ADOLAT 24

Бу йил қишда электр таъминотида узилишлар кузатиладими?

Иқлим ўзгаришлари сабабли юртимизда ёзда жазирама иссиқ, қишда эса қаттиқ совуқ кузатилмоқда. Қиш ойларида кунларнинг кескин даражада совуб кетиши туфайли иситиш учун энергетика тизимига юкламалар анча ортади. Бу ҳолатларни ўтган йилги қиш мавсумида кўрдик. Масалан, ортиқча босим оқибатида соҳа инфратузилмасига жиддий путур етиб, трансформаторлар ва ўтказиш линиялари ёниб кетди, подстанциялар ишдан чиқди. Бундай қийин ва қалтис вазиятдан чиқиб кетиш, таъминотни тиклаш, муаммоларни бартараф қилиш учун соҳа ходимлари куну тун меҳнат қилдилар. Қисқа вақт ичида эса катта ҳажмдаги ишлар бажарилди.

Хусусан, 2023 йилнинг биринчи ярмида рес­публика миқёсида 748 та трансформатор алмаштирилиб, 7548 таси таъмирдан чиқарилди. 2 минг 940 километр ўтказиш линиялари янгиланган ҳолда, 22 минг 112 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди. 1257 та подстанция юқори технологик усулда қайта жиҳозланди.

Албатта, соҳада амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик. Лекин “Бу йил қишда навбатдаги энергетик инқироз кутиладими?” деган савол бизни ўйлантиради. Бу саволга олдиндан бир нима дейиш қийин. Чунки жараён бир нечта объектив ҳамда субъектив ҳолатлар билан боғлиқ. Аммо ўтган йилдагидек қиш бўлса ҳам, бугун кўрилаётган самарали чоралар натижасида ўша пайтлардаги каби чуқур энергетик инқирозга дуч келмаймиз.

Тўғри, юртимизда электр энергияси истеъмоли барқарор ўсиб бормоқда. Хусусан, сўнгги 5 йилда аҳолининг электр истеъмоли ҳажми 150 фоиз – 11 миллиард киловатт-соатдан 16 миллиард киловатт-соатга, иқтисодиёт тармоқларининг истеъмоли эса жами 12 фоиз – 38 миллиард киловатт-соатдан 43 миллиард киловатт-соатга ўсди.

Бугунги кунда республикада электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати соатига 18,1 гигаватт (18 миллион 100 минг киловатт) бўлгани ҳолда, амалда унинг 16,2 гигаваттидан (соатига 16 миллион 200 минг киловатт) фойдаланилмоқда, холос. Бунда иссиқлик электр станцияларининг мавжуд қуввати соатига 15,6 гигаваттни, электр энергияси ишлаб чиқариш учун фойдаланилаётгани эса соатига 13,8 гигаваттни ташкил этади.

Ушбу ҳолат анча эскириб қолган инфратузилмага ҳам юкламани кучайтирмоқда. Охирги қишдаги аномал совуқлар вақтида бу яққол юзага чиқди. Электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши оқибатида вужудга келган каттагина юклама 3 мингдан зиёд трансформаторларнинг ишдан чиқиши ҳамда кўп­лаб подстанциялардаги жиддий муаммоларга сабаб бўлди.

Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун эса катта маблағ зарур бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, электр тармоқларини янгилаш учун яқин 5 йилда 3,7 миллиард АҚШ доллари керак бўлади. Нархларни шакллантириш жараёнига бозор механизмларини олиб кириш, тизимда эркин бозор қонуниятлари ишлашини йўлга қўйиш энергетика инфратузилмасини модернизация қилишга имкон беради. Натижада аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун шарт-шароит яратилади.

Умуман, сўнгги йилларда дунё бўйича кузатилаётган экологик муаммолар ва иқлим ўзгаришлари кўп давлатлар қатори Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатаётгани сир эмас. Бунинг оқибатида қиш қаттиқ совуқ, ёз эса ўта иссиқ бўлиб, қишда иситиш мавсумида ҳамда ёзги иссиқ кунларда совитиш учун энергетика тизимига юкламалар кес­кин ортяпти. Шу боис, келаётган йилда ҳам қиш қаттиқ бўлса, энергетик инқироз кузатилмаслиги учун зарур чораларни ҳозирданоқ кўриш лозим.

Бу эса катта маблағни талаб этади. Боиси, ўтган йили қишда юкламаларга бардош беролмаган тизимлар янгиланиши, модернизация қилиниши керак. Давлат бу борада амалга ошираётган ишларга қўшимча молиявий дастакларни ишга тушириши учун энергетика соҳаси тўлиқ субсидияланиши ўрнига босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтиши зарур. Бу саъй-ҳаракатлар кўп сонли истеъмолчилар – аҳолида энергия манбасидан меъёрий даражада фойдаланиш малакаси шаклланишига хизмат қилади. 

Tegishli xabarlar

Устозга муносабат шуми?

admin

ОБОД ЮРТДА файзу барака бўлади

admin

Ўзимиздан бошлайлик

admin