ADOLAT 24

Депутатлик гуруҳларида: Муаммоларга ечим топилмоқда

Кейинги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ўсиб бораётгани эътиборли. Бу уларнинг амалдаги қонунлардан келиб чиққан ҳолда ўз ҳуқуқларидан самарали фойдаланишларига олиб келмоқда. Тан олиб айтиш керак, авваллари сайловчилар маҳаллий кенгаш депутатларига қандай мурожаат қилиш, ўзларини қийнаётган муаммоларнинг ечимини топишда улар билан ишлашга эътибор қилмасди. Натижада айрим халқ вакиллари сессияларда қатнашишдан нарига ўтмагани бор гап.

Бугун ҳаммаси ўзгарди. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари асосида барча бўғиндаги раҳбарлар қатори депутатлар ҳам жамоатчилик орасига кириб бормоқда. Фуқаролар мавжуд муаммоларни ҳал этишда биринчи навбатда ўз вакилларига суянмоқда.

Халқ депутатлари Избоскан туман кенгашидаги “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар фаолиятидаги жонланиш бунга мисол бўлади. 5 нафар “адолатчи” депутат доим ўз сайлов ҳудудида, жамоатчилик билан бирга. МФЙларда ўтказиладиган фаоллар йиғинида ойда бир маротаба иштирок этиб, маҳалла ҳаётини ўрганиб борадилар. 

Сўзимизнинг тасдиғи сифатида амалдаги йилда қилинган ишларга эътибор қаратайлик. 30-“Намуна” сайлов округидан сайланган депутат Дилфуза Аҳмедова қачон қараманг фуқаролар орасида. Айниқса, хотин-қизлар билан ишлашда фаол. Шундан бўлса керак, мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Депутат ҳар бир мурожаатга эътибор билан қараб, ечимини топмагунча тинчимайди.

“Ойбек” МФЙда яшовчиларни йўлнинг таъмирталаблиги кўпдан буён қийнаётганди. Масъул идораларга қилинган мурожаатлар фойда бермагач, улар бу масала юзасидан ўз вакилига юзландилар. 

Ана шу мурожаат ишни ижобий томонга бурди. 6 километр масофадаги носоз йўл таъмирланиб, асфальтланди. Фуқаролар бундан хурсанд.

“Тошкўча” кўчасининг Пойтуғ-Ҳақ­қул­­обод йўналишидаги чорраҳа пиёдалар учун анчайин хавфли эди. Айниқса, болалар ва катта ёшдагилар йўлдан ўтишда қийналарди. Аҳолининг айни шу масалада қилган мурожаати Д.Аҳмедовани ташвишга солди. Ўрганиш натижасида чорраҳага светофор ўрнатилди.

Депутатга қилинган мурожаатлар қайд этилган дафтарга кўз ташлаймиз: “Улуғбек” МФЙда 700 метр масофага тоза ичимлик суви тармоғи тортиш, “Ойбек” МФЙда истиқомат қилувчи 14 нафар вақтинча ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, 20 нафар хотин-қизларни тадбиркорликка йўналтириш, ажрим ёқасида турган 4 та оилани яраштириш ва шу каби 40 дан ортиқ муаммолар. Эътиборли томони шундаки, уларнинг ҳаммаси ижобий ҳал этилган.  

Аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ҳудудларни ободонлаштириш ва инфратузилмасини яхшилашда 24-“Миллий кадрият” сайлов округидан сайланган депутат Адиба Исматова самарали иш олиб бормоқда. Тумандаги Беглар тўпи ва Маржон кўчаларида унинг аралашуви билан 3,2 км. йўлга шағал ва щебень қопламаси ётқизилди. Атласчи ва Тўрамаҳалла кўчаларида 5,6 км. масофага сув тармоғи тортилиши билан 253 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди. Атласчи кўчасига битта янги ТП ҳамда 32 та бетон устун ўрнатилишида ҳам депутат фаоллик кўрсатди.  

– Фуқаролар қачон муаммо билан келишини кутиб турмаймиз, – дейди А.Исматова. – Жойларда амалдаги қонунчилигимиз ва ўзгаришлар юзасидан тарғибот ишларини олиб бориш баробарида муаммоларни ўзимиз ҳам аниқлаймиз. Бу борада МФЙлар билан ҳамкорлик ижобий самара беряпти. Аслида халқ вакилининг вазифаси ҳам шундан иборат. 

Албатта, фуқароларнинг шахсий муаммолари ҳам партиядошларимиз эътиборидан четда қолмаяпти. 18-“Янгизамон” сайлов округидан сайланган депутат Муҳаммаджон Жумабоев фаолиятида бу кенг ўрин эгаллайди. Мисол учун, Саноатчи кўчасида яшовчи болаликдан ногирон Бобур Ҳайдаралиев тенгдошлари каби ўз компьютери бўлишини орзу қиларди. Депутат аралашуви билан ҳомийлар ёрдамида унинг бу орзуси ушалди. Энди у компьютер жамламаси билан билимларини оширмоқда.

Байналминал кўчасида яшовчи имконияти чекланган Хуршидбек Умаровга саломатлигини тиклаши учун жарроҳлик амалиёти зарур. Бироқ маблағ масаласи муаммо. Бундан хабар топган депутат беморнинг хонадонига кириб борди. Яхши инсонларнинг кўмаги билан маб­лағ ҳам топилди. Ўксик дил қувончга тўлди.

Юқоридагилар избосканлик депутатлар фаолиятининг бир қисми, холос. Бугун улар кирмаган соҳа, ҳал этилмаётган муаммо қолмаяпти ҳисоб. Асосийси, сайловчиларнинг ишончи оқланмоқда.

Акбаржон Назаров,

Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Журналистнинг рафиқаси бўлиш ҳам жасорат

admin

Ҳокимларнинг маҳаллий Кенгаш олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлиги кучайтирилади

admin

МАШИНА БОЗОРИДАГИ МУШТУМЗЎРЛАР

admin