ADOLAT 24

Фуқаролар эртага эмас, бугун яхши яшаши керак 

“Адолат” СДП Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан тузилган ишчи гуруҳ Жарқўрғон туманида бўлиб, тумандаги маҳаллаларда ўрганишлар олиб борди. Хусусан, тумандаги “Порлоқ юлдуз” МФЙдаги муаммолар билан танишдилар.

Маҳаллада аҳоли сони 2932 нафарни ташкил этади. Шундан меҳнатга лаёқатлилар 1129 нафар, доимий ва мавсумий банд бўлганлар 1069 нафар, ишсизлар эса 74 нафар. Жорий йилда маҳаллада тўртта ЯТТ ва битта МЧЖ ташкил этилган. Маҳаллада ер ва мулк солиғи 335 миллион сўм ҳисобланган бўлиб, текшириш­лар давомида шундан 35 фоизи бажарилгани маълум бўлди. Ишсизликни қисқартириш бўйи­ча маҳаллада ҳоким ёрдамчиси томонидан 28 та янги иш ўринлари яратилган, жорий йил октябрь ойида 15 иш ўрнига мўлжалланган тикувчилик цехини очиш режалаштирилган. 

Ишчи гуруҳ томонидан маҳалла ҳудудидаги 3-сонли умумтаълим мактаби ҳам ўрганилди. Мактаб 600 ўринга мўлжалланган бўлиб, спорт зали таъмирталаб ҳолатга келиб қолганлиги, зални капитал таъмирлаш 2019 йил дастурига киритилганлиги ва бунинг учун давлат томонидан 600 миллион сўм маблағ ажратилганлиги, аммо ҳалигача таъмирлаш ишлари бош­ланмаганлиги маълум бўлди. Шунинг­дек, мактабда фаоллар зали, ошхона ҳам мавжуд эмаслиги, синфхоналар етишмаслиги сабабли ўқув даргоҳининг қўшимча бинога эҳтиёжи борлиги аниқланди. Маҳалла ҳудудида давлат томонидан 150 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилотини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозиргача маҳаллада 7 та оилавий боғча фаолият олиб боради. 

Ишчи гуруҳ томонидан тумандаги “Мингчинор” МФЙ ўрганилганида маҳаллада ишсизлар сони 62 нафарни ташкил этиши маълум бўлди. Маҳаллада жорий йилда ер-мулк солиғи 477 миллион сўмни ташкил этиб, шундан 37 фоизи бажарилган. 

Маҳалла ҳудудида жойлашган 52-сонли умумтаълим мактабида болалар спорт майдони, спорт зали, фаоллар зали, ошхона мавжуд эмаслиги, тоза ичимлик суви йўқлиги аниқланди. 

– Ишчи гуруҳнинг вазифаси камчиликларни ахтариш эмас, балки ҳудудлардаги муаммоларни бартараф қилишдир, – дейди партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Исроил Қурбонов. – Чунки дастурлар ижросини таъминлашда кўзбўямачилик­лар бўлиши керак эмас. Ажратилган маблағлар ўз жойига етиб бориши шарт. Шаҳар ва туманларимизда ана шундай ўрганишлар мунтазам ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилади. Қисқача айтганда, аҳолининг турмуш шароити яхшиланиб, фаровон ҳаёт кечиришлари учун неки лозим бўлса, барчаси таъминланади. Зеро, аҳоли эртага эмас, бугун яхши яшашга ҳақли. 

Ишчи гуруҳ ўрганишлари давом этмоқда.

Фахриддин Орифхонов,

Сурхондарё вилоят кенгаши раисининг 

мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари

Tegishli xabarlar

Ҳақиқатни аниқлашда гувоҳ кўрсатмаларининг аҳамияти

admin

“Менга омад ёрдир, мен билан иқбол…”

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ТУРКИЙ ДАВЛАТЛАР ТАШКИЛОТИНИНГ НАВБАТДАН ТАШҚАРИ САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin