ADOLAT 24

Муҳим шартнома ратификация қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Рес­публикаси ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани (Тошкент, 2022-йил 22-декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Қозоғистон билан ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган дўстона муносабатларни ривожлантириш йўлидан борди. Халқларимиз нафақат қўшни, балки қардош сифатида азал-азалдан бир-бирларини тушуниб, қўллаб-қувватлаб келишган. Ўтган йиллар давомида бу алоқалар янада мустаҳкамланди, мамлакатларимиз яқин ҳамкорлар сифатида тараққиёт йўлидан елкама-елка бормоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, очиқ, барқарор ва динамик характер касб этмоқда. 

Депутатлар томонидан ратификация қилинган Итти­фоқчилик муносабатлари тўғрисидаги давлатлар­аро шартнома Қозоғистон Республикаси Президенти Қ.Тоқаев­нинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида 2022 йил 22 декабрда Давлат раҳбарлари даражасида имзоланган бўлиб, унинг асосий мақсади қардош халқларнинг ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли миллий манфаатлари ҳамда кўп қиррали шериклик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришдан иборат.

Шартнома жами 24 моддадан иборат бўлиб, унинг кучга кириши икки давлатнинг кўп қиррали ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш учун янги истиқболли йўналишларни очишга хизмат қилади. Хусусан:

– икки мамлакат халқларининг маънавий ва маданий яқинлигини мустаҳкамлаш, фан, таълим, тиббиёт, спорт, маданият, маданий мерос, туризм, маълумот алмашинуви соҳасида ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш;

– иқтисодий кооперацияни чуқурлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, саноат, транспорт ва логистика, энергетика, фармацевтика, қурилиш каби соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш;

– юкларни ҳамда йўловчиларни мақбул ва ўзаро манфаатли ташишни таъминлаш, шунингдек, транспорт коридорларининг транзит салоҳиятини оширишга қаратилган ўзаро боғлиқ транспорт тизимини янада ривожлантириш учун зарур бўлган ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш;

– нефть-газ саноати тармоғида, жумладан, нефтни қайта ишлаш объектларини ва қувур линияси инфратузилмасини қуриш орқали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;

– экологик хавфсизликни таъминлашда яқиндан ҳамкорлик қилиш, экологик офатларнинг, шу жумладан, трансчегаравий хусусиятдаги офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

– трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва ўзаро манфаатли фойдаланиш ҳамда сув хўжалиги иншоотларини эксплуатация қилиш, шунингдек, суғоришнинг сувни тежайдиган технологияларини жорий этиш;

– парламентлараро ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш;

– халқаро кўп томонлама тузилмалар доирасида ҳамкорликни кенгайтириш;

– учинчи давлатлар тарафидан қуролли ҳужум хавфини туғдирувчи вазият юзага келган ҳолда, халқаро ташкилотлар доирасида уни тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашувчи чораларни кўриш мақсадида зудлик билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказиш;

– бошқа томонга қарши қаратилган ҳеч бир блок ёки иттифоқларда қатнашмаслик;

– мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида ҳарбий-техникавий соҳадаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва бошқалар кўзда тутилмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳар икки мамлакатнинг ўзаро алоқалари шу пайтга қадар стратегик шериклик мақомида ривожланиб келган бўлса, эндиликда Марказий Осиёнинг ушбу икки йирик давлати ўртасидаги муносабатлар иттифоқчилик даражасига кўтарилмоқда. Бу эса, шубҳасиз, Марказий Осиёдаги минтақавий жараёнларга ҳам ижобий акс-садо беради, чунки Шартномада нафақат икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишлари, балки минтақанинг умумий манфаатлари устунлиги ҳам ўз аксини топган. Хусусан, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматини иштирокчи давлатлар манфаатларини қатъий ҳурмат қилиш асосида такомиллаштириш вазифаси қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иттифоқчилик муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши нафақат икки давлат ўртасидаги тарихий воқелик, балки Марказий Осиё барқарорлиги, тараққиёти учун ҳам хизмат қиладиган муҳим қадам десак, асло муболаға бўлмайди. Иттифоқчилик алоқаларининг ўрнатилиши ҳар икки мамлакатнинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва барқарор иқтисодий ривожланишини янада мустаҳкамлашга муҳим замин яратади. 

Қодир ЖЎРАЕВ, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Халқаро ишлар ва парламентлараро 

алоқалар қўмитаси раисининг 

ўринбосари

Tegishli xabarlar

БАРЧА ЗАМОНЛАРНИНГ БУЮК ДАҲОСИ

admin

Barcha tadbirkorlik subyektlari diqqatiga!

admin

ЭРТАГА НИМА БЎЛАДИ?

admin