ADOLAT 24

БАРЧА ЗАМОНЛАРНИНГ БУЮК ДАҲОСИ

2021 йилда ЮНEСКО Ижроия Кенгашининг 211-сессиясида буюк олим Абу Райҳон Беруний (973-1048) таваллудининг 1050 йиллиги ЮНEСКО шафелигида 2022-2023 йилларда кенг нишонлаш бўйича қарор қабул қилинди. 2022 йил 25 август куни «Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида» Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг қарори қабул қилинди. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда жорий йил давомида Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги юртимиз ва дунё миқёсида кенг тантаналар билан нишонланмоқда.

Шу муносабат билан ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Анвар Алламбергенов ва тарих фанлари доктори, профессор, Қорақалпоғис­тонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистонда демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ҳудудий бўлим раҳбари, “Адолат” СДП фаоли, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Яхшибека Абдуллаеванинг мазкур мавзу юзасидан суҳбатини эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз. 

– Академик Крачковский таъкидлаганидек, Абу Райҳон Беруний қизиққан соҳаларни санаб чиқишдан кўра қизиқмаган соҳаларини санаб чиқиш осонроқдир. Бугунги ахборот асрида бир тадқиқотчининг, бир олимнинг Беруний шуғулланган соҳаларни тўлиқ тадқиқ қилиб, ўрганиб чиқиши амри маҳол. Айтинг-чи, улуғ аллома даҳоси ва ижоди сизни қайси қирралари билан қизиқтирган? У бўйича қандай тадқиқот ишлари, кузатиш­лар олиб боргансиз?  

– Мен болалигимдан Абу Райҳон Берунийдек бўламан дердим ва буни орзу қилар эдим. Орзуга етиш учун нима қилиш кераклигини онам ўргатган. 

Биринчи синфга онам олиб борди. Мактабдан чиқиб Беруний тумани кутубхонасига бордик. У ерда китоблар жуда кўп эди. Мана шу китобларни ўқисанг одам бўласан, Берунийдай олим бўласан деди, онам. Шу-шу ҳозиргача кутубхона иккинчи уйим бўлиб қолган. Умрим кутубхоналарда, архивларда ўтди, десам янглишмайман. Россия Федерациясининг Москва шаҳридаги, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистондаги барча кутубхона ва архивларда ишлаганман. Ватаним тарихига оид архив ҳужжатларини тўплаб, бир қатор китоблар ва юзлаб мақолалар ёздим. Беруний ўрганган соҳаларнинг биргина йўналишини – тарихни ўрганишга умрим бахшида бўлди. Абу Райҳон Беруний бундан минг йил олдин, техника ривожланмаган бир замонда қандай қилиб, шунча соҳани эгаллади экан, деб ўйлайман.   

– Бугунги кун берунийшунослигини қандай баҳолаган бўлардингиз? 

– Мақтанарли даражада дея олмайман. Абу Райҳон Берунийни ўрганиш учун, асарларининг мағзини чақиш учун юзлаб олимлар керак бўлади. Масалан, биргина «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарини қанча ўқиган бўлсам, шунча янги ғоя ва маъно топганман. Алломанинг бошқа асарлари ҳақида ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин. 

– Айтингчи, сизнингча келгусидаги берунийшунослик қандай бўлиши керак, Беруний ижодининг қайси қирралари тадқиқталаб деб ҳисоблайсиз? 

– Абу Райҳон Берунийнинг бизга номлари маълум, лекин ўзи топилмаган асарларини излашимиз, имкон борича топишга ҳаракат қилишимиз керак. Ҳозиргача етиб келган, қўлимизда мавжуд асарларининг ҳар бири бўйича ўнлаб, керак бўлса юзлаб фундаментал тадқиқот ишлари олиб боришимиз лозим. Умуман олганда, Беруний ҳаёти ва илмий ижоди борасида қилинган ишлардан кўра қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Берунийшуносликни ривожлантириш юртимиздаги барча илм аҳлининг, хусусан, берунийшуносларнинг олдидаги долзарб масала бўлмоғи лозим.  

– Муҳаммад Хоразмий математикада, Ибн Сино тиббиётда, Мирзо Улуғбек фалаккиётда пешқадам олим сифатида машҳур. Ваҳоланки, уларга қомусий олим таърифи бекорга берилмаган. Шулардан келиб чиққан ҳолда Абу Райҳон Берунийни қайси фаннинг отаси дейишимиз мумкин? Яна ҳам аниқроғи, сизнингча, Беруний бобо ўзининг бор имкониятларини қайси фанда кўрсата олган?

– Беруний қомусий олим. Мантиқ илмининг султони, барча фанларнинг отаси дейиш мумкин. У кишида мантиқий тафаккурнинг ўта юқорилиги, фикрлашининг чексизлиги, Ер шакли ва материклар ҳақидаги, турли миллатларнинг календарлари, турли динлар, ой ва қуёшдаги, ердаги турли ўзгаришларни аниқлаб ёзганлари ҳақида ўйласак, ниҳоятда кучли ирода, ақл-ўй соҳиби бўлганлигига иқрор бўламиз. У киши математик, геолог, тарихчи, ким­ёгар, геометрик, файласуф… Ҳатто тиббиёт билан ҳам шуғулланган. 

– Беруний бобо ҳақида ўз давридан тортиб то бугунги кунга қадар илм-фанда, жамиятда ва сиёсатда ном қолдирган кўплаб шахслар ҳар хил фикрлар билдиришган. Сиз Абу Райҳон Беруний даҳосини қандай таърифлаган бўлардингиз? 

– Бир оғиз сўз билан ифодалар эдим: Абу Райҳон Беруний барча замонларнинг буюк даҳоси!

– Бобомиз кашф этган кўпгина илмий янгиликлар вақт ўтиши билан жаҳон илм-фанида бошқа олимлар номи билан тилга олинадиган бўлган. Кўплаб олимлар кашфиётларининг илк башоратчиси ва муаллифларидан бири – бизнинг бобомиз Абу Райҳон Беруний эканлигини ҳазратнинг ворислари сифатида жаҳон афкор оммасига қандай исботлашимиз мумкин?  

– Шунинг учун айтаман-да, юзлаб берунийшунослар керак, деб. Абу Райҳон Берунийнинг китобларини турли тилларга таржима қилиб, дунёнинг барча бурчакларидаги кутубхоналарга, интернет тармоқларига жойлаш лозим. Халқаро миқёсда ўтказиладиган илмий анжуманларда, катта минбарлардан туриб, Абу Райҳон Беруний ҳақида маъруза қилиб, «мазкур соҳадаги янгилик» фақат ҳазрат Берунийга тегишли эканлигини айтиш керак бўлади. Юртимиз олимларининг ҳар бири ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда Беруний бобо ўрганган соҳалар бўйича «манзилли» фаолият юритиши керак ва дунёга Абу Райҳон Берунийни қайта ва қайта тан олдириш керак бўлади. 

– Беруний бобонинг сиймосини яратиш бўйича шоир, ёзувчи, рассом, ҳайкалтарош, режиссёр каби ижод соҳаси вакилларининг ишлари ҳақида нималар дея оласиз ва шу ўринда қайси ижодкорларнинг номларини алоҳида тилга олган бўлар эдингиз? 

– Бу борада Одил Ёқубовнинг «Кўҳна дунё» романини, Омон Матжоннинг «Беруний» драматик достонини, шунингдек, берунийлик шоира, «Тамаддун нури» журнали бош муҳаррири, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист Мунаввара Қурбонбоева қаламига мансуб Берунийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағиш­лаб ёзилган «Дунёларни уйғотган даҳо» достонини алоҳида айтиб ўтиш ўринли, деб ҳисоблайман.

– Абу Райҳон Беруний номини абадийлаштириш, унинг башарият учун қилиб кетган хизматларини муносиб баҳолаш, қомусий алломанинг шахси ва илмий-маърифий меросига доир яна қандай тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайсиз?

– Беруний туманида Абу Райҳон Беруний номидаги музей ташкил этиш, рамзий қабрларининг атрофини ободонлаштириш ва шу жойда катта боғ яратиш, кутубхона қуриш, тегишли инфраструктура киритиш, ҳақиқий зиёрат масканига айлантириш зарур. Халқаро университет ташкил этилса, дунёнинг турли бурчакларидан келиб, шу илм даргоҳида ёшлар таълим олса, шунинг ўзи катта ташвиқот бўлади. 

– Бугунги кун ёшларига Берунийга хос қайси сифатларни намуна қилиб кўрсатиш лозим, деб ҳисоблайсиз? 

– Берунийнинг барча сифатларини намуна қилиш мумкин. Илмга бахшида умрини, ўз илми билан дунёни эгаллагани, энг машҳур подшолар ҳазрат Берунийга муҳтож бўлганлиги, подшоларнинг сиёсий ва халқаро масалаларда маслаҳатчиси бўлганлиги ва ҳоказоларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. 

– Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва ижоди борасида келгусида қандай изланишлар олиб боришни режалаштиргансиз?

– Берунийнинг асарларини қайта-қайта ўқишни, ўрганишни, таҳлил қилишни ёшларга ўргатишни режалаштирганман.

Tegishli xabarlar

МУҲАНДИС – замонавий ишлаб чиқариш жараёнининг локомотиви

admin

39 нафар талаб-қизларнинг бир йиллик тўлов-контракт маблағлари институт томонидан тўлаб берилди

admin

Осиёнинг сиёсий ривожланишида сиёсий партияларнинг ўрни

admin