бу гал Н.А. Яшнобод тумани ҳокимининг “Мумтоз” МФЙ бўйича ёрдамчиси Э.Т. ва яна икки фуқаро билан гуруҳ бўлиб фирибгарликка қўл уришган. Шу мақсадда улар сохта ҳужжатлар билан бир фуқаронинг номига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида гўёки тикув машиналари сотиб олиш учун банкдан 33.000.000 сўм олишади. Фуқарога тикув машиналари етказиб берилмаган бўлса-да, етказиб берилганлиги ҳақида қалбаки маълумотлар тузилади.

Ҳоким ёрдамчиси Э.Т. электрон далолатномага сохта маълумот киритиб, фуқарога тикув машиналари учун ажратилган 33.000.000 сўмни нақдлаштирган ва жиноий шериклари билан бўлишиб олган.

МЧЖ раҳбари билан ҳоким ёрдамчиси “иштаҳаси” очилиб, яна банкдан сохта ҳужжатлар билан кредит олиш режасини тузишади. Бу гал уларга В.К. шерик бўлган. Шу мақсадда В.К.нинг тадбиркорлик ниқоби остида банкка электрон ариза ҳамда Э.Т. томонидан кредит маблағлари ажратилиши юзасидан сохта маълумотлар киритилган электрон тавсиянома юборилган. Қалбаки ҳужжатга асосан улар банкдан 30.000.000 сўм олишади. Шериклар банк ўтказиб берган пулни нақдлаштириб, чўнтакка уришган.

Банкдан олинган кредит, табиийки, маълум вақт ўтгач қайтарилиши керак. Сўраб-суриштирилганида маълум бўладики, тикув машиналари олинмаган, пули эса “еб” юборилган.

МЧЖ раҳбари суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, танишлари ундан ёрдам сўраб келганлиги сабабли қинғирликка қўл урганлигини баён қилди. Шу мақсадда банкдан кредит олиш режасини тузиб, сох­та маълумотлар билан пул олишган. Ҳозирда хато қилганлигини англаб етгани, пушаймонлигини билдириб, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради. Шунингдек, судда унинг шериклари ҳам қилмишларидан афсусланиб кечирим сўраб, енгиллик беришини сўради. 

Суд ҳукми билан улар ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳамда фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланиб, тегишли жазога тортилди. 

Бахтиёр АЛИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг раиси

Tegishli xabarlar

Яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳеч ким ҳақли эмас

admin

ТАКЛИФЛАР ТАҲЛИЛИ жамоатчилик назорати янада жадаллашаётганини кўрсатмоқда

admin

“Инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳамма нарсадан баланд”   Бу ғоя Ҳаж амалларини бажариш пайтида ҳам яққол намоён бўлди

admin