ADOLAT 24

ҲУҚҚИ БУЗИЛГАН ХОДИМ суд қарорига асосан ишга тикланди

Маълумки, 2023 йил 25 январда Президентимизнинг “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, унда вазирлик ва идоралар тизимидан жами 17.446 та штат бирликлари қисқартирилиши белгиланди. 

Ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йил 7 февралда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 13-сонли буйруғи қабул қилинган. Буйруқда 2 ҳафта муддатда вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларининг барча ходимлари орасидан танлов (суҳбат) ўтказиш орқали Меҳнат кодексининг 98-моддасига мувофиқ, тузилмаларни зарур назарий билимлар ҳамда амалий кўникмаларга, юклатилган вазифаларни профессионал даражада амалга ошириш қобилиятига эга бўлган юқори малакали раҳбар ходимлар ва мутахассислар билан тўлдириш бўйича ходимларга янги лавозим таклиф этиш, вазирлик штат бирликлари мақбуллаштирилганлиги ва штат бирликлари сони қисқартирилганлиги инобатга олиниб, ўтказилган танловдан (суҳбатдан) муваффақиятли ўтмаган, шунингдек, штат бирликлари қисқартирилган тузилмаларнинг ходимлари билан ўрнатилган тартибда меҳнат шартномасини бекор қилиш чорасини кўриш белгиланган.

Буни қарангки, вазирликнинг ушбу буйруғи қабул қилингач, Бағдод туман молия бўлимининг бюджет даромадлари базасини мустаҳкамлаш ва бюджетлараро муносабатлар бўлими бош мутахассиси вазифасида ишлаб келган Умиджон Холдоровнинг меҳнат ҳуқуқи бузилди. Яъни, унга иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш хати берилади. Фарғона вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бош­лиғининг 2023 йил 25 мартдаги 00033-сонли буйруғига биноан эса У.Холдоров билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади. Буйруққа Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми, вазирликнинг юқоридаги буйруғи, огоҳлантириш хати асос сифатида кўрсатилган. 

Албатта, Умиджон бу кутилмаган ҳолат туфайли жуда хуноб бўлади. Чунки иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмасининг розилигини олмаганди. Қолаверса, У.Холдоровнинг иш ўрни қисқартиришга тушмаган бўлиб, фақат лавозимининг номи ўзгарганди, холос. Шунингдек, ўтказилган суҳбатда ўзидан бошқа талабгор қатнашмаган. Шу боис у бош бошқармага нисбатан буйруқни бекор қилиш, ходимни ўз лавозимига ёки унга тенглаштирилган лавозимга ишга тиклаш, мажбурий прогул учун иш ҳақи ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво ариза киритади. Натижада суднинг 2023 йил 16 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилган. Яъни, Фарғона вилоят иқтисодиёт ва молия бош бош­қармаси томонидан 2023 йил 25 мартда чиқарилган 00033-сонли буйруқнинг У.Холдоровга тегишли қисми бекор қилиниб, ходимни Бағдод туман иқтисодиёт ва молия бўлимининг маҳаллий бюджетни шакллантириш, бюджет ташкилотларини молиявий таъминлаш шўъбаси етакчи мутахассиси лавозимига ишга тиклаш, бош бошқармадан даъвогар фойдасига 4.568.753 сўм мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ҳамда 5.000.000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган. Аммо Фарғона вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси суд қароридан норози бўлиб, Фарғона вилоят судига апелляция шикоятини киритади.

Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, биринчи инстанция суди даъво талабини қаноатлантиришда иш берувчи томонидан Меҳнат кодексининг 101-моддаси талаби бузилганлиги ва У.Холдоров фаолият олиб борган штат бирлиги қисқартирилмаганлигига асосланган.

Гарчи бошқарма 2023 йил 9 мартда 01/01-09-32/124-сонли хат билан Бағдод туман молия бўлими касаба уюшмаси қўмитасига мурожаат қилиб, У.Холдоров билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинишига розилик сўраган бўлса-да, алоқа хатига жавобан тузилган баённомада розилик берилганлиги қайд этилмаган. Шунингдек, ходимни муҳокамага чақириш чоралари ҳам кўрилмаган. 

Бундан ташқари, апелляция суди мажлисида Фарғона вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси вакили даъвогарнинг суд қарори билан ишга тикланиши, иш ҳақи ва маънавий зарар ундирилиши белгиланганлигига рози эканлиги, даъвогар аввалги лавозимига тенг лавозимга тикланиши мумкинлигини билдирди. 

Фуқаролик процессуал кодексининг 399-моддасига мувофиқ, суд ишни апелляция тартибида кўриб чиққач, ўз ажрими билан ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасликка ҳақли. Ана шу асосларга таянган Фарғона вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2023 йил 16 июндаги ҳал қилув қароридаги ишга тиклаш қисмини “ёки унга тенглаштирилган бошқа лавозимга” жумласи билан тўлдириш йўли билан ўзгаришсиз, апелляция шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдириш хусусида ажрим чиқарди.

 Бузрукхон АБРОРОВ,

Фарғона вилоят судининг судьяси

Tegishli xabarlar

ҚУЙИ ТАШКИЛОТ МУСТАҲКАМ ТАЯНЧ БЎЛСА, ПАРТИЯНИНГ НУФУЗИ ОРТИБ БОРАВEРАДИ

admin

Янгиланишлар йўлида янги қадам

admin

ЭТНИ ТИРНОҚДАН АЖРАТИБ БЎЛМАЙДИ

admin