ADOLAT 24

ЧЕКМАНГ! БМТ маълумотларига кўра, дунёда кашандалик оқибатида ҳар йили 5,4 миллион, ҳар 6 сонияда 1 киши ҳаётдан кўз юмади

Юртимизда аҳоли саломатлигини яхшилаш имконини берадиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, соғлом авлод тарбияси учун шарт-шароит яратиш мақсадида давлатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекис­тоннинг амалдаги қонунчилигида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, тамаки маҳсулотларини бевосита ва билвосита реклама қилиш тақиқланган.

Аммо шунга қарамай, даромад олишни кўзлаётган айрим “тадбиркор”ларнинг ноқонуний фаолияти ғоят ачинарли ҳол, албатта. Умуман олганда эса, тамаки саноати замонавий никотин ва тамаки маҳсулотларига мактаб ўқувчилари ва ўсмирларни жалб қилиш учун ўзининг агрессив маркетинг кампаниясини олиб бормоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан юртимиздаги умумтаълим мактабларидан 2774 тасида (умумий сонидан 27%) жамоатчилик назорати тартибида ўрганилганда, 92 та мактабда икки юз метрдан кам бўлган масофада спиртли ичимликлар сотувчи дўкон ва кафелар мавжудлиги, 130 та мактаб атрофида тамаки ва сақич, 488 та мактаб ҳудудига яқин бўлган дўконларда 20 ёшга тўлмаган фуқароларга тамаки ва алкоголь маҳсулотлари сотилаётганлиги, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири юзасидан огоҳлантирувчи ёзувларнинг мавжуд эмаслиги ҳолатлари аниқланди.

Дунёнинг йирик олимлари тадқиқотларида таъкидланишича, дунё бўйича ёшларни чекишга кўпроқ жалб этиш тамаки индустриясининг асосий стратегияларидан бири ҳисобланади. Натижа эса маълум. Мисол учун, Американинг “Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази” томонидан ўтказилган тадқиқотларга асосан, Америкада 18 ёшгача бўлган ўсмирларнинг 13 тадан биттасининг ҳаётдан бевақт вафот этиши асосан тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ касалликлар оқибатида содир бўлар экан.

Табиийки, бундай шароитда иш ва жамоат жойларида чекишни тақиқлаш, тамаки маҳсулотларининг телевидение, радио ва медиа рекламаси юзасидан жамоатчилик назоратини олиб боришни янада кучайтириш долзарб вазифа бўлиб қолади.

Соғлом турмуш тарзини яратишда, аввало, тамаки маҳсулотлари истеъмолига чек қўйиш зарур. Ундаги никотин моддаси инсон саломатлиги учун хавфли бўлиб, юрак, қон-томир, нафас аъзолари касалликларини келтириб чиқариши, организмда хавфли ўсмалар пайдо қилиш эҳтимоли юқори. Никотин тамаки тутуни таркибидаги энг кучли алколоид бўлиб, дастлаб асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади, сўнг қонга сўрилиб, ички аъзоларга зарар етказади, Оқибатда, асаб тизими емирилади, хотира сусайиб, диққатни жамлаш қийинлашади.

Мухтасар қилиб айтганда, биз мамлакатимизда таълим сифатини оширишни тараққиётимиз бош омили сифатида кўрар эканмиз, ёшларимизни бу каби зарарли иллатлардан асрашимиз зарур. Зеро, соғлом авлод тараққиёт гаровидир. 

Гулнисо САИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати

Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш

бошқармаси бошлиғи

Tegishli xabarlar

Вилоят Кенгашлари раислари Янгиланаётган Бош қомусимиз ҳақида

admin

Зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига ҚАРШИМИЗ!

admin

Ҳикмат

admin