ADOLAT 24

КЎНГИЛ ОБОД БЎЛСА, ВАТАН ҲАМ ОБОД

Янги Ўзбекистон – янги ҳаёт, Янги ҳаёт – Янги Ўзбекистон сўзлари бугун бир-бирига ғоят ҳамоҳанг жаранглайди. Юртимизда бугун Онг, Тафаккур, Қалб янгиланаётир. Замон, Давр янгиланаётир. Инсон янгиланаётир. Замондошларимизнинг ўзгариши Замон янгиланишларидан ортда қолмаслиги керак. 

Замон суръати ҳақида ўйлаганингда ўтган кун билан бугунни, кечаги ҳаёт билан бугунги ҳаётни таққослагинг келади… Яқин-яқингача Сурхондарё ишлаб чиқариш, саноат, замон билан ҳамнафас тадбиркорлик ривожланмаган чекка ҳуҳуд саналар эди. Инвестия ва инвестор, ишбилармон ва тадбиркор марказдан узилган, қулай инфратизим ривожланмаган чет ўлкага бормаслиги аён. 

Бугун Сурхондарёда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий муҳит мутлақо ўзгарди. Барча соҳаларда ривожланиш кўзга яққол ташланади. Масалан, маҳаллаларнинг инфратузилмасини ривожлантириш, обо­донлаштириш, яъни одамларнинг кўнглини обод этиш ишларига охирги олти йилда 5 триллион 878 миллиард 900 миллион сўм маблағ йўналтирилди. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 133 та маҳаллада қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 1 189 та ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилма объектларида 3 триллион 467 миллиард 400 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. 

Бу борадаги режа ва мақсадлар янада салмоқли. 2023 йилда 11 046 та хонадонга эга бўлган 246 та уй-жой қурилиши мўлжалланган. Уй-жой қурилиши соҳасида охирги олти йилда 49 359 хонадонга эга бўлган 1 713 та уй янгидан қурилган ва таъмирланган. 2017-2022 йилларда тижорат банклари томонидан 24 958 нафар фуқарога 3 385,4 млрд. сўм миқдорида ипотека кредити ажратилган. “Темир дафтар”га киритилган 781 та оилага 11,7 млрд. сўмлик ёрдам кўрсатилган. 357 та ёш оила янги бунёд этилган “Ёшлар уйлари”га кўчиб кирган. 22 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёш уй-жой билан таъминланган. Оғир вазиятга тушиб қолган ёки ногиронлиги мавжуд бўлган 540 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланган. 

Бунёдкорлик ишларининг кўлами айтиб турибди, кейинги олти-етти йилда Сурхондарё маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар учун жозибали вилоятга айланди.

Ободлик кўнгилдан бошланади, дейди доно халқимиз. Ҳаёт қийинчиликларига дуч келиб, жамиятда ёлғизланиб қолган, биз билан бир маҳаллада яшаб келаётган одамлар ён-атрофимизда бор. Ҳозирги пайтда ногиронлар, муҳтож оилалар маҳалла жамоатчилигининг, давлатнинг эътиборидан эъзоз топмоқда. Уларнинг тақдирида ёруғ ўзгаришлар рўй бермоқда. Улар жамият учун керакли эканликларини ҳис этмоқдалар, ҳаётдан рози бўлмоқдалар. 

Президентимиз ҳудудлар иқтисодиёти, муҳим ижтимоий дастурлар ижроси билан танишиш мақсадида шу йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташриф буюрганида ислоҳотлар, ўзгаришлар янгиланишлар – барча-барчаси одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун хизмат қилишини таъкидлаб ўтди. “Бугунги тадбиркор ёшлар – Янги Ўзбекистон маҳсули. Уларнинг билими ҳам, интилиши ҳам янгича”, деди давлат раҳбари. Ёшлар мактаб бағрида таълим-тарбия олади. Жумладан, тадбиркор ёшлар ҳам дастлабки кўникмаларни мактаб дарс­хоналарида ўзлаштиради. Яқинда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Эшқобил Шукур, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, адиб Қўчқор Норқобил ва бошқа бир гуруҳ ижодкорлар Сурхондарё вилоятида бўлиб, бу ерда мактаблар фаолияти билан танишар эканмиз, давлатимиз раҳбари илгари сурган бу юксак ғоя нақадар ҳаётий эканига, сурхондарёликлар “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида эртанги кунни бугундан-да обод этиш йўлида ҳалол меҳнат қилаётганига гувоҳ бўлдик. 

Вилоятнинг изчил ривожланиб бораётгани ҳақида гапирганда, таълим соҳасига алоҳида тўхталиш лозим, деб ўйлаймиз. Бироз узоқроққа назар ташланса, ҳатто 2017 йилгача вилоятда 44 та лой-пахса мактаблар мавжуд бўлган. Таълим сифати паст бўлган мактаблар 144 тани ташкил этган. Кейинги олти йилда бу борадаги вазият тубдан ўзгарди. Ўтган даврда 17 та янги мактаб, 274 та қўшимча ўқув бинолари қурилди. Умумтаълим мактаблари битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи ўтган даврдаги 12 фоиздан 30,1 фоизга ошган.   

Ўзбек жадидчилик ҳаракатининг етук намояндаси, маърифатпарвар олим ва педагог, атоқли адиб, жамоат ва давлат арбоби Мунавварқори Абдурашидхонов “…Мактаб болаларнинг иккинчи бешикларидур”, деб ёзган эди. Дарҳақиқат, ёшлар келажагининг тамал тоши мактабда қўйилади.  

Термиз туманидаги 34-мактабдамиз. 1-синф ўқувчиларининг ёзув дафтарини варақларканмиз, болакайларнинг чиройли ҳуснихати кўзни қувонтиради. Ҳарфлар чизиқдан чиқмасдан бир текис ёзилган. Мактаб директори Раъно Маҳкамованинг таъкидлашича, болага дастлаб ручкани тўғри ушлашни ўргатиш керак. Шундагина у тўғри, чиройли ёзади. 

– Бола биринчи синфда ўрганган ёзувини умрининг охиригача сақлаб қолади, – дейди бошланғич синф ўқитувчиси Ҳулкар Панжиева. – Маълумки, ёзувда инсоннинг феъл-атвори акс этади.  

Жаҳонга машҳур олим Альберт Эйнш­тейн “Болангиз ақлли бўлишини истайсизми, унга эртак айтиб беринг. Болангиз янаям ақлли бўлишини истайсизми, унга эртак айтиб беринг. Болангиз энг ақлли бўлишини истайсизми, унга эртак айтиб беринг”, деб таъкидлаган эди. Адабиёт ўзига дўст тутинганларни яхшиликка, эзгуликка етакловчи ёруғ эртакдир… 1-синф ўқувчилари эртак ва шеърлар айтишда бир-биридан ўзмоқчи бўлишади. 

Мазкур мактабда “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди. Бу шунчаки учрашув, тадбир эмас, ўқувчилар учун ўзига хос сабоқ бўлди. Катта авлод ўз ҳаётининг аччиқ ва тотли дамларидан ҳикоя қилиб берди. Қизиқарли ҳикоялар, ҳаётий хулосалар, турли воқеа-ҳодисаларга бой ўтмишга чуқур назар ташлаш ёшларда қизиқиш ҳамда бугунги кунлардан шукроналик ҳиссини уйғотади. Ўқувчилар Ватан ҳақида ёзилган шеърий машқларини ўқишди. Ўқувчилар томонидан тайёрланган ва мактаб саҳнасида намойиш этилган она тилимизни авайлаб-асраш ва ривожлантиришга қаратилган саҳна кўриниши барчада қизиқиш уйғотди.  

Муҳиддин Қурбонов – собиқ ички ишлар ходими, “Жасорат” медали соҳиби, шоир. У тўлиб-тошиб Ватан ҳақида, ёшлар тарбияси ҳақида шеърлар ўқиди. У “Жасорат” медалини давлат чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтмоқчи бўлган жиноятчини ушлашда кўрсатган жасорати учун олган.  

Рус тили ўқитувчиси Бибиробия Зиёева ижодкор ўқитувчи, шеърлар ёзади. Унинг: “Ватан, тупроғингда бир изим қолсин…” сатрлари мушоираларда ҳозир бўлганларнинг қалбида ўчмас из қолдиради. Шеъриятнинг, шеърнинг кучи ҳам балки шундадир. 

Вилоят мактабларида бораётган ўзгаришлар, янгиланишлар, ислоҳотлар билан бир қур танишиб, Янги Ўзбекис­тон мактаб остонасидан бошланади, деган ғоя ҳаётда ўз исботини топаётганига гувоҳ бўламиз.

Шеробод туманидаги 38-мактаб фаоллар залида бир гуруҳ ижодкорлар билан бўлиб ўтган учрашувда ўз фикр-мулоҳазалари билан фаол қатнашган ўқувчилар, жумладан, Асадбек ва Севинчга Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашр этилган атоқли адибларнинг китоблари совға қилинди. Илк шеърий тўплами чоп қилинган Севинч Эшқобилова ўз шеърларидан ўқиб берди. 

– Китоб ёзган одамдан ёмонлик чиқмайди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими масъул котиби, таниқли шоир Менгнор Олломурод. 

Ўқиш ва ижоддаги муваффақиятлари учун ёш ҳаваскор шоир Умарали Холдоровга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фахрий ёрлиғи топширилди. 

Сурхондарё тарихда дунёга кўплаб улуғ алломалар, мутафаккирлар, адибларни етказиб берган қутлуғ замин. Дунё­вий ва диний илмлар, маданият, санъат, адабиёт соҳаларида Ҳаким Термизий, Абу Жаъфар Муҳаммад Термизий, Имом Абу Исо Термизий, Абу Бакр Варроқ Термизий каби юздан ортиқ термизийлар етишиб чиққан ва илм-фан тараққиётига, инсоният маънавияти юксалишига катта ҳисса қўшганлар. IX асрда ҳадисларни тўп­лаб, “Сунани Термизий” ҳадис китобини яратган Имом Термизий номи ҳамиша алоҳида тилга олинади. Президентимиз Сурхондарё вилоятига, хусусан, Ҳаким Термизий мақбарасига ташрифи чоғида термизий алломалар илмий меросини чуқур ўрганиш, улардан кенг халқ оммасини хабардор қилиш, айниқса, ёшларни тарбия­лашда ундан тўғри ва ўринли фойдаланиш орқали жамиятда соғлом маънавий муҳитни янада мустаҳкамлаш бўйича муҳим кўрсатмалар берди.  

Шўрчи туманидаги 36-ихтисос­лаш­тирилган мактабда бўлиб ўтган учрашув чоғида нуроний отахон ёшларга ҳаёт сабоқлари ва хулосаларидан сўзлаб берар экан, Ватанимиз мустақил бўлишидан аввал Имом Термизий мақбарасида ҳарбийларнинг итлари сақланганини, Ғиждувондаги Хўжаи Жаҳон мақбараси эшаксарой бўлганини, 1990 йилда жаҳон миқёсида Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийнинг 1200 йиллиги нишонланганини, ушбу анжуманга чет элдан келган уламолар қабрни қучоқлаб йиғлашганини, шундай пайтда бизникилар ҳайрон турганини эсга олди. Ҳа, биз у йилларда шу даражада ўз тарихи ва қадриятларидан узилган эдик. Босқинчиларнинг миллатни таслим қилмоқчи бўлсанг, уни тарихидан, қадриятларидан мосуво этгин, шунда ўзи йўқ бўлиб кетади, деган қоидаси бўлган ва улар истибдод даврида шунга амал қилганлар. 

Шеробод туманидаги корейс тилини ўқитиш марказидамиз. Марказ раҳбари Темур Йўлдошев қишлоқ фарзандларига тил ўргатади. Тил ёшлар учун дунёга чиқиш, дунёни билиш, кенг билим олиш йўлларини очади. Марказ фаолият бош­лаганидан буён икки юз нафардан ортиқ маҳаллий ёшлар Кореяга борган. Тил ўрганаётган ёшлар “Биз, барибир жонажон Ватанимизга қайтиб келамиз. Чунки ота-боболаримиз, оналаримизнинг қаб­ри шу ерда” дейишади. Ёшларда тил ўрганишга бўлган иштиёқ, янги дунёларни кашф этишга бўлган интилиш жуда кучли. Уларни кузатаркансиз, беихтиёр “тил билган дунёни билади”, деган ҳикмат хаёлингиздан кечади. Эзгу саъй-ҳаракат ёшлар тақдирида ўз мевасини беради. Файласуф шоир Гёте айтганидек, “Умид билан суқилган таёқ бир кун келиб берар мева-ю япроқ”.

Шерободлик ижодкор Тоҳир Маматқуловнинг адабий тўгарагини туман ва шаҳарда кўпчилик яхши билади. Бугун катта адабиётга тетапоя бўлиб кириб келаётган воҳалик ёш ижодкорларнинг аксарияти шу ерда илк бор ижод сирларига ошно тутинган. Ушбу тўгарак ўз фаолияти билан ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда.  

Ангор туманидаги Юқори Таллимарон маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 14-мактаб кутубхоначиси Жума Мисиров:

– Биз ҳар йили даврий нашрларга, жумладан, “Gulxan”, “G‘uncha” журналлари, “Adolat” газетасига обуна бўламиз. Фақат ўқитувчилар эмас, ўқувчиларни ҳам газета-журналларни ўқишга ўргатамиз. Ҳа, ёшларни газета ўқишга ўргатиш керак, улар ўз-ўзидан газета ўқийдиган бўлиб қолмайди. Газеталарда жамият, адабиёт нима билан нафас олаётгани акс этади, – дейди.  

Мактаб директори Зафар Жумаев, ўқитувчилар Шуҳрат Чоршанбиев, Моҳинур Оралова, Наргиза Кўчкинова мактабда, маҳаллада китоб акциялари ўтказилгани, шу туфайли мактаб кутубхонаси ўқувчиларнинг ота-оналари туҳфа этган китоблар билан бойиб бораётгани ҳақида тўлқинланиб гапиради. 

Янгиланаётган Ўзбекистонда ватандошларимизнинг ҳаётга, ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бўлган муносабати том маънода ўзгарган. Одамларимизда эртани бугундан яхшироқ қилишга бўлган иштиёқ, яратувчанлик кайфияти, ишбилармонлик руҳи, бахт-саодатли яшашга бўлган саъй-ҳаркат кучайган. Сурхондарё вилоятига сафаримиз давомида барча соҳалар каби таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишларни кўриб, кузатиб, чиндан ҳам тараққиёт, ривожланиш таълимдан, Янги Ўзбекистонимиз, янги ҳаётимизнинг аввали мактабдан, таълим-тарбия ўчоғидан бошланишига бўлган ишончимиз янада мустаҳкамланди.

Салим АШУР,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист 

Tegishli xabarlar

Коронавирус янги штамми қанчалик хавфли?

admin

2024/2025 ЎҚУВ ЙИЛИ УЧУН ДАВЛАТ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИНГ ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ ПАРАМЕТРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Фуқаролар эртага эмас, бугун яхши яшаши керак 

admin