Интернет тармоқлари, телевидение орқали берилаётган “шов-шув”ли мақолалардаги ўз онасига қўл кўтарган ўғил, машинага эгалик қилиш учун ўз акасининг қотилига айланган ука, фарзандининг жонига қасд қилган ота, мурғак гўдагини пуллаган она ҳақидаги хабарларни ўқиб юрак зириллайди. Нега бизнинг қалбимиз тош каби қотиб боряпти? Нега темир зангни кемиргани каби қалбимиз ёмонликнинг жомидаги адоват сувига қониб боряпти? Нега?..
Чумолига озор бермаган, қўй оғзидан чўп олмаган одамлар эмасмидик? Бобою момоларимиз қозонида пишган таомидан қўшнисига чиқармаса томоғидан луқма ўтмайдиган, бир тандир нон ёпса, уни иси етган қўшниларига тарқатадиган, саватида қолган 5-6 та нонининг баракасини тилаган зотлар эмасмидилар? Нега биз бемеҳр бўлиб боряпмиз?..
Биз эмасмидик, отасига тик қараган қизнинг юзига сепкил тошади, деб тарбия берган, ота ўтирган уйни томига чиқиш оғир гуноҳлигини ўғлонларга уқтирган оқилу донолар?..
– Тошлоқ туманида юз берган машъум воқеани эшитиш жуда оғир бўлди. Эр ўз аёлини ўлдириб, яна жиноятини яшириш учун уни осиб қўйса-я! Инсон номига номуносиб бундай кимсалар қилмиши миллат учун фожеа эмасми?! – дейди Ижтимоий ҳимоя Агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг Фарғона вилояти филиали директори, “Адолат” СДП фаоли Жамилахон Аҳмедова. – Ёмон хулқ, ёмон тарбия, зулмкорлик нега сўнгги вақтларда одамлар муносабатларида яққол кўзга ташланмоқда. Унинг оқибатлари инсон ҳаётини бир умрга заҳарламайдими? Бу муаммолар нафақат юртимизда, балки бутун жаҳон миқёсидаги глобал муаммога айланиб улгургани ачинарли ҳол.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида белгиланган.
Шу муносабат билан Фарғона вилоятида 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши ўн олти кун” шиори остида аёллар ва болаларга зўравонликдан қутулиш имконини берувчи лойиҳалар ва зўравонликнинг оқибатлари ҳақида тарғибот тадбирлари кенг миқёсида олиб борилди.
Вилоятимизнинг чегара ҳудуди ҳисобланган Фарғона туманида “Биз зўравонликка қаршимиз” мавзусида конференция ўтказилди.
Туман ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган мазкур тадбирда вилоят реабилитация бўлими, Ички ишлар ва Хотин-қизлар, Адлия, прокуратура, соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ва кенг жамоатчилик вакиллари, “Адолат” СДП электорати бўлган педагоглар ва тиббиётчилар иштирок этдилар.
Адлия бошқармаси вакили А.Азизхонов янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 26-моддасига алоҳида тўхталиб ўтди. Зеро, мазкур моддада бирор фуқаронинг қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.
Шундай экан, ҳамма бир-бирини қадрлаши, ҳурмат кўрсатиши зарур ва шарт. Акс ҳаракатлар эса инсоннинг қонун олдида жавобгарлигига сабаб бўлади.
Тадбир давомида вилоят реабилитация маркази директори Жамилахон Аҳмедова, прокуратура, ички ишлар органлари ходимлари ҳам ҳаётий мисоллар асосида инсон қадр-қимматини улуғлаш йўлида мамлакатимизда амалга оширилаётган одилона сиёсат ва қонун устиворлигини таъминлаш йўлида эришилаётган ҳаракатлар самараси хусусида сўз юритдилар.
Конференциядан сўнг маҳалла фаоллари ва педагоглар, тиббиёт ходимлари, мактаб ва коллеж ўқувчилари иштирокида марафон ташкил этилди.
Марафонга ташриф буюрган ўқувчилар “Биз зўравонликка қаршимиз” шиори остида “Соғ танда соғлом ақл'” мавзусида минг қадам юриш марафонини ўтказдилар. Марафон сўнггида иштирокчиларга флаерлар тарқатилди.
Мақсадимиз ягона – оилада, таълим муассасасида, жамиятда ҳар доим инсонларга меҳр кўрсатиб яшайлик. Қалбимиз ёмонлик заҳрига ошно бўлиб, занг тортмасин.
Гулчеҳра Аҳмедова,
Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби